Меню
Қашқадарё
«МАҲАЛЛАМИЗ ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ БИЗ БИЛАН ҚЎШНИ»
Таъкидлаб ўтиш жоиз, профилактика инспектори Миркомил Муродовнинг хизмат уйи маҳалла фуқаролар йиғини биносининг ёнгинасида жойлашган. Бу унинг ҳар доим маҳалла ичида бўлишига замин ҳозирлайди.
- Муҳтарам Президентимизнинг профилактика инспекторлари иши самарадорлигини ошириш борасидаги кўрсатмалари асосида ўзимга бириктирилган маъмурий ҳудуддан 3 хонали хизмат уйи билан таъминландим, - дейди капитан Миркомил Муродов. - Бу эса куну-тун хизматда бўлишимга, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйишимга имкон туғдирди. Масалан, аввал Косон туманидан қатнаб ишлардим. Табиийки, эрталаб етиб келгунимга қадар вақт йўқотиларди, кечаси маҳалла ичида бўла олмасдим. Ҳозир эса уйим шу ерда, оила аъзоларим ёнимда. Фуқаролар ҳам бирор масала чиқса, хоҳлаган пайтларида келиб мурожаат этаверишади. Бундан ташқари, ишхонамда видеоконференцалоқа воситаси мавжуд. Бир қанча муҳим йиғилишларда ўз хонамда туриб иштирок этиш имкони бор. Бу ҳам доим маҳалла ҳудудида бўлишимга шароит яратаяпти.
Қайд этиш лозимки, маҳаллага кириб келадиган 8 та кўча чорраҳасига видеокузатув воситаси ўрнатилгани профилактика инспекторининг ўз хонасида туриб маҳаллага кириб келаётган бегона машина ёки шахсларни доимий кузатиб боришида қўл келмоқда.
Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг давомат масаласи ҳам бевосита маҳалла идорасидан туриб назорат қилинади. Бу иш вояга етмаганлар ҳамда ёшлар билан ишлаш хизмати инспектори, катта лейтенант Суҳроб Раҳмоновнинг зиммасида.
- Маҳалла ҳудудида жойлашган 21-сонли ўрта мактабга “СМС-турникет” ўрнатилган, - дейди у. - Ҳар бир ўқувчи мактабга кириши билан бу ҳақда хонадаги компьютерга маълумот етиб келади. Агар бирор ўқувчи дарсга бормаса, дарҳол маҳалла раиси, профилактика инспектори ва маслаҳатчи билан биргаликда аввал мактабга, сўнг ўша ўқувчининг уйига бориб, ҳолатга ойдинлик киритамиз. Фарзандини асоссиз мактабга юбормаган ота-оналар билан тушунтириш ишларини олиб борамиз.
Ушбу замонавий тизим чиндан ҳам иш бермоқда. Буни 2017 йилнинг дастлабки уч ойида мазкур мактабда давоматнинг энг паст кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этганидан ҳам билиш мумкин.
Маҳаллада “Ҳар куни ўнта хонадон” тартибининг жорий қилингани эса фуқаролар йиғини масъуллари, профилактика инспекторининг аҳоли билан яқинлигини янада оширмоқда.
– Президентимиз маҳалламизга ташрифи вақтида бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак, дея таъкидлаган эди, - дейди Гулшан маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Ўроқов. – Чунки одамларнинг муаммоси бўлмаса, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик ҳам бўлмайди. Шу боис кўпроқ улар билан суҳбатлашиш, диллашишга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳозирда барча фаолларимиз ҳар куни эрталаб 10 тадан хонадонга кириб, одамларнинг дарди, уларни қийнаётган масалаларни сўраб-суриштиради. Кимнингдир бирор муаммоси бўлса, биргалашиб ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Натижада аҳолининг маҳаллага нисбатан ишончи ортмоқда. Қандай муаммоси бўлса тўғри шу ерга келишаяпти.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг профилактика инспекторлари маҳалла ҳудудида яшаши, маҳалла раиси билан биргаликда ҳар бир оила ҳолидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши, бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилиши лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, одамларнинг хотиржамлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Иш ана шу асосда ташкил этилган Гулшан маҳалласида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилмагани эса фикримизни яна бир бор тасдиқлайди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, ҳозирги кунга қадар вилоятимиздаги 4 та маҳаллада профилактика инспектори замонавий хизмат уйи ва иш жараёни учун муҳим бўлган шарт-шароитлар билан таъминланди. Келгусида бу имконият барча маҳаллаларда яратилиши белгиланган.
Ж.БОЙМУРОДОВ