Меню

Қашқадарё

23.03.2023 6121

Маҳалла раиси “Дўстлик” ордени, ҳамшира “Саломатлик” ордени, хотин-қизлар фаоли эса “Соғлом турмуш” медали билан мукофотланди

Эътироф

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз, шу жумладан, уч нафар қашқадарёлик юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Хусусан, мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу тамойил асосида маҳалланинг ўрни ва нуфузини юксалтириш, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги катта хизматлари, халқимиз орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп асрлик анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Қашқадарёдан қуйидагилар мукофотланди:

“Дўстлик” ордени билан

Одиров Нурилло Зиядуллаевич – Косон туманидаги “Эсабой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси

II даражали “Саломатлик” ордени билан

Бобоқулова Холбека Нормурадовна – Чироқчи туманидаги “Ўзбекистон” оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси

“Соғлом турмуш” медали билан

Кулмирзаева Мелихол Узаковна – Қарши туманидаги “Талликурон” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли

***

Шунингдек, жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ воҳадошларимиз – фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари  “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишон билан тақдирланди.

Кеча вилоят ҳокимлигида тантанали маросим ташкил этилиб, тақдирланганларга орденлар, медаль ва кўкрак нишонлари ҳамда уларнинг гувоҳномалари ва бир марталик пул мукофотлари топширилди. Тадбир доирасида вилоят ҳокими Муротжон Азимов  маҳалла тизими ходимлари билан мулоқот қилди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!