Меню
Қашқадарё
МАҲСУЛОТ ЭКСПОРТИ БОШЛАНДИ
Маълумки, жорий йил бошида тегишли дастур асосида Китоб туманидаги “Китоб ип йигирув” акциядорлик жамиятида йилига 2700 тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга янги цех ишга туширилганди. Эътиборлиси, бугунга келиб корхона жамоаси ушбу субъектда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни экспортга жўнатишни ҳам бошлади.
- Буюк Британиянинг “Edel Trading” компанияси вакиллари билан маҳсулот етказиб бериш бўйича қиймати қарийб 200 минг АҚШ долларилик шартнома имзоладик, - дейди корхона раҳбари Фахриддин Азизов. – Дастлабки партияни жўнатдик. Шу кунларда цехимиздаги дастгоҳлар тўла қувват билан ишлаяпти. Асосий эътиборни сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратиб, уни етказиб бериш узлуксизлигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Келгусида экспорт географиясини кенгайтириш ниятидамиз. Ҳозирги кунда Латвия, Россия, Молдова мамлакатлари ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича иш олиб бораяпмиз.
Таъкидлаш жоиз, “Китоб ип йигирув” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариладиган калава ипнинг 80 фоизини экспортга йўналтириш мақсад қилинган. Яқин йиллар ичида корхонада тўқув цехини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Агар бу лойиҳа ҳам амалга оширилса, шу ерда тайёрланган калава ипдан бир неча турдаги мато ишлаб чиқариш имконияти юзага келади.
М.ЖЎРАЕВ.