Меню
Қашқадарё
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари: МАҚСАД – ИШСИЗЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ, ОИЛАЛАР УЧУН ДАРОМАД МАНБАИ ЯРАТИШ
Шу ўринда кўпчиликда “Жамоат ишлари нима ўзи, унгақанча ҳақ тўланади, ишсиз киши жамоат ишларида қанчагача ишлаши мумкин, бундай тартибда ишлаш учун кимга мурожаат этиш керак?” каби саволлар туғилиши табиий. Қуйида шулар ҳақда батафсил тўхталиб ўтамиз.
ЖАМОАТ ИШЛАРИ НИМА ЎЗИ?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги қарори билан “Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Унга кўра, ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли учун умумжалб этиш мумкин бўлган, алоҳида тайёргарлик ва малака талаб қилмайдиган меҳнат фаолияти турлари жамоат ишлари деб аталади.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари банд бўлмаган шахсларни вақтинчалик маош билан таъминлаш ва уларни иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватлаш; ишсиз шахсларнинг вақтинчалик бандлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш; касбга (мутахассисликка) эга бўлмаган илк бор иш изловчи шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этиш; турли сабабларга кўра (илгари бола тарбияси, бемор ва кекса оила аъзоларини парваришлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва бошқа сабабларга кўра) узоқ танаффусдан сўнг касбий фаолият билан шуғулланмаган шахслар меҳнатини реабилитация қилиш; иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларини ишчи кучи билан таъминлаш мақсадида ташкил қилинади.
ҚАНДАЙ ТУРЛАРИ МАВЖУД?
Жамоат ишлари турларига қуйидагилар киради:
- шаҳар, туман, аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, тозалаш, оқлаш, маданий объектлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва ариқларни тозалаш кабилар);
- уй-жой коммунал ва бошқа инфратузилма объектларини таъмирлаш;
- кўчалар, йўллар ва пиёдалар юриш йўлакларини таъмирлаш;
- мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш;
- ногиронлар, кексалар, беморлар ва бошқаларни парваришлаш;
- саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги ишлар;
- объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари.
қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.
ИШ БЕРУВЧИ КИМ ВА МАОШ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ?
Жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича ташаббускорлар маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлардир.
Улар таклиф этадиган жамоат ишларига бандликка кўмаклашиш марказига мурожаатқилган фуқаролар йўлланма асосида юборилади. Агар иш берувчи бюджет ташкилоти ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлса, иш ҳақи бўйича тўловлар 100 фоиз миқдорида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан тўлаб берилади.
Агар иш берувчи тадбиркорлик субъекти, нодавлат нотижорат ташкилоти бўлса, бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси асосида жамоат ишларида иштирок этиш учун юборилган фуқарога иш ҳақининг 50 фоизини тўлайди. Қолган 50 фоиз иш ҳақи эса Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан қопланади. Бунда жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар иш ҳақининг жамғарма томонидан қопланадиган қисми энг кам ойлик иш ҳақининг икки ярим баробаридан ошмаслиги керак.
ИШ ҲАҚИ ҚАНЧАГАЧА БЎЛАДИ?
Амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ, жамоат ишларида иштирок этиш учун юборилган фуқароларнинг ойлик иш ҳақи миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробаридан (ҳозирги кунда 344 минг 480 сўм) кам бўлмаслиги керак. Жамоат ишларини таклиф қилаётган иш берувчи ишнинг даражасини ҳисобга олиб, иш ҳақини энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача (ҳозирги кунда 861 минг 200 сўм) миқдорда белгилаши мумкин.
Қайд этиш жоизки, жамоат ишларига жалб этиладиган жисмоний шахслар Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан олган даромадлари бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
ҚАЧОНДАН БОШЛАНАДИ?
Ушбу тартиб тажриба тариқасида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан туманида синовдан ўтказилди ва бирқатор амалий натижалар берди. Энди 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан ҳақ тўланадиган жамоат ишлари республиканинг барча туманлари ва шаҳарларида босқичма-босқич амал қилишни бошлайди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармасининг вилоятимиздаги жамоат ишлари дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бўйича бош мутахассиси Абдулла Абдиевнинг айтишига қараганда, воҳамизнинг шаҳар ва туманларида 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича кўплаб иш берувчилардан буюртмалар келиб тушган ва айни пайтда 1000 дан ортиқ бундай турдаги иш ўринлари яратилган. 2018 йилнинг охирига қадар вилоятда бу кўрсаткич 22 минг 400 дан ортиши кутилмоқда.
ЭКСПЕРИМЕНТ ҚАНДАЙ САМАРА БЕРДИ?
Ушбу тартиб тажриба тариқасида вилоятимизда Шаҳрисабз туманида синовдан ўтказилди.
Абдулла Абдиевнинг таъкидлашича, мазкур туманда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича Шаҳрисабз шаҳри, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларидан 82 та буюртма келиб тушган. Бунинг натижасида ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида 740 та вақтинчалик иш ўрни яратилган ва мазкур иш ўринларига ишсиз фуқаролар жойлаштирилган. Уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 494 минг сўмни ташкил этган ва тажриба ўзининг ижобий натижасини берган.
КИМГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?
Ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлашиш учун туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилишлари керак. Мазкур марказлар бу турдаги жамоат ишларига юбориладиган фуқаролар рўйхатини доимий равишда шакллантириб боради ва уларга мос келадиган (яшаш манзилига яқин бўлган, касбига мувофиқ келадиган) жамоат ишларини таклиф этади.
Ўз навбатида, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш учун иш берувчилар ҳар ойнинг 15-санасигақадар келгуси ҳисобот ойи учун жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича туман бандликка кўмаклашиш марказига буюртма беради.
Туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳар ойнинг 20-санасигақадар иш берувчилардан келгуси ойда жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича буюртмаларни қабул қилади ва мазкур мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлар доирасида ҳар ойнинг 25-санасига қадар йиғма буюртмани шакллантиради ва тасдиқлаш учун туман ҳокимлигига киритади.
Туман ҳокими томонидан йиғма буюртма тасдиқлангандан сўнг ҳужжатлар туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ҳисобот ойининг 1-санасига қадар маблағ ажратиш учун Жамғармага тақдим этилади.
Бир вақтнинг ўзида ҳисобот ойининг 1-санасигақадар туман бандликка кўмаклашиш маркази иш берувчи билан жамоат ишларида қатнашадиган фуқаролар рўйхатини илова қилган ҳолда жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича шартнома тузади.
Жамоат ишларини ташкил қилиш учун шартномалар молия йили учун 2 ҳафтадан кам бўлмаган, лекин 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартнома муддати тугагандан сўнг иш берувчи жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича бандликка кўмаклашиш марказига қайта буюртма бериши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг ташкил этилиши ишсизлик муаммосини бартараф этиш, оилаларни реал даромад билан таъминлаш, ҳудудларни доимий равишда тоза-озода сақлаш, бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш имконини беради. Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари бу тартибдан унумли фойдаланишса, арзон ишчи кучига эга бўлишади. Бу уларнинг рақобатбардошлиги ошишига хизмат қилади.
Т.ТЕМИРОВ