Меню

Қашқадарё

22.01.2019 2432

МАҚОМ САНЪАТИ ФИДОЙИСИ 70 ЁШДА

Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган юбилей тантанасида маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорнинг шогирдлари, дўстлари, мутасадди вазирлик ва ҳокимликлар,  ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Киши қайси касб эгаси бўлмасин, астойдил ишласа, изланса, фидойи меҳнат қилса, албатта, эътибор ҳам, эътироф ҳам топади. Элмурод Боймуродов ҳаётини бунга яққол мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу ажойиб инсон 1949 йилда Шаҳрисабз туманининг тоғли Мираки қишлоғида таваллуд топди, у ердаги ўрта мактабда таълим олди.

- Ота-онам ўзлари санъаткор бўлмаса-да, санъатни жуда яхши кўришарди. Менинг ҳам мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ қўшиқ айтиш, роль ижро этиш жону дилим эди, - дея қалбида санъатга меҳр уйғонган болалик, ўқувчилик дамларини эслайди устоз. - Ўша йиллари Раж Капур иштирокидаги фильмлар жуда машҳур эди. Унинг фильмларидан завқ олиб, қўшиқларини хиргойи қилиб, рақс тушиб юрардим. Орзуйим Раж Капурдек халқ таниган, севган санъаткор бўлиш эди.

Худди ана шу орзу мактабни тамомлаган Элмуродни Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтига етаклаб келади. У олийгоҳдаги 5 йиллик таҳсил давомида ўзбек санъатининг    дарғалари бўлган кўплаб устоз санъаткорлардан сабоқ олди. Тиришқоқлиги, изланувчанлиги, истеъдоди билан уларнинг назарига тушди. 1971 йилда институтнинг режиссёрлик бўлимини муваффақиятли тамомлаб, Қори Зокир Содиқов номидаги Шаҳрисабз шаҳар халқ театрига ишга келади. 2014 йилга қадар, яъни 43 йил давомида ана шу театрда режиссёр бўлиб ишлади. У бутун фаолияти давомида иш билан бир қаторда ёш истеъдодларни тарбиялаш, уларга санъатнинг сир-синоатларини ўргатишга эътибор қаратди. Шогирдларидан илмини, меҳрини, вақтини дариғ тутмади. Қалбида санъаткор бўлиш орзуси билан илк бора ана шу театрга келган, ҳаяжон ва ҳадик ила биринчи саҳнага қадамни шу ерда қўйган ёшларнинг кўпчилиги бугун халқаро саҳналарнида забт этган, эл севган, ардоқлаган санъаткор.

Қолаверса, Элмурод Боймуродов театрдаги режиссёрлик иши билан бир қаторда, 1972 йилдаёқ Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этган эди. У мунтазам равишда ҳудуддаги ёш истеъдодларни ансамбль фаолиятига жалб этиб, уларга мақом санъатининг сир-асрорларини ўргатиб келди. Унинг шогирдлари орасида ҳам актёрлар, ҳам хонандалар борлиги боиси ана шунда.

Устоз санъаткор бир умр ўзи туғилиб ўсган туманда яшаб, меҳнат қилди. У машҳурликка интилмади, катта саҳналарга талпинмади, зеро шуни истаганида, истеъдоди ҳам, маҳорати ҳам бунга етарди. У санъатни севишни ҳақиқий меҳнатда, ўзини бутун борлиғи билан унга бағишлашда, билганларини ёшларга ўргатишда, деб билди. Шу қоидага амал қилиб яшади, ишлади. Натижада,  машҳурлик ҳам, эътибор ҳам, эътироф ҳам топди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Халқаро мақом санъати анжуманининг айнан Шаҳрисабзда ўтказилишида ҳам Элмурод Боймуродовнинг беқиёс хизмати бор. Ярим аср давомида ана шу ҳудуддан унинг шогирди бўлган жуда катта авлод етишиб чиқдики, улар ўз ижодлари воситасида мақомнинг ҳақиқий жозибасини, сеҳрини, сиру синоатини кенг ёйиб келмоқда. Бу бугун Шаҳрисабзнинг мақом диёрига айланишига омил бўлган асосий жиҳатлардан биридир.

- Аслида мақом қўшиқларини ўрганиб, уни ижро этишга ҳар ким ҳам журъат эта олмайди, - дейди Ўзбек миллий мақом маркази директори Сойибжон Бегматов. - Сабаби аввало бунинг учун жуда катта мусиқий илм, овоз, маҳорат керак. Мақомни ёшларга ўргатиш эса янада машаққатли иш. Элмурод Боймуродов ана шу ишни ҳар қандай таҳсинга муносиб тарзда амалга ошириб келаётган саноқли устоз санъаткорлардан биридир. Халқаро мақом санъати анжумани буни яна бир бора кўрсатиб берди. Анжуманда устоз тайёрлаган 150 нафар бола энг қийин мақомлардан бирини шундай куйладики, хорижликлар ҳам ҳайратини яширишмади. Ўзингиз ўйланг, ахир шунча ёш болани бир саҳнада,  бир овозда, битта тонда шундай куйлатишнинг ўзи бўладими?! Бунинг учун озгина машқ, озгина меҳнат, озгина вақт кетадими! Ҳар ким ҳам қила олмайди бундай меҳнатни. Ана шу заҳматдан қочмагани учун ҳам бугун Элмурод Боймуродовнинг шогирдлари орасидан халқ артистлари, халқ ҳофизлари, эл севган санъаткорлар етишиб чиқмоқда.

Тадбирда устоз санъаткорга Президент совғаси топширилиб,  вилоят ҳокими Зафар Рўзиевнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Элмурод Боймуродовнинг кўп йиллар давомида маданият, санъат соҳасида амалга оширган ишлари, хизматлари эътироф этилди. Шогирдлари, дўстлари, оила аъзолари томонидан қилинган мусиқий чиқишлар тадбирга янада завқ бағишлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!