Меню
Қашқадарё
“МАЙЛИ-КУ-Я...”
– Қўлдан берганга қуш тўймайди, ука, – деди раис. – Яхшиси юзта товуқ олишингга кўмаклашаман. Кунига 40-50 тадан тухум туғсаям рўзғорингга барака киради, сотиб пул топасан. Товуқ - етти хазинанинг бири, ахир.
– Майли-ку-я, – деди у чайналиб. – Лекин ҳовлимда товуқ катагим йўқ-да...
– Унисигаям кўндим, – оқсоқол ён босди. – Икки йигитга айтаман, товуқ катак қуришингга ёрдамлашади. Бўладими?
– Майли-ку-я, – у яна чайналди. – Бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон, деганларидай, юзта товуқни қандай боқаман?
– Бу ёғини ўйлама, – раиснинг энсаси қотсаям сездирмади. – Тўрт-беш кунга етадиган ем топиб бераман.
– Майли-ку-я, – баттар чайналди у. – Аммо тўрт-беш кундан кейин нима қиламан? Товуқ боқишнинг ўзи бўладими?
Раиснинг жаҳли чиқди:
– Унда кетавер. Товуқларни катаги бор, дон-дун топадиган бошқа оилага берамиз. Бўладими?
– Майли-ку-я... Моддий ёрдам-чи?.. Моддий ёрдам нима бўлади?..
– Моддий ёрдам сенга тўғри келмайди!.. Сур ғалтагингни...
У ўша куннинг ўзида раиснинг устидан шикоят ёзди...
МАЪНАВИЯТ “ТАЪТИЛ”И
Маънавиятчига савол беришди:
– Кейинги пайтларда маънавият ҳақида кўп гапирилаяпти. Сиз бу борада нималар қилаяпсиз? Аввал айтинг-чи, маънавиятнинг ўзи нима?
У бирпас каловланиб турди-да, кейин жавоб қайтарди:
– Узр, мен таътилда эдим, куни кеча ишга чиқдим...
ДАВРА
У даврага кириб олиш учун даврабошининг атрофида парвонадай айланди.
Кўнглига йўл топиш учун қилмаган илму амали қолмади. Алал-оқибат суқила-суқила пинжига кириб олди ва аввал энг яқин одамига, кейин қўйнидаги илонга айланди.
ҲАҚИҚАТ
Ҳақиқат қуёшга ўхшаб кўзни қамаштиради.
Уни яққол кўриб бўлмасаям исиниб, баҳра олиш мумкин. Қуёшдай гоҳ булут ортида бекиниб, гоҳ тун зулматига сингиб кетади. Эгилсаям синмайди.
Қуёш барибир чиқавергани каби...
ЖУВОН
Ойлаб қовоғидан қор ёғиб, афтини буриштириб, аламини бегуноҳ болаларидан олиб, бирига жавраб, бирини койиб, қайнонасига зарда қилиб, саволларига жавобан “ҳа” ёки “йўқ”дан нарига ўтмай, ўзиниям, бошқаларниям сил қилиб ташлаган жувоннинг юзига кутилмаганда табассум югурди, ошхонада қўшиқ хиргойи қилаётганини эшитишди.
Четга ишлашга кетган эри қайтаётган экан...
УСЛУБ
У аввалига синовдан ўтувчиларнинг сиқиб сувини ичди ва ҳуркитиб юборди.
Қолганларнинг эса чўнтагини чаппа қилиб чиқарди...
Л.ЎРОҚОВА