Меню

Қашқадарё

16.12.2017 1799

МАҲКУМЛАР АФВ ЭТИЛДИ

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, бироқ ўз қилмишининг моҳиятини тўла англаб етган ҳамда қатъий тузалиш йўлига ўтганлигини намоён қилган шахсларга оиласи бағрига қайтиш имконининг берилиши ўзбек халқига хос кечиримлилик, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларининг кўзгуси ҳисобланади. Содир этган жиноий қилмиши учун тегишли жазони ўтаётган кўплаб маҳкумларнинг Президентимиз фармони билан афв этилиши халқимизга хос ана шу қадриятларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Буни биргина мазкур муассасада жазони ўтаётган ҳамда содир этган қилмишидан пушаймон бўлган 13 нафар маҳкумнинг асосий жазодан, 17 нафар маҳкумнинг шартли равишда муддатидан аввал, 19 нафар маҳкумнинг эса ойлик иш ҳақининг 20 фоизини белгиланган муддат давомида ушлаб қолиш шарти билан озод этилиши, бундан ташқари 154 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати қисман қисқартирилиши мисолида ҳам кўриш мумкин. Албатта, бу уларнинг ҳаётда тўғри йўлни топиб, оиласи фаровонлигини таъминлаши учун жуда катта имкониятдир.

- Мен ўз жиноий қилмишимдан қанчалик афсусланишимни, бу ерда ҳаётимнинг ҳар лаҳзаси қанчалик пушаймонлик ва надоматда ўтганини сўз билан таърифлаб бера олмайман, - дейди  собиқ маҳкум Азамат Абдураимов. – Албатта, бу ишимни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Мана шу ҳолатда ҳам афсусларимни инобатга олиб, менга яна бир маротаба ишонч билдирган, имконият берган Президентимизга, халқимизга миннатдорлигимни билдираман. Мен бу юксак ишончни келгусида ўз ишим, Ватанимиз келажаги йўлида қилажак ҳалол меҳнатим билан оқлашга ваъда бераман.

Шу куни тадбир қатнашчилари  муассасада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, ишлаб чиқариш ҳудудига ташриф буюрди. Бу ерда дурадгорлик, кемасозлик, ёғочга ишлов бериш устахоналари иш жараёни кузатилди. Яратилган шароитлар, устахоналарга келтирилган янги ускуналар кўздан кечирилди.

Мухтор УСМОНОВ, жазони ижро этиш муассасаси ходими, катта лейтенант

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!