Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛА ИШИГА ТОМОШАБИН ЭМАС, ҲАҚИҚИЙ ЖОНКУЯРЛАР КЕРАК
Албатта, меҳнат, бирдамлик бор жойда барака, ишда унум бўлади. Буни Қарши шаҳридаги Маҳаллот маҳалла фуқаролар йиғини мисолида кўриб чиқсак, кенгашиб иш тутишда ҳикмат кўп эканига гувоҳ бўласиз. Маҳалла фуқаролар йиғини қошида 8 комиссия, 10 га яқин маслаҳатчи фаолият кўрсатади. Ҳар бир комиссиянинг фаолият йўналиши аниқ. Мақсад ва вазифалари низом асосида белгилаб қўйилган.
Комиссия аъзолари, маслаҳатчилар ҳар ҳафта ҳудудни айланиб чиқишади. Ахир одамлар орасида юрмасдан, уларнинг турмуш тарзини билмасдан маҳаллада ишлаб бўлмайди. Бировга бир гапни айтишдан олдин аввало уни ўзингиз ҳис қилишингиз керак. Айниқса, хотин-қизлар билан ишлаш алоҳида масъулият талаб қилади. Чунки уйда ўтирган аёллар бандлигини таъминлаш, балоғат ёшидаги қизларни турмушга тайёрлаш, эрта турмушнинг олдини олиш каби долзарб масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди-ку.
Маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ибодат Аҳмедованинг айтишича, яқиндагина маҳаллада яшовчи бир ўқувчи қиз унаштириб қўйилган ва тўйга тараддуд кўрила бошланган. Маҳалла аҳли бирданига ҳали коллежни тугатмаган қиз турмушга чиқишининг олдини олиш чораларини кўришади. Бўлажак қудалар билан суҳбатлашилади. Қолаверса, бунга куёв томон – қўшни маҳалла фаоллари ҳам жалб қилинади. Натижада тўйни келин бўлмиш коллежни битириб, ишга жойлашгандан сўнг ўтказишга келишиб олишади. Ҳозирда бу қиз касаначилик асосида тикувчилик билан шуғулланиш баробарида маҳалла қошида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгарагининг фаол аъзоси. Мазкур тўгаракда 30 нафарга яқин қиз дарсдан бўш вақтларида уй-рўзғор юмушларини қунт билан ўрганиб, катта ҳаётга тайёргарлик кўрмоқдалар.
- Жорий йилнинг биринчи чорагида маҳалламиздаги барча хотин-қизларни, айниқса, фертиль ёшидаги аёллар ва мактабда ўқиётган қизларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказдик, - дейди хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия раиси Дилором Ҳамроева. - Бу тадбир уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқишимизга асос яратди. Ҳозирда ҳар бир оилада яшовчи хотин-қизларнинг тиббий ҳолати бизга ойдек равшан. Ҳудудимизга бириктирилган тиббиёт вакиллари – патронаж ҳамширалари билан уйма-уй юриб, аҳоли ўртасида суҳбат ва учрашувлар ўтказаяпмиз, уй бекаларига фойдали маслаҳатлар бераяпмиз. Бунда хонадон саришталигини таъминлашдан тортиб, томорқадан фойдаланишгача бўлган барча масалалар қамраб олинган. Бизни қувонтиргани, ўтган бир неча йил давомида маҳаллада қизларни эрта турмушга узатиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, вояга етмаганлар билан боғлиқ бирорта жиноятчилик ҳолати қайд этилмади.
Дарҳақиқат, бу кичик натижа эмас. Жон койитувчи, кайвони кишилар бор ва уларнинг хизмати сабаб кўпни бир мақсад сари бошлаш қийин кечмаяпти. Шундай экан, ўтган йили биргина Маҳаллот маҳалласининг 30 нафардан зиёд ўғил-қизи олий ўқув юртига ўқишга кирганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Кўриб турганингиздек, ўзаро аҳиллик, бирдамлик бор жойда ютуқлар бардавом бўлаверади.
* * *
Энди шунинг аксини олиб кўрайлик. Дейлик, Китоб туманидаги Қайнарбулоқ маҳалласи мисолида.
Мазкур маҳаллада оила аъзолари ўртасидаги муросасизлик, ўзаро келишмовчилик, мунтазам спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, оила бошлиғининг хорижга кетиб қолиши каби носоғлом вазиятга тушиб қолган оилаларнинг кўпроқ учраётгани ҳудудда соғлом турмуш тарзи борасида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини тақозо этади.
Маҳаллада 9 минг 847 нафар киши 2 минг 656 та оилада истиқомат қилади. Улар орасида хорижга ишлаш мақсадида чиқиб кетганлар бир неча юз нафарни ташкил этса, шундан 38 нафари хотин-қизлар экани ниҳоятда ачинарлидир. Хўш, бу аёллар нега хорижга бориб ишлашни афзал кўришди? Бу ҳақда ушбу ҳудуддаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Сайёра Тўрабоевага мурожаат этганимизда, у маҳаллада қанча хотин-қиз яшаши, қанча аёл четга ишлаш учун кетганини билмаслиги аён бўлди. Эканки, мактабдан ортиб маҳаллага аралашишга вақт тополмаяпти. Шундай экан, уни хотин-қизлар билан ишлаш комиссиясига жалб қилишдан мақсад-мантиқ нима? Маҳалла раиси шу ҳақда ўйлаб кўрганмикан?
Ишлар тўғри йўлга қўйилмагани учун ҳам ўтган 2016 йилда мазкур ҳудудда 16 та оилавий ажрим қайд этилган. Тўғри, бунинг сабаблари кўп. Оилавий келишмовчиликларнинг асосий қисми маиший-иқтисодий муаммолар билан боғлиқ. Қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар, айрим эркакларнинг фарзандлари тарбиясидаги бурч ва масъулиятини унутиб, оила таъминотига эътибор қаратмай қўйгани ажримларнинг бош сабаби.
Бироқ маҳалла фаоллари-чи?! Наҳотки улар барчасига кўз юмиб, томошабин бўлиб турган бўлишса. Бундан иш бўладими? Ажрашишлар, хорижга чиқиб кетиш, эрта никоҳдан охир-оқибатда ким жабр кўради? Сизу биз, жамият эмасми?
Ҳар бир оиланинг турмуш тарзи, одатлари, муомалаю муносабат шакли турлича. Аммо оилани мустаҳкам қиладиган бир ўзак тушунча борки, бу ўзаро ҳурмат, ишонч ва меҳр уйғунлигидир. Бу туйғулар барқарорлиги туфайли оила соғлом, мустаҳкам, ҳар жиҳатдан ибратга лойиқ бўлади. Акс ҳолда турли муаммолар, қалтис вазиятлар юзага келиб, бундай оила жамиятнинг оғриғига айланади. Маҳалла фаоллари, кайвонилар ана шу ҳақиқатни билган, ҳис қилган ҳолда иш тутишса, бари бадастир бўлади.
Шоҳиста БОЗОРОВА