Меню

Қашқадарё

30.08.2022 4192

Маҳаллий туристлар харажатларининг бир қисми қайтарилади

Қонунчиликдаги ўзгаришлар: 1 СЕНТЯБРДАН АМАЛДА

Президентнинг “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисми қайтариш (“Cashback”)  тартиби жорий этилади.

Унга мувофиқ:

саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.

Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;

жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;

маданият ташкилотларига ташриф буюриш.

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!