Меню

Қашқадарё

26.07.2019 1961

МАҲКУМЛАР МЕҲНАТИНИНГ МАҲСУЛИ — КЎРГАЗМА-САВДОДА

Қарорга мувофиқ, вилоятимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг бир гуруҳига шу йилнинг май-июнь ойлари давомида "Устоз-шогирд" анъаналари асосида меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган ҳунар турлари -  ёғоч ўймакорлиги, металлдан буюмлар ясаш, қўлда гилам тўқиш, мебеллар, миллий либослар ва пойабзаллар тайёрлаш  ўргатилди.

Кеча "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими ва вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Қарши шаҳридаги Бекмир мадрасасида уларнинг икки ойлик меҳнатлари маҳсули - 50 турга яқин ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилди. Бир-биридан бежирим гиламлар, ёғочдан ясалган мебеллар ва буюмлар, аёллар ва эркаклар бош кийимлари, кулолчилик маҳсулотларини кўриб кўзингиз қувнайди.

- Қўлимдаги мана шу нақшинкор шахмат тахтасини 25 ёшли шогирдим тайёрлади, - дейди фахрий ҳунарманд, ёғоч ўймакори  Раҳим Алибоев. - У аввал бу ҳунар билан  шуғулланмаган, иқтидори бор экан, тезда ўрганиб олди. Бу буюмнинг бежиримлигига қаранг. Бундай гўзалликни яратган қўллар соҳибининг қалби ҳам чиройли бўлади, албатта. Ишонч билан айта оламанки, у озодликка чиқса, бошқа эгри йўлга кирмайди. Сабаби, энди қўлида гулдай ҳунари бор.

Раҳим Алибоевнинг жазони ижро этиш муассасасида ўнга яқин шогирди бор. Уларнинг қўл меҳнатидан яралган зеб-зийнат сандиқчалари, шахмат  тахталари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

- Ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб дунёга келмайди, уни эгри йўлга бошловчи минглаб омилларни санаб ўтишим мумкин, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси  вилоят бўлими бош мутахассиси Дурдона Аманова. - Мақсадимиз -  жазо ўтаётган кишиларга жамиятга қайтиш, оилалари ва яқинлари учун керакли инсон эканликларини теранроқ англаш учун кўмак беришдир. Қисман бунга эришдик ҳам. Бугун жазони ижро этиш муассасаларида воҳамиз ҳунармандларининг 80 нафарга яқин қўли гул шогирдлари бор.

Айтиш жоиз, ярмаркадан тушган маблағларнинг сарф-харажатлардан ортган қисми маҳкумларнинг  ўзларига тақдим этилиши кўзда тутилган.

З. НАЗИРОВА

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!