Меню

Қашқадарё

13.10.2016 2299

МАЪНАВИЯТ РУҲИ БИЛАН СУҒОРИЛГАН МАЙДОН

ЯЛҚОВ ШОГИРД ВА ҚАТТИҚҚЎЛ УСТОЗ

Атоқли француз ёзувчиси Ги де Мопассан (1850-1893) ижод остонасига қадам қўйганида, унинг қаршисида уч бўғинга мансуб адабий мерос – Стендаль, Оноре де Бальзак ва Гюстав Флобер танқидий реализми, Виктор Гюго, Жорж Санд ва Альфред де Мюссе романтизми ҳамда Эмиль Золя ва ака-ука Гонкурлар етакчилик қилган натурализм турарди. Шунинг учун ҳам, кейинчалик Мопассан ижодини ўрганган адабий танқидчилар, унинг асарларида ҳар учала мактаб анъаналарини кўриш мумкин, дегандилар.

Ги де Мопассан ота томонидан дворянларга мансуб бўлса-да, уларга хос тарбия олмайди. Негаки, оилавий можаролар оқибатида ота икки ўғлини хотинига ташлаб кетади. Болаларининг ўқимишли кишилар бўлиб етишишини хоҳлаган де Мопассан хоним, уларнинг яхши билим олишига катта эътибор қаратади. Ўғли коллежда ўқиб юрган вақтларида бадиий ижодга, шеър машқ қилишга берилади. Ундаги истеъдодни сезган она Мопассанни ёшликдаги ўзининг дўсти - таниқли адиб Гюстав Флоберга шогирдликка беради.

Қайд этиш жоиз, Ги де Мопассаннинг бутун дунёга машҳур ва забардаст ёзувчи бўлишида илк устози Гюстав Флобернинг ўрни ҳамда ҳиссаси катта. Негаки, даставвал Мопассаннинг дастлабки шеър ва пьесалари китобхон назарига тушмади. Ҳазилкаш ўртоқлари ундан нима учун машҳур бўлмаётганини сўрашганида у “мен ҳали бўлажак касбимни ўрганаяпман”, деб мийиғида кулиб қўярди. Бироқ у Флоберга шогирдликка тушгач, устоз қарийб ўн йил мобайнида унинг ёзган асарларини чоп қилишига рухсат бермайди. Чунки Флобер жуда қаттиққўл ва ўта талабчан устоз эди. Шу билан бирга, у ёш шогирдини жуда севарди. Буни унинг Мопассан ҳақида айтган қуйидаги сўзларидан ҳам пайқаш мумкин: “У менинг ворисим ва мен уни ўғлимдек яхши кўраман”.

Флобер Мопассанга тез-тез “Йигитча, кўп ишлаш зарур, тушунаяпсизми? Кечқурун бешдан эрталаб тўққизга қадар бор вақтингиз ижодга бағишланиши шарт”, деб такрорларди. Кейинчалик Мопассан устози ҳақида сўз юритиб, шундай деганди: “Ўз санъатига ҳурмат ва муҳаббат, адиб сифатида ўз шаънига меҳр ҳеч кимда Гюстав Флоберда бўлганидек тараққий этмаган. Бир эҳтирос - адабиётга меҳр - уни умрининг сўнгги лаҳзаларигача тўлдириб турди...”

Флобер ва Мопассан ўртасидаги муносабат дўстона ва жуда илиқ бўлган. Флобер ҳар доим шогирдининг келажаги учун қайғуриб яшаган. 1873 йили у Ги де Мопассаннинг онаси Лаура Ле-Пуатвенга қуйидаги сўзлар битилган мактуб юборади: “Менга маълум бўлишича, ўғлингиз - менинг ёш шогирдим бир иш қилмай тентираб, сандироқлаб юришни озроқ хуш кўради, яна иш бажаришда унга қунт ва ҳафсала етишмайди, сабр-тоқати йўқ. Мен унинг кўп вақт талаб қиладиган ва давомли асар ёзишини, шунда унда ялқовлик йўқолиб лаёқат пайдо бўлишини истардим... Энг муҳими, бу дунёда юқори доираларда хаёлга берилиб, парвоз қилсин...”

Шу тариқа, Флобер Мопассанга ўн йил давомида ёзувчилик сир-асрорларини ўргатади. Ўша даврларда шогирдини нафақат француз, балки жаҳон адабиётининг номдор намояндалари - Эмиль Золя, Альфонс Доде, Ипполит Тэн, Иван Тургенев, Генри Жеймс каби ижодкорлар билан таништиради. Ниҳоят, 1880 йилда Мопассан ўзининг илк асари “Дўндиқ” новелласини “Медан оқшомлари” деб номланган тўпламда эълон қилдиради. Таъкидлаш жоиз, мазкур тўпламда, шунингдек, ўша даврнинг забардаст ижодкорлари саналган Эмиль Золя, Поль Алексис, Анри Сеар, Леон Энник ва Жорис-Карл Гюисманснинг ҳикоялари ҳам ўрин олганди. Мопассаннинг “Дўндиқ” новелласи эса устоз Флоберга ҳам, китобхонларга ҳам жуда манзур бўлади. Флобер новеллани илк бор ўқиганида қаттиқ таъсирланган ва дарҳол Мопассанга хат ёзишга киришганди.

“... “Дўндиқ” – дурдона асар, деб ҳисоблайман, - деганди у ўз хатида. – Ҳа! Йигитча! Ортиқ ҳам, кам ҳам эмас. Асар даҳо адиб қаламига мансуб... Бу жажжи ҳикоянинг умри   боқий, менга ишонаверинг... Мен ҳақиқатан жуда бахтлиман!..”

РУССОГА ҒОЙИБОНА ШОГИРД ТУШГАН ТОЛСТОЙ

Баъзида адабиётда шундай бўладики, устоз ва шогирд тутинган ижодкорлар ҳаётда бир-бирини умуман кўрмаган, ҳаттоки суҳбатлашмаган бўлади. Бироқ улар орасидаги устоз-шогирд муносабати кўзга кўринмас  ва мустаҳкам ришта билан боғланади. Бунда шогирдга устозининг китоби устозлик қилади. У шу китоб орқали асар муаллифини ўзига устоз деб билади. Жаҳон адабиётининг улкан намояндаси Лев Николаевич Толстойнинг ижод ва ҳаёт йўлида ҳам худди шундай жиҳатларни учратиш мумкин.

Толстой – рус адабиётининг буюк сиймоси. Унинг қаламига мансуб “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина”, “Тирилиш”, “Казаклар”, “Ҳожимурод” каби роман ва қиссалар, ўнлаб ҳикоялар, долзарб публицистик мақолалар, рисолалари авлодларга эстетик завқ, маънавий озуқа бериб, миллионлаб ўқувчилар юрагини ҳаяжонга солиб,  келаяпти. Унинг ўлмас асарларини ўзбек китобхонлари ҳам бир асрдан буён севиб ўқийди. Айниқса, бунда Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осим, Кибриё Қаҳҳорова, Ваҳоб Рўзиматов каби ёзувчи ва таржимонлар заҳмати ҳамда меҳнати катта. Лев Толстой Европа адабиётини, айниқса, француз адабиётини юксак даражада ўрганган ва ўзлаштирганди. Маълумки, XVIII-XIX асрларда француз адабиёти ўзининг бетакрор жилоси билан миллионлаб китобхонлар қалбини забт этганди.

Буюк ёзувчи, айниқса, Жан-Жак Руссо ижодини юксак қадрлаган. У ўз асарларини ёзиш жараёнида ундан илҳом ва мадад олган. “Мен 15 ёшимдан Руссони устозим деб билганман, - дея ёзганди у 1905 йил 7 мартда битилган мактубида, – Руссо ва Инжил  ҳаётимга жуда катта таъсир кўрсатди”. Ҳақиқатан, адабиётчиларнинг фикрича, Толстой ижодида Руссонинг таъсири жуда улкан бўлган.

Лев Толстой 1856 йилнинг охирларида илк бор чет эл сафарига чиқади. Сафар давомида Франциянинг бир қатор шаҳарларида, шу билан бирга, Швейцарияда бўлади. Хусусан, Париж ҳамда Женевада кўп вақтини ўтказади. Ўша йилларда Францияда яшаб ижод қилаётган Иван Тургенев билан учрашади, у орқали машҳур француз ёзувчилари билан яқиндан танишади. Бироқ Лев Толстойнинг бу сафардан кўзлаган асл мақсади ўзи устоз деб билган, таъбир жоиз бўлса, ғойибона шогирд тушгани Жан-Жак Руссо кезган жойларни ўз кўзи билан кўриш, буюк адиб ва файласуф юрган сўқмоқларда хаёлга толиб сайр қилиш эди. Чунки бу иккала ёзувчи адабиёт ва жамият ҳаётида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган кўп масалаларда якдил фикрда эди. Толстой ўз мақсадига эришади, яъни Руссонинг қадами етган манзилларни кўришга муваффақ бўлади.

Толстой Ги де Мопассан ижодини ҳам юксак қадрлаган. Айтиш керакки, Уильям Шекспирдек даҳонинг ижодини кучли танқид остига олган – Толстой ижодда анчайин инжиқ ва қайсар эди. Унга барча яхши ва мукаммал дея ҳисобланган асарлар ҳам манзур бўлиб кетавермасди. Бироқ унинг мақола, хат ҳамда кундаликларига назар ташланса, у Мопассан ижодига доим ижобий баҳо бергани, уни устоз сифатида юксак қадрлагани ойдинлашади.

Ўз навбатида, Ги де Мопассан ҳам Лев Николаевич Толстой ижодидан умр бўйи таъсирланиб, илҳомланиб яшаган. У ёзувчининг “Иван Ильичнинг ўлими” қиссасини ўқигандан сўнг Иван Тургеневга: “Менинг ўн томлик асарлар тўпламимдаги барча асарлар биргина “Иван Ильичнинг ўлими” қиссаси олдида ҳеч нарсага арзимайди”, деб айтганди.

Толстой ўлимидан бир неча кун олдин – уйидан бош олиб кетаётганида ёзган сўнгги мактубида севиб ардоқлаган беш-олтита китобини ўзи билан олиб кетишни жуда истайди. Мазкур рўйхатда Ги де Мопассаннинг “Ҳаёт” романи ҳам борлиги, Толстойнинг Мопассан ижодига қай даражада ошуфта бўлгани, уни ўзига устоз деб билганини кўрсатади.

Азизбек НОРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!