Меню
Қашқадарё
МАДИНАНИНГ 18-БАҲОРИ
Иқтидорли ёшлар
Китоб туманидаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Мадина Суюнова Президентимиз фармони билан Зулфия номидаги республика давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Бунга у математика фани сирларини пухта ўзлаштириб, қатор ютуқларни қўлга киритгани туфайли эришди.
Дарвоқе, шу йил февралда 17 ёшни қарши олган Мадина Суюнова ҳозирга қадар математика фанидан кўплаб халқаро олимпиадаларда иштирок этди. Жумладан, 2021 йил 27 июль-1 август кунлари Индонезияда ўтказилган 18-Халқаро математика мусобақаси (IMC), 5 ноябрь куни 8-Эрон геометрия олимпиадаси (IGО-2021), шунингдек, 2022 йил 16-17 февраль кунлари Қозоғистонда ўтказилган 18-Халқаро Жаутиков математика олимпиадасида бронза медалларини қўлга киритди. Айтишларича, нуфузли Жаутиков математика олимпиадасида ҳали 9-синф ўқувчисининг бронза медали олганлиги қайд этилмаган. Шунингдек, у 2021 йилда биринчи марта ўтказилган Ал-Хоразмий номидаги математика олимпиадаси республика босқичида 2-ўринни эгаллаганди.
Мадинанинг шундан кейинги ютуқлари ҳам салмоқли бўлди. Масалан, у 2022 йил 13-14 март кунлари ўтказилган 7-Кавказ математика олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлди. 2022-2023 ўқув йилида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган Қоракўл математика олимпидасида 1-ўринга кўтарилган бўлса, 2022 йил 5 ноябрь куни ўтказилган 9-Эрон геометрия олимпиадаси (IGO-2022) ҳамда 2023 йил 3-10 февраль кунлари ўтказилган 19-Халқаро Жаутиков математика олимпиадасида бронза медалларига эга чиқди. Шунингдек, Мадина 2022-2023 ўқув йилида республика фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1-ўрин соҳибаси бўлди.
Жорий йилнинг 2-13 июль кунлари Япониянинг Чиба шаҳрида 64-халқаро математика олимпиадаси (IMO) бўлиб ўтади. Бу олимпиада ўқувчилар ўртасида мазкур фан бўйича ўтказиладиган энг нуфузли интелектуал беллашув бўлиб, ҳар бир мамлакатдан 6 кишидан иборат битта жамоа иштирок этади. Анъанага кўра, IMOда қатнашадиган мамлакат терма жамоасини шакллантириш учун 3 та саралаш босқичи ўтказилади. Айни пайтда Мадина биринчи ва иккинчи босқичлардан муваффақиятли ўтди.
Мадина Суюнова дастлаб тумандаги 45-умумтаълим мактабида таҳсил олган. 2019-2020 ўқув йилида 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига ўқишга қабул қилинган. Отаси Муҳиддин Бобомуродов 46-умумтаълим мактабида ўқитувчи, онаси Умида Неъматова туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлайди.
Мадина қўлга киритган ютуқ унинг устози - 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати математика муаллими, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бахтиёр Абдиевни ҳам беҳад қувонтирди. Негаки шогирдининг қобилиятини юзага чиқариш, интеллектуал салоҳияти, ақл-идроки нималарга қодир эканини дунёга кўз-кўз қилиш, образли айтганда, булоқнинг кўзини очишда унинг хизмати беқиёс. Ўзи ҳам ишлайди, шогирдини, шогирдлариниям ишлатади. Чунки унинг халқаро олимпиадаларда муваффақият қозонган ўнга яқин шогирдлари бор. Бундан бир неча йил аввал математика фани бўйича қатор халқаро олимпиадалар ғолиби бўлган шогирди Юлдуз Неъматова ҳам Зулфия мукофоти соҳибаси бўлган эди.
Шу кунларда Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Мадина Суюнова 64-халқаро математика олимпиадаси (IMO)да қатнашиш учун бўлаётган 3-босқич саралаш мусобақаларида иштирок этмоқда.
Лола ЎРОҚОВА