Меню
Қашқадарё
МАҚОМГА ОШНО САНЪАТКОР КАМ БЎЛМАЙДИ
Билмаган киши Ҳасан Қурбонов яхшигина шоир экан, деган фикрга бориши мумкин. Аммо бундай эмас, шоирлик ундаги ижодий фаолиятнинг бир қирраси, холос. Аслида у яхши санъаткор, бастакор, кенг диапазонли овоз соҳиби, мақом қўшиқларининг моҳир ижрочиси, режиссёр ҳамдир. Ижодкор тумандаги олтмишдан ортиқ оммавий байрам тадбирлари сценарийсига, ўттиздан зиёд турли маданий-маърифий тадбирлар ғоя ва лойиҳаларига муаллифлик қилган, Китоб ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ва "Ёш алангачи" болалар оромгоҳи мадҳиялари матнини ёзиб, куй басталаган.
Шунингдек, у "Китоб гуллари", "Садо" халқ ҳаваскорлик жамоалари, "Ризвонгул" фольклор-этнографик халқ ҳаваскорлик жамоаси ташкилотчиси, репертуарини мунтазам янгилаб бораётган санъаткор, "Воҳа кулгиси" театр студияси бадиий раҳбари. У басталаган 20 дан ортиқ фольклор қўшиқлари 2017 йилда ўтказилган "Олтин куз" халқаро фестивалида ғолиб бўлган.
Аслида санъатсеварлик Ҳасан Қурбоновнинг қонида бор. Раҳматли отаси Исмат ака санъатни, қўшиқни жуда хуш кўрган. Радиодан бирор ёқимли қўшиқ эшитилди дегунча, устахоналарида йиғилиб қолган пайрахалар устига чопонни тўшаб, қўшиқ тугагунга қадар ёнбошлаб тинглаган. Болалар отанинг бу одатига кўникиб қолишган ва ҳеч қачон оромини бузишмаган. Ўшандаёқ улар қаттиққўл оталарининг қалбини забт этган санъатнинг қудратини ҳис этишган, аста-секин бу туйғу уларга ҳам кўчган, билиб-билмай, сезиб-сезмай санъат асирига айланишган.
Қизиғи шундаки, Ҳасаннинг онаси Тўхтаой ая ҳам санъатга иштиёқманд бўлиб, доира чалиб, мумтоз қўшиқлар куйлаган. Айниқса, Собир Абдулла сўзи билан айтиладиган "Дугоҳ" қўшиғини жуда чиройли ижро этган. Ҳасан бу қўшиқни ҳозирга қадар айнан онасидан ўрганган йўлда айтади. Улғайиб, шу соҳада олий маълумотли мутахассис бўлгач, қўшиқнинг бу йўналиши энг тўғри ижро йўли эканлигига амин бўлган.
Шу тариқа оиладаги деярли барча фарзандлар мусиқий иқтидорга эга бўлди. Ҳасаннинг ўзи олти ёшида акаси Ҳикматулладан рубоб чалишни ўрганди. Мактабдаги санъатга оид бирор тадбир уларсиз ўтмаган, Ҳасан рубоб чалса, эгизак синглиси Зуҳра қўшиқ айтган. Оила Қўқон шаҳрида ўтказилган оилавий ансамбллар республика кўрик-танлови ғолиби бўлган.
Ҳасан Қурбоновга мақом қўшиқларига муҳаббат айнан онасидан "юққан". Ҳали ўқувчилик пайтидаёқ мумтоз қўшиқларни берилиб ижро этди. Навоий, Бобур ғазалларини севиб ёд олиб, қўшиққа солди. Ўша пайтлардаги Тошкент маданият институтининг халқ мусиқаси факультетида таҳсил кўргач, мақом санъатига оид назарий билимларга эга бўлди. Ундаги иқтидор мақом илми билан қоришиб, устоз даражасига етишишига, ўз-ўзидан атрофида юзлаб шогирдлар тўпланишига олиб келди. Биргина Китоб ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқувчиларига мусиқа илмидан дарс берганида ҳам ўнлаб иқтидор эгаларини кашф этди. Коллежда ўқувчи ва ўқитувчилардан иборат мақомчилар ансамблини тузди. Ўрта махсус таълим муассасалари ўртасидаги "Барҳаёт наволар" кўрик-танлови республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритишди.
Ҳасан Қурбонов 1998 йилда ўзи раҳбарлик қилган туман маданият бўлими қошидаги мақом жамоаси билан Германияда гастроль сафарида бўлди. Сафарда ҳар куни икки маҳал жонли концертлар беришди. Кёлн шаҳридаги ёпиқ амфитеатрдаги концертда овоз қиздириш мақсадида мақом тартибини бироз ўзгартириб, ижрони "Наво" мақомидан бошлаб, кейин анъанага кўра давом эттиришди. Бир соатдан ортиқ давом этган концертдан сўнг томошабинлар уларни тик туриб олқишлашди, қарсаклар билан кузатиб қўйишди.
Ўша куни ўзини "Андер Рур" театри раҳбари Роберт Чёли деб таништирган 70 ёшлар чамаси киши Ҳасанга чиройли ижролар учун ташаккур билдираркан, концертни 3-мақом, яъни "Наво"дан бошлашганидан ҳайрон қолганини айтди ва бу мақом ижроси тартибидаги бирор тузатиш бўлдими, деб сўради. Немис қариясининг ўзбек мақом санъати назариясини шу қадар пухта эгаллагани Ҳасаннинг хаёлига ҳам келмаганди, узр сўраб сабабини изоҳлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбекистон миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори Ҳасан Қурбонов ва унинг дўстларини илҳомлантириб юборди. Кўп ўтмай китоблик мақом ишқибозлари Ҳасан Қурбонов атрофида тўпланишди ва туман маданият бўлими қошида 25 ижрочидан иборат "Мозийдан садо" намунавий мақом ансамбли тузилди. Улар учун алоҳида жой ажратилиб, ишлаш учун барча шароитлар яратилди. Яқинда Яккабоғ туманида бўлиб ўтган вилоят мақом ижрочилари танловида улар биринчи ўринни олишга муяссар бўлишди.
- Бу ҳали бизнинг илк қадам, - дейди Ҳасан Қурбонов фахр билан. - Ниятларимиз эса жуда катта. Китобда мақом санъати яшаб келгани ва бундан кейин ҳам профессионал даражада яшашини кўз-кўз қилишга қодир ижрочиларимиз бор, албатта, уларни юзага чиқарамиз. Ўлмас санъатимиз дурдоналари билан халқимизни, кези келса, бошқа миллат вакилларини хушнуд этиш ниятидамиз.
Мақолага сўнгги нуқта қўяётганимда, Ҳасан Қурбонов қўнғироқ қилиб қолди, "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан мақом ҳақида олинадиган фильмга айнан уларнинг "Мозийдан садо" ансамблини ҳам киритадиган бўлишибди ва шу куннинг ўзида фаолиятларини тасвирга олишибди.
Ҳасан Қурбоновнинг ўзи айтганидай булар ҳали бошланиши. Уларни олдинда катта саҳналар кутиб турибди. Чунки Ҳасан ва унинг атрофидаги ҳар бир ижрочининг ўзига хос овози, ижро услуби бор.
Лола ЎРОҚОВА