Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛИЙ ХОМАШЁ, РАҚОБАТДОШ МЕБЕЛЬ ЖИҲОЗЛАРИ
Аҳамиятлиси, бугун вилоятимиз тадбиркорлари томонидан аҳолига таклиф этилаётган мебель буюмлари, жиҳозлар асосан маҳаллий хомашё асосида тайёрланаяпти. Турдош корхоналар ўртасида рақобатнинг кучайиб бораётгани эса тўла ижобий ҳолатдир. Натижада маҳсулот сифати тобора яхшиланиб, хилма-хиллик ортаяпти.
- Бежирим, алоҳида дид билан ишланган мебель маҳсулотлари харидорни беэътибор қолдирмайди, - дейди Китоб туманидаги "Мебелмашсервис" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокир Эгамов. - Бир неча йиллик фаолиятимиз давомида бунга кўп бора ишонч ҳосил қилганмиз. Халқимиз турмуши янада фаровонлашмоқда, шу боис сўнгги вақтда зарур уй-рўзғор жиҳозларига талаб юқори. Бу эҳтиёжни самарали қондиришга интилаяпмиз. Ҳозирги кунда корхонамизда офис мебеллари, ўқув жиҳозлари, ошхона, меҳмонхона ва ётоқхона учун мўлжалланган буюмлар ишлаб чиқарилаяпти. Замонавий дастгоҳларимиз чет элдан келтирилган. Ўтган йили буюртма асосида аҳолига қиймати қарийб 1 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бердик. Жорий йилда бу борадаги маҳсулдорликни янада кўпайтирмоқчимиз. Яқинда янги йўналиш - алюмин профилли эшик-ромлар ясашни ташкил этганимиз даромадимиз ортишига имкон бераяпти. Айни вақтда 10 нафарга яқин кишини иш билан банд этганмиз.
Тадбиркорнинг айтишича, ишлаб чиқаришга инновацион ёндашилаётгани корхона фаолияти ютуқларига шароит ҳозирлаяпти. Ўз навбатида ички бозор талабига мос маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйиш асосий мақсадга айланган. Ўтган йилда бу ерда тиббиёт жиҳозлари ясаш бошлангани бунга мисол бўлади. Албатта, бу янгилик мазкур тадбиркорлик субъектининг соҳа муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатишида муҳим омил бўлмоқда. Бироз аввал Қарши шаҳрида ўтказилган Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида корхона ва харидор ташкилотлар ўртасида қиймати 400 миллион сўмлик маҳсулот етказиб бериш борасида шартнома имзолангани ва унда айнан шу турдаги жиҳозлар хариди асосий ўрин эгаллагани бунинг яққол исботидир. Тадбиркор келгусида ишлаб чиқаришга янги замонавий технологияларни жорий этиш эвазига маҳсулот турини оширишни режалаштираяпти.
Муборак туманидаги "Дилшод Юнус мебель" масъулияти чекланган жамияти ҳам шу йўналишда иш бошлаган янги корхона саналади. Ўтган қисқа вақтда мазкур тадбиркорлик субъекти ишлаб чиқаришда ижобий натижаларга эришди. Корхонада тайёрланган мебель буюмлари ҳудуд аҳолисига манзур бўлаяпти.
- Цехимизда барча турдаги, хилма-хил дизайн ва шаклга эга мебель жиҳозларини ясаяпмиз, мавжуд замонавий ускуна шунга кенг имконият яратаяпти, - дейди корхона раҳбари Дилшод Обидов. - Биз ишлаб чиқараётган стол-стул, шкаф, гарнитур, диван, каравотларнинг харидори талайгина. Асосан аҳоли буюртмаси асосида ишлаймиз. Қолаверса, ташкилот ва идоралар, таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорлик қилаяпмиз. Ётоқхона мебелларининг асосий таркибий қисми ҳисобланган матрасни ҳам ўзимизда тикишни йўлга қўйганмиз. Корхонамизда 3 та доимий иш ўрни яратилган.
Маълумки, мебель ҳар бир уйнинг безагидир. Аҳамиятлиси, бугун юртимиздаги аксар аҳоли хонадонларида зарур уй-рўзғор буюмлари орасида мазкур жиҳозлар асосий ўринни эгаллайди. Уларни харид қилишга эҳтиёж эса мудом юқори. Бу эса юртдошларимизнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга юксалаётганидан далолат, десак тўғри бўлади.
М.ШУҲРАТОВ