Меню
Қашқадарё
МАҲБУСЛАРГА ҲАМ ПЕНСИЯ БЕРИЛАДИМИ?
Сўраган эдингиз
- Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган шахсларга ҳам пенсия бериладими? Агар берилса, пенсия тайинлаш ва тўлаш тартиби қандай амалга оширилади?
Умид УСМОНОВ, Қарши шаҳри
Ушбу саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер РАЖАБОВ жавоб беради:
- Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 мартдаги 145-сонли қарори билан Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш, тиклаш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш) тўғрисидаги ариза бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Пенсия жамғармаси бўлимлари эса шахснинг иш стажига оид маълумотлар асосида пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур бўлган ҳужжатларни тўплашда амалий ёрдам кўрсатади.
Бунда, мазкур шахсларга пенсия тўлови Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан манзил-колония маъмурияти орқали маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Мазкур ҳужжат манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мамлакатимизда бу тизим илк маротаба жорий қилингани соҳа фаолиятида катта янгилик бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Вилоятимизда 4 та манзил-колония бўлиб, уларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 11 нафари озодликдан маҳрум этилгунга қадар бирор бир турдаги давлат пенсиясини олиб келишган ҳамда озодликдан маҳрум этилганларидан кейин уларнинг пенсия тўлови қонунчиликда ўрнатилган тартибда тўхтатилган. Ўтган давр мобайнида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан уларнинг илгари тўхтатилган пенсия тўловлари тиклаб берилди. Шунингдек, яна 11 нафар маҳкумга пенсия тайинланди.
Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.