Меню

Қашқадарё

05.12.2024 1862

“Маърифат карвони” – Қашқадарёда

Шу йилнинг 3 декабрь санасидан Ўзбекистон бўйлаб бошланган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари Қашқадарёда ҳам старт олди.

Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадига қаратилган дастлабки тадбир Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши мажлислар залида бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусидаги зиёлилар форумида “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари, имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари ҳамда тарғиботчи ҳожилар марказий ҳамда туман ва шаҳарлар студиялари орқали иштирок этишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди Шукрулло Умаров, Халқаро ислом академияси профессори, тарих фанлари доктори Илҳомжон Бекмирзаев, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори Мансур Мусаев мамлакатимизда дин соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, маърифат руҳининг ҳаётдаги ўрни ҳақида сўзлашди.

Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек китоб неъматининг ҳаётдаги ўрни, Президентимизнинг китоб нашрлари борасидаги ташаббуслари, маърифат ва маънавият соҳасидаги фаолият ҳақида фикр билдирди.

Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида видеофильм намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмига мўлжалланган тарғибот тадбирлари Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ёшлар марказида бўлиб ўтди.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!