Меню

Қашқадарё

22.11.2016 2340

МАҲАЛЛИЙ ХОМАШЁДАН СПОРТ ТРЕНАЖЁРЛАРИ

 

Юртимизда маҳаллий хомашё ва ишчи кучидан фойдаланган ҳолда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон    Республикаси Президентининг 2015 йил 11 февралдаги “2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини белгилаб берди. Тегишли дастурга асосан вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда бир қатор истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Хусусан, ҳудудда фаолият кўрсатаётган 8 та корхона томонидан 11 та (шундан республика тасарруфидаги 4 корхонанинг 7 та ва ҳудудий тасарруфдаги  4 корхонанинг 4 та) лойиҳаси таклиф этилган.

Маълумотларга кўра, аксар лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида ташаббускор корхоналар томонидан 87 миллиард 53 миллион сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиши таъминланди. Бунинг ҳисобидан 28 миллион 672 минг долларлик эркин айирбошланадиган валюта маблағи иқтисод қилиб қолинди.

Қарши шаҳридаги “Насаф металл” масъулияти чекланган жамияти томонидан илгари сурилган лойиҳа ҳам тегишли дастурдан жой олган. Жамият мулкдорлари лойиҳа асосида жорий йилнинг тўққиз ойида қарийб 85 миллион сўмлик спорт тренажёрлари реализациясини амалга оширди. Аҳамиятлиси, ишлаб чиқариш жараёнида тўлиқ маҳаллий хомашёдан фойдаланилаяпти.

- Шу вақтгача 20 турдаги спорт анжомлари ва тренажёрларини ишлаб чиқарган бўлсак, жорий йилда истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этганимиз натижасида маҳсулот тури янада кўпайди, - дейди корхона раҳбари Қаҳрамон Очилов. – Бунинг учун 250 миллион сўм маблағ сарф этдик. Унинг асосий қисми тижорат банкининг кредитидир. Хитойдан замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатдик. Яқинда турли оғирлик элементлари, жумладан, гантель ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Мавжуд технологиялар бир кунда 1 тоннагача хомашёни қайта ишлаш имконини беради. Бунда асосан иккиламчи металлдан фойдаланаяпмиз. Маҳсулотимиз сифат жиҳатидан чет элникидан қолишмайди. Унга ички бозорда талаб юқори. Муҳими, бизда ишлатилаётган қолган зарур материаллар ва бутловчи қисмларнинг деярли ҳаммаси юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. Пластмасса, бўёқ, чарм шулар сирасига киради.

Жорий йилнинг 9 ойида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш якунларига бағишланган фаоллар йиғилишида келтирилган маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда вилоятимизда юмшоқ ва қаттиқ терини, полиэтилен грануласини қайта ишлаш, назорат кабеллари, бўёқ ва қуруқ сут ҳамда микрокальцит маҳсулотларини маҳаллий хомашёлар ҳисобидан ўзлаштириш мақсад қилинган, тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, вилоятда кўп миқдорда импорт бўлаётган ва ички бозорда талаб кўп бўлган пластмасса идишлар, автомашина ойналари,  амортизаторлар, вентиляторлар, газ плиталари, тиш тозалаш воситалари, ошхона идишлари, енгил автомобиллар учун радиаторлар, ручка, қалам ва мактаб ўқув қуроллари каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган ва бу борада салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!