Меню

Қашқадарё

13.02.2018 1693

МАҲАЛЛАДА ЁШЛАР БИЛАН КИМ ИШЛАЯПТИ?

Хўш, қарор ижроси жойларда қандай бажарилаяпти ва бу қай даражада натижа бермоқда? Бу саволларга жавоб топиш мақсадида Қарши шаҳридаги Нуристон маҳалласида бўлдик.

Мазкур йиғин раиси Абдуахат Қулмуродовнинг айтишича,  маҳалладаги 10 минг 300 нафардан зиёд аҳолининг қарийб 60 фоизи ёшлар экан. Ана шу рақамнинг ўзиёқ ҳудудда ёшлар тарбияси, уларнинг маънавияти, ахлоқ ва одоби билан шуғулланиш кундалик вазифага айланиши лозимлигини кўрсатиб турибди. Мактаб, коллеж ёшидагилар 1324 нафарни ташкил этади. Уларнинг таълим муассасаларига қатновини - давоматини доимий таҳлил этиб боришга раис ўринбосари Ёқуб Кенжаев масъул этиб биркитилган. Дарс пайтлари ўқувчиларнинг турли кўнгилочар масканларда, интернет-кафе ёки компьютер-клубларида бўлишининг олдини олишда ҳам унинг саъй-ҳаракати яхши самара бермоқда. У маҳалла фаоллари билан биргаликда кичик мутахассисларнинг бандлигини таъминлашда ҳам ижобий кўрсаткичларга эришмоқда. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтишини таъминлашда унга маҳалла фаоллари ва кўчабошилар кўмак бераяпти. Ҳар бир ўғил-қизнинг юриш-туриши, уларнинг кўча-кўйда ва жамоат орасида ўзини тутиши доимий эътиборда.

 Маҳалла қошида ташкил этилган шахмат-шашка, футбол тўгараклари ёшларнинг дарсдан сўнг ошиқадиган севимли масканига айланган. Маҳалла ёшларидан ташкил топган футбол жамоаси маҳаллалар ўртасида ўтказилган "Футболимиз келажаги" мусобақасида юқори натижага эришгани шунинг натижаси. Бундан ташқари, ёшлар тикувчилик, тўқувчилик, сартарошлик, этикдўзлик ва қуроқчилик сингари ҳунарларни ўрганиши учун моҳир ҳунарманд-усталарга шогирд қилиб берилган. Маҳаллада "Бир устага - ўн шогирд" ҳаракатининг фаолияти йўлга қўйилган.

- Фарзандларимизни жисмонан соғлом бўлиш билан бирга маънан етук, мустақил фикрлай оладиган, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга инсонлар этиб тарбиялашда уларни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш муҳим вазифа, - дейди Ёқуб Кенжаев. - Зеро, уларни бузғунчи ғоя ва фикрларга маърифат билан жавоб қайтара оладиган юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш пировард мақсадимиздир. Биз тизимли равишда прокуратура, ички ишлар, тиббиёт, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаяпмиз. "Ўқувчилар ўртасида жиноятчилик, хуқуқбузарлик, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олишда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги", "Оммавий маданият билан боғлиқ мафкурафий таҳдидлар", "Ота-она - оила таянчи", "Гиёҳвандлик - аср вабоси" сингари жуда кўплаб мавзулардаги давра суҳбатлари, очиқ мулоқотларни ташкил этиб келмоқдамиз. "Бепарволик оқибати", "Адашганлар қисмати" каби видеороликлар намойиши нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорламоқда.

Ёшлар ўртасида соғлом муҳитни қарор топтиришда, аввало, оила алоҳида ўрин тутади. Боланинг ақлий ривожланишининг 70 фоизи мактабгача ёшга тўғри келишини ҳисобга олсак, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит ёш авлоднинг  шаклланишига жиддий таъсир кўрсатишини англаш қийин эмас. Шуларга мос равишда маҳалла фаоллари ва ички ишлар ходимлари ҳудуддаги оилаларнинг турмуш тарзини ҳамда ота-оналарнинг фарзандига нисбатан муносабати ва масъулиятини ўрганиб, зарур ҳолларда кўмаклашиб келмоқда. Ўтказилаётган рейдлар ҳамда жойларда ташкиллаштирилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, ота-оналар билан учрашувлар мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.

Ота-оналар билан ўтказиладиган учрашувларда болалар оилада етарлича меҳр тополмаслиги оқибатида кўчага чиқиб кетиши мумкинлиги ва бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш лозимлиги, фарзанд учун, энг аввало, ота-она шахсий намуна бўлиши зарурлиги атрофлича тушунтирилаяпти. Ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.

Йиғин мутасаддилари берган маълумотга кўра, ўтган йили касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларнинг 20 нафардан зиёди олий ўқув юртига ўқишга кирган. Яъни улар келгуси ҳаёт йўлини танлаган, мақсадини аниқлаштирган. Бундан  ташқари, йиғин томонидан берилган йўлланма асосида бир қанча ўғил-қиз шаҳар бандлик маркази ҳузуридаги ўқув марказида касбий билим ҳамда ҳунар эгалламоқда. Ўз навбатида уюшмаган ёшлар, яъни вақтинча ишсизлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёқуб Кенжаев бу жараёнда ёшлар билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш муаммолар ечими учун зарур деб ҳисоблайди. Албатта, бу синалган услуб ўз самарасини бермай қолмайди.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!