Меню
Қашқадарё
МАҚСАДИМИЗ ЭЗГУ ВА ХАЙРЛИ
Мен ҳам бир неча йилдан буён ана шу маслаҳатчилар сафида эканимдан фахрланган ҳолда баҳоли қудрат маҳалла осойишталиги, оилалар тинчлиги, тотувлиги йўлида маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши билан ҳамжиҳатликда, бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро ҳамфикрлик асосида иш олиб бораяпман. Бизнинг маҳалламиз Китоб тумани марказида жойлашган. Маҳалламиз номи - Мустақиллик. Жамоамиз шу номга ярашиқли ишлар қилишга астойдил ҳаракат қилаяпти, десам хато бўлмайди. Маҳалла оқсоқоли Жамил Ғаффоров кўп йиллик тажрибаси, билими асосида маҳалла фаоллари, маслаҳатчилар, доимий комиссия раислари, кенгаш аъзолари билан бамаслаҳат ишлаб келмоқда.
Маҳалламизда, аввало, озодалик, саранжом-саришталикка эътибор қаратилаяпти. Жорий йилда 8 та кўчада ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Асосий кўчалардан бирида 1,2 километрлик йўл ҳомийлар ҳисобидан асфальтлаштирилди. Баҳорда маҳалла ҳудудида икки ярим мингга яқин турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздик.
Маҳалламизда ёшлар билан тизимли равишда маънавий-маърифий ва соғломлаштириш тадбирларини олиб бораяпмиз. Улар “Маҳаллам – менинг тақдирим” кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб бўлишгани тарғибот тадбирларимиз бесамар кетмаётганини кўрсатаётган омиллардан бири бўлди, десам хато эмас. Спорт билан мунтазам шуғулланадиган ёшлар сони кўпайиб бораётгани эса ҳаммамизни қувонтирмоқда. Чунки бу тарғибот-ташвиқот тадбирларининг, маънавий тарбия ишларининг хонадонларда ўз аксини топиб, самара бераётганидан даракдир.
Бундай хайрли ҳамда эзгу ишларимиз давом этаверади.
Гулнора ДЎСТОВА, Китоб туманидаги Мустақиллик МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси