Меню
Қашқадарё
МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ НЕГА ҚАРОВСИЗ?
Шу боис уларни сақлаш, атрофини ободонлаштириш, тарихий, илмий ёки меъмориал ҳолатини асраган ҳолда келгуси авлодларга ҳам етказиб бериш доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Бу борада қатор қонунлар, давлат аҳамиятига молик ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, маданий мерос объектларини муҳофаза этишнинг ҳуқуқий тизими яратилган.
Бироқ, айрим ҳудудларда қайсидир масъулларнинг етарли даражада эътибор қаратмагани, аҳамият бермаслиги натижасида қаровсиз қолиб кетаётган маданий мерос объектлари ҳам йўқ эмас.
Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ўз сайловолди платформасида белгиланган вазифалар ижросига мувофиқ ўтказилаётган ўрганишларда шундай ҳолатларга дуч келинмоқда.
Жумладан, партиянинг вилоят кенгашида шакллантирилган ишчи гуруҳ томонидан Нишон туманидаги мавжуд маданий ва археологик мерос объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Маълум бўлдики, айни пайтда туманда жами 7 та маданий мерос объекти мавжуд. Улар Гулистон маҳалласи Отқудуқ қишлоғида жойлашган Найман ота мақбараси, Нишон маҳалласи Говур қишлоғида жойлашган, X-XII асрларга тегишли бўлган Работтепа, X-XV асрларга тааллуқли Сандиқлитепа, Гулибодомтепа археологик ёдгорликлари, шунингдек, Янги Нишон шаҳрининг Ўзбекистон кўчасидаги 1984 йилда бунёд этилган Мотамсаро она, 1985 йилда “Талимаржон” сув омборида қурилган “Фарҳод” ҳайкали ҳамда 1980 йилда Янги Нишон шаҳри Пахтакор маҳалласи ҳудудидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари шарафига ўрнатилган монумент ёдгорликларидир.
Мазкур маданий мерос объектларининг деярли барчаси эътибор марказидан четда қолиб кетган.
Мисол учун, Найман ота мақбарасини олайлик. Ушбу мақбара туманнинг Отқудуқ қишлоғи ҳудудидаги баланд тепалик ён бағрида тўртбурчак шаклда пишиқ ғиштдан бунёд этилган бўлиб, 2 хонадан иборат. Баландлиги 4,3 метрни ташкил этади.
Мақбара узоқ тарихга эга. У билан боғлиқ жуда кўплаб ривоятлар, тарихий манбалар мавжуд. Бу ерга ҳар ҳафта кўплаб зиёратчилар келиб туришади. Лекин айни пайтда мақбарада зиёратчилар учун етарли шарт-шароит яратилмаган, атрофи ўраб олинмаган. Шунингдек, Работтепа, Гулибодомтепа ва Сандиқлитепа археологик ёдгорликларининг ҳам атрофи ўралмаган ва уларнинг археологик ёдгорлик эканлигини билдирувчи ҳеч қандай белгилар мавжуд эмас.
“Талимаржон” сув омборининг рамзига айланиши кутилган “Фарҳод” ҳайкали, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ўрнатилган монументал санъат ёдгорлиги ҳам қаровсиз аҳволда. Уларнинг ён-атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган.
Мавжуд еттита моддий-маданий ва археологик мерос объектининг бирортаси давлат кадастр рўйхатига киритилмаган. Биргина “Мотамсаро она” монументал санъат ёдгорлиги туман маданият бўлими балансида, холос, қолганлари эса эгасиз.
Хатлов натижаларига кўра, мазкур маданий мерос объектларининг барчасини Давлат кадастр ягона тизимига киритиш, атрофини ободонлаштириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни тегишли жамоат ташкилотларига бириктириш ва реконструкция қилиш ишларини олиб бориш учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш бўйича масъул ташкилотларга тавсия хатлари киритилиб, ижроси жамоатчилик назоратига олинди.
Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,
ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби