Меню

Қашқадарё

24.08.2017 2317

“MAGNA CHARTA LIBERTATUM”

Масалан, ҳаммамиз футбол ватани, “миллионлар ўйини” кашф этилган жой Англия давлати эканини тарихдан яхши биламиз. Бу мамлакатнинг ҳуқуқий ривожланиш тарихига ҳуқуқшунослар кўзи билан қарайдиган бўлсак, у ўз даврида инсон ҳуқуқлари бўйича жаҳон давлатлари ҳуқуқий тизимлари учун асос бўлиб хизмат қилган 3 та муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши ташаббускори сифатида ҳам муҳим ўрин тутади. Мисол учун, 1628 йилдаги Ҳуқуқлар петицияси ёки 1679 йилда қабул қилинган Хабеас корпус акт каби бевосита инсон ҳуқуқларига алоқадор муҳим ҳужжатлар айни шу мамлакатда ишлаб чиқилган.

Маълумки, инсон ҳуқуқларига оид янги авлод Конституциялари ва қонунларида ёки халқаро ҳуқуқ нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойили бундан минглаб йиллар аввал қабул қилинган тарихий ҳужжатларда белгиланган. Инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тараққиётининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, тарихда бундай қонун ёки ҳужжатларни кўплаб санаб ўтиш мумкин. Бироқ бутун инсоният ҳуқуқларига дахлдор бўлган, бугун давлатлар қонунларида ўз ифодасини топган тарихий-ҳуқуқий ҳужжатлар саноқлидир.

Хусусан, Хабеас корпус актда қайд этилган инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга оид нормалар давлатлар томонидан ҳанузгача миллий қонунчиликка татбиқ этилмоқда.

Шу маънода, инсониятнинг дахлсиз ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ана шундай тарихий ҳужжатлардан бири бундан 800 йил олдин Англияда қабул қилинган “Magna charta libertatum” – Эркинликнинг буюк хартияси ҳисобланади.

Хўш, ушбу хартиянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик иерархиясида буюк тарихий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилишининг моҳияти ва сабаби нимада? У суд орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлиги тамойилини амалга оширишда қандай ўрин тутган?

Аввало шуни айтиш керакки, “хартия” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “қўлёзма ҳужжат” маъносини англатади. Эркинликнинг буюк хартияси Англиянинг миллий давлатчилик тарихида биринчи конституциявий акт ҳисобланиб, у 1215 йилда қабул қилинган. Ушбу хартия ўз аҳамиятига кўра, бугунги кунда ҳам замонавий инглиз конституцияшунослик ҳуқуқининг бош манбаларидан бири сифатида эътироф этилади.

Хартия муқаддима ва 63 моддани ўз ичига олган бўлиб, унда жамият ва давлат сиёсий-ҳуқуқий ҳаётини ислоҳ қилишнинг қуйидаги устувор йўналишлари ва тамойиллари белгиланган эди:

- инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати;

- черковларнинг ҳуқуқий мақоми;

- ердан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлари;

- ҳуқуқий тизим ва суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш;

- қироллик мансабдор шахсларининг жавобгарлиги;

- маъмурий-ҳудудий бирликларнинг ҳуқуқий мақоми;

- солиқ ва мажбурий тўловларни ундириш тартиби;

- хартия қоидаларига риоя этилиши кафолати.

Бундан ташқари, хартияда белгиланган нормаларни 3 та асосий гуруҳга бўлиб кўрсатиш мумкин. Биринчи гуруҳ – аҳолининг турли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, иккинчи гуруҳ – жамият ва давлат бошқарувини ҳамда учинчи гуруҳ – суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган нормаларни ўз ичига олган.

Барчамиз яхши биламизки, Хабеас корпус акт ҳақида сўз юритганимизда, авваламбор, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар томонидан амалга оширилиши ёки ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб айбдор деб топилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма, яъни айбсизлик презумпцияси принципини тилга оламиз. Лекин эътиборли жиҳати шундаки, айбсизлик презумпцияси принципи ёки судлар томонидан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи билан боғлиқ нормалар илк бор Хабеас корпус актда эмас, балки Эркинликнинг буюк хартиясида кўзда тутилган эди. Жумладан, мазкур ҳужжатнинг 39-моддасида фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи шундай ифодаланган:

“Ҳеч ким суд муҳокамасисиз ва қарорисиз, қонунга асосланмаган ҳолда айбдор деб топилиши, қамоққа олиниши ёки озодликдан маҳрум қилиниши, мулк ҳуқуқи чекланиши, мол-мулки мусодара қилиниши ҳамда мамлакатдан мажбурий тартибда чиқариб юборилиши мумкин эмас”.

Мазкур норма билан фуқароларнинг айбсизлик презумпцияси, мулк ҳуқуқи дахлсизлиги ва бир жойдан иккинчи жойга эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Хартиянинг 19-моддасида низоларни кўриб чиқишда судловга тегишлилик қоидалари белгиланган. Ушбу моддага кўра, мулк ҳуқуқи бузилганлиги билан боғлиқ даъволар низо келиб чиққан жойда кўрилиши ҳамда судьялар суд муҳокамасини белгиланган график асосида жойига бориб сайёр тарзда ўтказиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, хартиянинг 38-моддасидаги нормалар ҳам алоҳида аҳамиятга эга, яъни ушбу моддага мувофиқ ҳеч бир фуқаро гувоҳларнинг кўргазмасисиз ёки бошқа далиллар бўлмаган ҳолатда ўзга шахснинг оғзаки мурожаатига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган.

Энг муҳими, бугунги кунда инсон ҳуқуқларини одил судлов асосида ҳимоя қилишга оид ушбу нормалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактлар каби бир қатор халқаро ва минтақавий ҳужжатларда, давлатларнинг миллий қонунчилигида мустаҳкамланган.

Умуман айтганда, хартия ўз даврида давлат органлари, суд ҳокимияти фаолиятини ташкил этиш, одил судлов йўли билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, шахс, жамият, давлат муносабатларида қонун устуворлигига эришиш ҳамда ҳокимиятлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш тамойиллари ва нормаларини ўзида ифода этган конституциявий ҳужжат эди.

Шу боис ҳам 2009 йилда ЮНЕСКО қарори билан Эркинликнинг буюк хартияси Дунё хотираси китобига киритилди. Инсониятнинг буюк ютуғи сифатида ушбу ҳужжатнинг 800 йиллиги кенг нишонланди.

Шундай қилиб, хартия буюк тарихий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилишининг моҳияти ва сабабини қуйидагича хулосалаш мумкин:

биринчидан, Эркинликнинг буюк хартияси табиий ҳуқуқ назариясида илгари сурилган фуқароларнинг фундаментал шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ва эркинлигини конституциявий даражада умумэътироф этган дастлабки ҳужжатлардан бири ҳисобланади;

иккинчидан, хартияда илк бор айбсизлик презумпцияси принципи мустаҳкамланган;

учинчидан, фуқароларнинг озодлигини чеклаш ёки мулкий ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ва мол-мулкини давлат фойдасига ундириш фақат ва фақат суднинг қарорига кўра амалга оширилиши қатъий белгиланган;

тўртинчидан, хартия ҳеч ким етарли далиллар ва асоссиз жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги ҳақида норма орқали шахс дахлсизлиги ҳуқуқини кафолатлагани билан эътиборга моликдир.

Ҳусан ТУРСУНОВ,

вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!