Меню

Қашқадарё

11.07.2024 6063

МАҲАЛЛА ОБОДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ТУБДАН ЯНГИ ТИЗИМ ЯРАТИЛМОҚДА

Қарор ва шарҳ

Шу йил якунига қадар юртимизнинг 200 дан ортиқ шаҳар ва туманларидаги маҳаллаларда, эксперимент тариқасида, хусусий сектор иштирокида маҳалла ободлигини таъминлаш бўйича тубдан янги тизим жорий этилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 июндаги "Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қайд этилганидек, мазкур эксперимент Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари таклифига биноан Фарғона вилояти Бағдод тумани Юксалиш МФЙ тажрибаси асосида ўтказилади.

Вилоятимизда бу эксперимент Қарши шаҳридаги Қиличбек Қўрғонча, Нишон туманидаги Пахтазор, Касби туманидаги Майманоқ, Ғузор туманидаги Гулистон, Муборак туманидаги Сариқ, Китоб туманидаги Денов, Яккабоғ туманидаги Чинобод, Қарши туманидаги Омонтепа, Миришкор туманидаги Гулистон, Шаҳрисабз туманидаги Мираки ва Сарчашма, Косон туманидаги Гулбоғ, Деҳқонобод туманидаги Ўзбекистон, Кўкдала туманидаги Олтин дала, Қамаши туманидаги Қамай ва Чироқчи туманидаги Наврўз маҳаллаларини қамраб олади. Уларнинг ҳар бирида МФЙ кенгаши қарори асосида салоҳиятли тадбиркорлар орасидан танлаб олинадиган ва маҳалла ободлиги билан шуғулланадиган "Маҳалла сервис компанияси" фаолияти ташкил этилади.


МФЙ ва сервис компанияси ўртасида хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш истисно тариқасида тўғридан-тўғри амалга оширилиб, ҳудуд ободлигини таъминлаш ишлари МФЙ буюртмаси ва назорати остида бажарилади. Сервис компаниясига маҳалла биноси ҳудудида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида хоналар ажратилади, шунингдек, бу компанияга Президент қарорига асосан махсус харид қилинадиган техник воситалар ва ускуналар (электр мотороллер, мотокультиватор, пульверизатор (компрессори билан), мотоарра,  дезинфекция ва пайвандлаш ускуналари, электр генератор, перфоратор ва ҳоказо) уларни соз ва ишчи ҳолатда сақлаш шарти билан бепул фойдаланиш учун берилади. Ҳудуд ободлигини таъминлаш билан шуғулланувчи янги тузилмага устувор равишда шу маҳаллада истиқомат қилувчи, вақтинча ишсиз, мавсумий ишларга чиқадиган фуқаролар жалб қилинади.


Маҳалла сервис компанияси айнан қандай вазифаларни амалга оширади, деган саволга ҳам қарордан аниқ жавоб олиш мумкин. Ҳужжатда кўрсатилишича, сервис компаниялари МФЙ буюртмаси асосида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хизматларини бажариб, ариқлар ва суғориш тизимларини тозалайди, кўчаларнинг тозалигини таъминлайди, кўчатлар экиб, парваришлайди. Айни пайтда, шартнома асосида чиқиндиларни йиғиб саралайди, уларнинг махсус корхоналар томонидан олиб чиқиб кетилишини ташкил этади, ижтимоий соҳа объектларида ободонлаштириш ва коммунал эксплуатация хизматларини кўрсатади. Бундан ташқари, сервис компаниялари аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ерга ишлов, дарахтларга эса шакл бериш, маиший техникалар ва уй жиҳозларини таъмирлаш, электрик ва сантехник хизматлари, ойна, ром ва қуёш панеллари ўрнатиш, гилам ювиш, пайвандлаш, тандир ва ўчоқ қуриш, қудуқ қазиш, мўриларни тозалаш, ўт ўриш, ҳашаротларга қарши дорилаш каби бошқа ижтимоий аҳамиятдаги пулли хизматлар кўрсатиш билан ҳам шуғулланади.

Қарорда белгиланганидек, сервис компаниялари маҳаллани обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш, шунингдек, аҳолига бошқа турдаги ижтимоий аҳамиятдаги хизматларни кўрсатиш доирасида фойда, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда ижтимоий солиқ тўловларини тўлашдан, ишчи ва ходимлари эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Яна бир эътиборли жиҳати: аҳолининг ободонлаштириш ва тозалик билан боғлиқ муаммоларини доимий равишда ўрганиш ва бартараф этиш учун экспериментда иштирок этадиган МФЙларга қўшимча бир нафардан ходим ажратилади. Шу билан бирга бу маҳаллаларга туташ бўлган ҳудудларда чиқинди йиғиш шохобчаларини қуриш учун ер майдонлари ажратилиши ҳам назарда тутилган.

Эксперимент натижасига кўра хусусий сектор иштирокида маҳаллалар ободлигини таъминлаш бўйича янги тизимни республиканинг барча маҳаллаларида жорий этиш таклифи мамлакат ҳукуматига келгуси йилнинг 1 январига қадар киритилиши лозим.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!