Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛА - МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими қатор ҳамкор ташкилотлар билан ташкил этган ушбу тадбирда танловнинг шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 14 та жамоа 3 шарт бўйича ўзаро беллашди.
Умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олаётган ўғил-қизлар иштирокида ўтган ушбу анъанавий кўрик-танлов ёш авлодни тарихимиз, маънавиятимиз, анъана ва урф-одатларимиз ҳамда маданий меросимизга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камолга етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни чоғда ёшларнинг ўзи истиқомат қилаётган маҳалла билан боғлиқ билимларини мустаҳкамлаш, "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?", "Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?" деган саволлар моҳиятини теран англаб етишига кўмаклашиш, шунингдек, навқирон авлоднинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳам кўзда тутилганки, ушбу танлов қамрови йил сайин кенгайиб бораяпти.
Таъкидландики, бугунги кунда вилоятда истиқомат қилаётган аҳолининг қарийб 60 фоизини 18 ёшгача бўлган ўсмир ва ёшлар ташкил этади. 95 минг нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам равишда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида турли спорт турлари билан шуғулланиб келмоқда. 2016 йилда вилоятимиз спортчи ёшлари жаҳон ареналарида 214 та, мамлакатимиз миқёсида ўтказилган мусобақаларда 692 та медаль билан тақдирландилар, республика ва халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритган ёшлар қандай буюк аждодларга ворис эканликларини намоён этишди.
Шунга монанд кўрик-танлов ҳам қизғин ва соғлом рақобат руҳида ўтди. Биринчи шартда ёшлар ўз маҳалласи ҳақида, жамият ҳаётида маҳалланинг ўрни, "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлигининг аҳамияти хусусидаги қарашларини слайдлар асосида, ижодий ёндашган ҳолда намойиш қилишди.
Сўнг уларнинг маҳалла тизими ҳақидаги билимлари ва глобаллашув жараёнларидаги долзарб масалаларга муносабати савол-жавоб асосида синовдан ўтказилди. Танлов шартига кўра ёзилган иншолар асосида иштирокчиларнинг шахсий нуқтаи назар, кузатувчанлик, мушоҳада юритиш, фикрий кетма-кетликка риоя қилиш маҳоратлари баҳолаб борилди.
Натижаларга кўра, Шаҳрисабз туманидаги Боғибаҳор маҳалла фуқаролар йиғинининг "Боғибаҳор" жамоаси 1-ўринни ва кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қарши туманидаги Ертепа маҳалла фуқаролар йиғинининг "Ниҳол" жамоаси иккинчи, Қарши шаҳридаги Чўлқувар маҳалласининг "Амур Темур авлодлари" жамоаси учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
- Маҳалламиз фаолияти, тизимга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан яқиндан танишиб, ҳудуд тарихи, аҳолининг ўзига хос турмуш тарзи, удумлари, қадрият ва анъаналарини чуқурроқ ўрганиш давомида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, - дейди "Боғибаҳор" жамоаси сардори, Шаҳрисабз қурилиш касб-ҳунар коллежининг биринчи босқич ўқувчиси Зарнигор Жуманиёзова. - Бугун ана шу билимларимизни синовдан ўтказдик, тенгдошларимиз билан фикр алмашдик.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Фаол иштирок этган жамоалар қўшимча номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.