Меню
Қашқадарё
МАҲСУЛОТ ЁКИ ХИЗМАТ СИФАТИ
Демак, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизмат мавжуд талабларга мос бўлиши ва бу қонуний тарзда расмийлаштирилиши керак. Ушбу жараён қоидага кўра сертификатлаштириш деб аталади. Табиийки, зарур сертификатга эга бўлмаган ишлаб чиқарувчига ўз маҳсулотини истеъмол бозорига йўналтиришига асло йўл қўйилмайди. Зеро, доимий харидорларга эга бўлишни қатъий мақсад қилган ишбилармон бу босқичдан албатта ўтиши керак.
Маҳсулотларни сертификатлаштириш - бу ҳар хил товарлар, ишлар, ускуналар ёки хизматларни сифати бўйича синчиклаб текширишни амалга оширишдир. Товар ва хизматлар сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар сифат, хавфсизлик ёки мувофиқлик сертификати ҳисобланади. Сертификатлаштириш ишлаб чиқарувчи, маҳсулот сотувчи ва хизмат кўрсатувчи, худди шунингдек, истеъмолчи учун соғлом ва қонуний шарт-шароит яратиш мақсадида амалга оширилади. Айнан маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш ташқи бозорда ҳам, ички бозорда ҳам харидорлар ишончини қозонишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, маҳсулотларни сертификатлаштириш натижасида уларнинг хавфсизлиги тасдиқланади. Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан, маҳсулотларни сертификатлаштириш мажбурий ва ихтиёрий бўлиши мумкин. Аҳамиятлиси, бугун кўпгина тадбиркорлик субъектлари ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулот ёки кўрсатаётган хизматнинг халқаро даражадаги рақобатбардошлигини таъминлаш, ташқи бозорга чиқиш учун ISO сифат тизими бўйича сертификат олиш ҳаракатида бўлмоқда. Албатта, бу ижобий ҳолатдир.
Айрим маҳсулотлар борки, уларни сертификатлаштириш мажбурий саналади. Чунки унинг хавфсизлиги тасдиқланиши шарт. Бунга озиқ-овқат товарларини мисол қилиб келтириш мумкин. Ихтиёрий сертификатлаштириш эса ишлаб чиқарувчи томонидан сўралган кўрсаткичлар бўйича сифатни тасдиқлашга хизмат қилади. Ихтиёрий сертификатлаштириш тадбиркорда бошқа ишлаб чиқарувчиларга нисбатан рақобат устунлигини яратади.
Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи фақат сертификатлаштирилган маҳсулотлари билангина халқаро кўргазма ва ярмаркаларда қатнаша олади, уларни кенг миқёсда тақдим этиш имконига эга бўлади. Сертификатлаштирилган маҳсулотлар харидорларга кўпгина маҳсулотлар ичидан тўғри танлов имкониятини яратади. Бир сўз билан айтганда, сертифкатлаштириш ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларнинг сифатсиз ёки истеъмолга буткул яроқсиз маҳсулотни ўтказишга бўлган уринишидан истеъмолчини ҳимоя қилади.
Сир эмаски, мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданияти анча юксалган, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳар томонлама таъминланаяпти ва уларнинг манфаатлари кучли ҳимояга олинган. Бугунги кунда аксарият истеъмолчилар ўзи харид қилаётган маҳсулотнинг сифати, унинг хусусияти билан жиддий қизиқаяпти. Зарур ҳолларда уларнинг мувофиқлик сертификатини талаб қилишаётгани эса эътиборга лойиқдир. Бундай ёндашув, табиийки, ишлаб чиқарувчиларни, четдан маҳсулот олиб келаётган тадбиркорларимизни ҳушёр торттиради ва аҳолига сифати юқори маҳсулот етказиб беришга ундайди.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, хусусий секторда соғлом рақобат муҳити сифат жиҳатидан юксалаётгани ишбилармонларимиз ўртасида ўзи ишлаб чиқараётган ва етиштираётган маҳсулотлар сифатини ошириш, харидорларга ҳар томонлама манзур бўладиган ишончли, сифатли ва хавфсиз маҳсулот тақдим этиш истаги кучайишига туртки бўлаяпти. Ваҳоланки, шу тахлит иш тутишни ўз олдига қатъий мақсад қилиб олган тадбиркоргина рақобатга дош бера олади, доимий харидорларга эга бўлади.
Ҳаммамиз ҳам истеъмолчимиз. Бирор товарни харид қилаётганда синчков, эътиборли, талабчан бўлсак, бу фақат бизнинг фойдамизга хизмат қилади. Маҳсулот сифатига шубҳа туғилдими, бундай ҳолатда ишлаб чиқарувчи ёки сотувчидан унинг мувофиқлик сертификатини талаб қилишга ҳаққимиз бор. Шундай йўл тутсак, бозорларимиз сифатсиз ва саломатлик учун зарарли маҳсулот ва хизматлардан холи бўлади.
И.Нусуров, вилоят синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси сертификатлаштириш идораси етакчи мутахассиси