Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛА МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА ҚАРШИ
“Умид” хайрия жамғармаси, Жаҳон диабет жамғармаси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Қарши шаҳри, Ғузор ва Қарши тумани маҳаллаларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 365 миллиондан зиёд инсон қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда. Агар самарали чоралар кўрилмаса, 25 йилдан сўнг ҳар олтинчи одам, аср ўрталарига бориб эса ҳар иккинчи одам мазкур хасталикка чалиниши мумкин.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда қандли диабет билан оғриган 140 мингга яқин бемор диспансер ҳисобида туради. Шунинг 1300 нафардан зиёдини болалар ташкил этади. Бундан кўринадики, мазкур хасталикка олиб келадиган омилларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.
- Эндокринология йўналишида тиббий ёрдам кўрсатиш соғлиқни сақлаш тизимида алоҳида ўрин тутади, - дейди “Умид” хайрия жамғармаси раиси Нилуфар Ибрагимова. - Чунки эндокрин касалликлар кўп ҳолларда сурункали бўлиб, ўлим, ногиронлик ёки оғир асоратларга сабаб бўлади. Давра суҳбатини ташкил этишдан кўзланган мақсад аҳолининг диққат-эътиборини ушбу тиббий-ижтимоий муаммога қаратиш, уларга қандли диабет хасталиги ҳақида тўла-тўкис маълумот бериш, тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат. Маслаҳатчилар бу борада бизга яқиндан ёрдам берадилар. Чунки улар келгусида биздан олган билимларини ўз маҳаллаларида патронаж ҳамширалари билан биргаликда хонадонма-хонадон тарғиб қилиб борадилар.
Тадбирда мазкур вазифалар юзасидан тавсиялар берилди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда эътибор қаратиладиган жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Давра суҳбати қизғин савол-жавоб руҳида ўтди.
Шоҳиста БОЗОРОВА