Меню

Қашқадарё

03.03.2018 1957

МАҲАЛЛАДА ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ БЎЙИЧА МУТАХАССИС ЛАВОЗИМИГА КИМЛАР ТАЙИНЛАНАДИ?

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳар томонлама тўкис, бахтли ҳаёт кечиришига, уларнинг жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришига, шунингдек, оила институтини янада мустаҳкамлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Маълумки, маҳаллаларда бу борадаги вазифаларни илгари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бажариши белгиланганди. Ушбу лавозим 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон асосида жорий этилган бўлиб, бу вазифада катта ҳаётий тажрибага эга, аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, миллий-диний анъана ва урф-одатларни ривожлантириш борасида ижобий таъсир кўрсата оладиган кишиларгина ишлаши кўрсатиб ўтилган эди.

Ўз навбатида нафақат дунёвий, балки диний илмдан ҳам хабардор бўлиш талаб қилинарди. Маслаҳатчи ўзини тутиши, кийиниш одоби, муомаласи билан маҳалладаги қиз-жувонлар, келину қайноналарга ўрнак бўла олиши, шундагина унинг сўзи ўткир, таъсирли, фаолияти эса самарали бўлиши қайд этилганди.

Тан олиш керак, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар бу вазифаларни етарлича адо этишолмади. Улар томонидан вилоятимизда оилалардаги нотинчлик сабабларини аниқлаш, уларга ижтимоий кўмак бериш, маънавий соғломлаштириш ишлари қаторида ноқонуний никоҳ, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг кўламли тушунтириш ва профилактик тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйиб келинди. Нотинч оилалар, жазони ижро этиш  муассасаларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни мунтазам назорат қилиб бориш ҳамда маҳалладаги осойишталикнинг бузилишига сабаб бўлаётган оилаларни ўрганиб, муаммоларга барҳам бериши зарур бўлса-да, бунга панжа орасидан қараб келганлар. Бу эса маҳаллаларда оилавий ажримларнинг кўпайишига, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ортишига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.

Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятимизда 1957 та ажрим қайд этилган. Бу 2016 йилга нисбатан 125 тага кўп. Оилавий ажримлар сони Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Китоб, Ғузор, Қамаши, Қарши, Косон, Яккабоғ туманларида кўп. Шунингдек, Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Косон, Чироқчи, Қарши туманларида нотинч оилалар сони сезиларли даражада ошган. Диний оқим таъсирига тушиб қолганлар эса Қарши шаҳри, Қарши ва Шаҳрисабз туманларида кўпроқ қайд этилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳам ўз самарасини бермаганлиги оқибатида Қарши шаҳри ҳудудида яшовчи 9458 нафар киши иш топиш ва бошқа мақсадларда яшаш манзилидан узоқ муддатга чиқиб кетган. Улар орасида 22 нафар диний экстремистик оқим аъзолари ва 30 нафар муқаддам судланганлар мавжуд. Диний маслаҳатчилар эса маҳаллаларидаги четга чиқиб кетганларнинг қаерда экани ва турли оқимлар таъсирига берилган-берилмаганини аниқлашга атрофлича ёндашмаганлар.

- Эл ишончини оқлаб, одамлар ҳурматига сазовор бўлаётган, маслаҳатчилик лавозимига бир неча бор қайта сайланиб, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётганлари ҳам анчагина, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Косон тумани кенгаши масъул ходими Холида Бафоева. –Лекин тан олиш керак, чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллалардаги маслаҳатчиларнинг кўпчилиги соҳани тўлиқ тушунмайди. Бунга уларнинг етарли ҳаётий тажрибага эга эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Энг ачинарлиси, айрим маслаҳатчилар ўз вазифаси нималардан иборат эканлигини, ҳаттоки ўз лавозими номи қандайлигини тўлиқ билишмайди. Шундай экан, улардан тайинли амалий иш кутиб бўладими?

Ахир ўз вазифасини билмаган маслаҳатчи қандай қилиб оилаларни яраштириши, ёшларни “оммавий маданият” таҳдидларидан, диний экстремизм хавф-хатаридан асраши мумкин? Бу тоифадаги одамлар қай йўсинда ёш келин-куёвга насиҳат қила олади? Ахир, бировга йўл-йўриқ кўрсатмоқчи бўлган киши, аввало, ўзи билимли, тажрибали бўлиши, халқнинг кўнглига йўл топа олиши керак-ку.

-  Маҳалламиз туман марказидан 40 километр узоқликда жойлашган, -  дейди Косон туманидаги Тинчлик  маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Сафар Султонов. - Айни пайтда маҳалламизда 3284 нафар аҳоли истиқомат қилса, шундан 1861 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Чўл шароитида яшаганлигимиз учун хотин-қизларимиз ичида олий маълумотли, кенг дунёвий ва диний билимга эга, оилаларга тўғридан-тўғри кириб бора оладиганлари деярли йўқ. Шу сабабли бу лавозимга номзод топиш биз учун муаммо.

Энди Президент  фармони билан жорий йилнинг 1 апрелидан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар  билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Ўз ўрнида илгари йўл қўйилган камчилик ва муаммолар ҳам инобатга олинди. Хатоларни такрорламаслик чора-тадбирлари белгиланди.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, бу янги лавозимларга кимлар тайинланади? Аввал ўз лавозимини масъулият билан бажармаган, тайёр тадбирларга шерикликдан нарига ўтолмаган, ҳатто қоғоз-қаламни ҳам уддалолмаган диний маслаҳатчими ёки ҳаётий тажрибаси билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлган аёлми? Ёки шижоатга тўла, кенг дунёқарашли, ўз иш услубига эга, қолаверса, олий маълумотли, аввал қўл урган бир-икки ижобий ишлари билан танилган номзодми? Буниси тегишли мутасаддиларга боғлиқ. Биз эса жараённи кузатиб борамиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!