Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛИЙ РИВОЖЛАНИШ МАРКАЗЛАРИ
Халқаро форум
бандлик масаласини ишончли ҳал қилиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш учун шароит ҳозирлайди
Шу йил 31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида "XXI аср ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда Марказий Осиё хотин-қизларининг роли" мавзусида ўтказилган халқаро форумда Қашқадарё вакиллари ҳам фаол қатнашиб, бу нуфузли анжуманнинг бошқа иштирокчилари билан биргаликда минтақада гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бошқа кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилишди.
"САБР" республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, "DVV International" Германия халқ университетлари ассоциациясининг мамлакатимиздаги филиали ҳамда яна бир қатор давлат органлари ва нодавлат тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро форумда, шунингдек, хотин-қизлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аёлларнинг молиявий ресурслар, ахборот-коммуникация технологиялари ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш имкониятлари, уларнинг тадбиркорлик ва, хусусан, ижтимоий бизнесни тараққий эттиришдаги роли ҳамда маҳаллий ривожланиш марказлари тузилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.
- Анжуманда барқарор тараққиётнинг асосий омили таълим эканлиги, усиз на ҳаёт сифатини яхшилаш, на гендер тенглигига эришиш мумкинлиги таъкидланди, - дейди форум иштирокчиси - Қашқадарё вилояти бандлик бош бошқармасининг ишсизларни касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш шуъбаси мудири Гулчеҳра Салимова. - Шу нуқтаи назардан олганда, бугунги кунда жаҳон миқёсида бутун умр давомида таълим олиш ва ёши катта инсонларни ўқитиш муҳим аҳамият касб этиб, бу истиқболли йўналишлар бўйича дунёнинг кўпгина мамлакатларида маҳаллий ҳамжамиятларни ўқитиш марказлари фаолият кўрсатмоқда. Бундай марказларда турли ёшдаги одамларга узлуксиз равишда янги билимлар ва амалий кўникмалар бериб борилади, шунинг ҳисобидан ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ўзгаришига қарамай, аҳолининг турмуш даражаси юксалиши учун зарур шароитлар яратилади. Энг муҳими - таълимнинг бу тури инсонларнинг нафақат малакаси ва даромадлари ошишини таъминлайди, балки уларнинг соғлиғи, ижтимоий ва руҳий мослашув даражасига ижобий таъсир кўрсатади, қолаверса, атроф-муҳит муҳофазаси, маданият ва санъат ривожига хизмат қилади.
Юртимизда бундай тузилмаларни ташкил этиш ғояси шу пайтгача фақат "САБР" республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази томонидан илгари сурилиб, бу нодавлат нотижорат ташкилоти мана саккиз йилдирки мамлакатимиз ҳудудларида маҳаллий ривожланиш марказлари (МРМ) фаолиятини йўлга қўйиш бўйича иш олиб бормоқда. Ташкилотнинг "DVV International" Германия халқ университетлари ассоциацияси билан ҳамкорлиги МРМ яратиш борасидаги стратегияни халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқиш ва уни Ўзбекистон шароитига мослаштириш имконини берди.
- Маҳаллий ривожланиш марказларининг ташкил этилиши кам таъминланган аҳоли вакилларининг меҳнат билан бандлиги масаласини ишончли ҳал қилиш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш йўлида энг мақбул усуллардан бири саналади, - дея таъкидлайди халқаро анжуманнинг яна бир қатнашчиси - Қашқадарё вилояти "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. - Шу боис ҳам Самарқанддаги форумнинг якуний декларациясида унинг иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатларининг ҳукуматлари, маҳаллий ҳокимият органлари, турли ташкилотлар ва кенг жамоатчиликка мурожаат этиб, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, гендер тенглигини таъминлаш, минтақамизни тараққий эттириш ва БМТнинг "2030 йилгача бўлган даврдаги барқарор тараққиёт жабҳасидаги кун тартиби" мақсадларига эришиш учун маҳаллий ривожланиш марказларини ташкил қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақирди.
Зеро, бундай ёндашув, айниқса, кўп болали ва кам даромадли оилалар, узоқ йиллар давомида фақат уй-рўзғор ишлари ҳамда вояга етмаган болалар ва қариялар парвариши билан банд бўлган хотин-қизлар, чет элдан қайтаётган меҳнат мигрантлари, уюшмаган ёшлар ва ишсиз кишиларнинг ҳаёти ижобий томонга ўзгариши учун қулай муҳит яратиши шубҳасиз.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ҳозирги пайтда "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази вилоят ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида "Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш - ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир" деб номланган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳани амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан ҳаётга татбиқ қилинаётган мазкур лойиҳа доирасида Чироқчи ва Миришкор туманларида экспериментал маҳаллий ривожланиш марказларини ташкил этиш назарда тутилган. Бу МРМларни зарур ускуналар билан жиҳозлаб, у ерда ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар учун қисқа муддатли ўқув курсларини очиш, тингловчиларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга тадбиркорлик кўникмаларини сингдириб, ўз бизнесини бошлашлари учун амалий ёрдам кўрсатиш мўлжалланмоқда. Самарқандда ўтказилган халқаро форумда бу борада эришилган ютуқлар ва мавжуд қийинчиликлар хусусида сўз юритилиб, Марказий Осиё минтақасида турдош ташаббусларни рўёбга чиқаришда тўпланган тажриба ўрганилди.
Темур НИЗОМОВ