Меню
Қашқадарё
Маҳалла раиси МИБ ходимини болта билан жароҳатлади
Касби туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мажбурий ижро бюроси ходимини болта билан жароҳатлади. Ҳодиса 20 январь куни содир бўлгани айтилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов ушбу воқеа юз берганини тасдиқлади. Унинг “Xabar.uz”га билдиришича, ёқимсиз ҳолат МИБ ходимининг суд ҳужжати ижроси жараёнида рўй берган. Яъни, суд ҳужжатига кўра, қарздор Б.Қ.дан давлат фойдасига 10 миллион 731 минг 742 сўм солиқ қарздорлиги ҳамда 429 минг 270 сўм давлат божини ундириш белгиланган. Бироқ маҳалла раиси (айни вақтда қарздор) ижро ҳаракатларини амалга ошираётган ходимнинг ишига тўсқинлик қилиб, хонадонидан олиб чиққан болта билан унинг чап елкаси орқа томонига тан жароҳати етказган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Касби тумани прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.
Таҳририятимиз мухбирининг аниқлик киритишича, МИБ ходимига болта кўтарган шахс Б.Қ. Хўжақарлиқ маҳалласи раиси ҳисобланади.