Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТДАН "QARSHI СITY"НИ ОБОДОНЛАШТИРИШГА 2,5 МИЛЛИАРД СЎМ ЙЎНАЛТИРИЛАДИ
Кенгаш қарори
Шу йил 26 май куни Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кредитор қарздорликларни қоплаш ва бошқа харажатларга 9 миллиард 86,3 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтириш бўйича қарор қабул қилди.
Депутатларимиз вилоят ҳокимлигининг тегишли таклифини кўриб чиқиб қабул қилган мазкур қарорга мувофиқ, энг кўп маблағ "Qarshi Сity"да қурилган кўп қаватли уйларнинг олдида болалар ўйин майдончалари ўрнатиш, йўлларни асфальт қилиш, турли хил манзарали дарахтлар экиш, яшил ҳудудни барпо этиш ва коммуникация ишларига (2,5 миллиард сўм), Ўзбекистон сиёсий партиялари Қашқадарё вилояти кенгашлари жойлашган биноларни лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва капитал таъмирлаш ишларини бошлашга (1,5 миллиард сўм), шаҳар ва туман ҳокимларининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчиларини сақлаш билан боғлиқ ҳаражатларга (1 миллиард 420,5 миллион сўм) ажратиладиган бўлаяпти.
Шу ўринда эслатиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 126-моддасига кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан вилоят ҳокимлигининг таклифига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинади.
Айни пайтда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг юқорида қайд этилган қарорига биноан Қамаши туманидаги Катта ўра маҳалла фуқаролар йиғинидаги 29-умумтаълим мактабини жорий таъмирлашга 100 миллион сўм, Қарши шаҳридаги Мағзон ва Нахшаб МФЙ маъмурий биноларини таъмирлаш ишларига 370 миллион сўм, Қамаши, Ғузор, Шаҳрисабз ва Миришкор туманларидаги шифокорлар хизмат уйларини таъмирлаш билан боғлиқ харажатларга 450 миллион сўм, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали биносини капитал таъмирлашга 500 миллион сўм, Қарши шаҳридаги "Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйи" биносини капитал таъмирлаш ишларидан ҳосил бўлган қарздорликни қоплашга 500 миллион сўм йўналтириш кўзда тутилган.
Умуман олганда, мазкур қарорга мувофиқ вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларига 1 миллиард 482,6 миллион сўм, кредитор қарздорликларни қоплашга 500 миллион сўм, бошқа харажатларга 7 миллиард 103,7 миллион сўм ажратиш режалаштирилган.
Ўз мухбиримиз