Меню
Қашқадарё
МАҲОРАТЛИ АТЛЕТЛАР ШОҲСУПАДА
Маълумки, спортнинг техник ва амалий турларидан бири – дуатлон уч босқичдан иборат. Биринчи босқич – югуриш, ундан сўнг велопойга, охирги босқич эса яна югуриш. Югуриб ёки велосипедда босиб ўтиш лозим бўлган масофа иштирокчиларнинг ёши ва имкониятидан келиб чиқиб белгиланади.
Шунга мувофиқ, 1998 йилда ва ундан аввал туғилган катта ёш тоифасидаги спортчилар дастлаб 10 километр масофага югуриб, сўнгра 40 километр масофани велосипедда тезкорлик билан босиб ўтишди. Охирида эса яна 5 километр йўлга югуриб борди.
1999-2000 ҳамда 2001-2003 йилларда туғилган ўсмир ёшдаги икки тоифа вакиллари эса дастлаб 5 километр масофага югуриб, сўнгра 20 километр йўлда велосипедда ҳаракатланди. Шундан сўнг яна 2,5 километр йўлга югуриб бориш талаб этилди.
1998 йилда ва ундан аввал туғилган катта ёш тоифасидаги спортчи йигитлар баҳсида биринчи ўрин Самарқанд вилояти вакили Дмитрий Зайцевга насиб этди. Худди шу ёш тоифасидаги қизлар баҳсида эса маррага биринчи бўлиб вилоятимиз вакили - Юлдуз Жўраева етиб келди.
1999-2000 йилда туғилганлар баҳсида ҳар икки йўналишда - йигит ва қизлар ўртасида ҳам ғолиблик Тошкент шаҳри вакиллари - Улуғбек Алимов ҳамда Латофат Содиқовага насиб этди.
Мусобақанинг энг ёш тоифаси - 2001-2003 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасидаги курашларда вилоятимиз вакили Жаҳонгир Самиевга тенг келадигани топилмаган бўлса, худди шу ёш тоифасидаги қизлар ўртасидаги беллашувларда ғолиблик пойтахт вакили - Арина Мирзабековага насиб этди.
Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўрин ғолиблари ҳам аниқланди. Умумий ҳисобда медаллар жамғариш бўйича биринчиликни вилоятимиз спортчилари қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Сурхондарё, учинчи ўрин эса Фарғона вилояти жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор спортчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: мусобақадан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.