Меню

Қашқадарё

31.01.2020 1386

МАҲАЛЛА ИШИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида энг кўп қўлланилган сўзлар - "халқимиз", "ислоҳотлар", "натижадорлик", "ривожлантириш", "ўзгаришлар" каби сўзлар бўлгани мамлакат ва аҳоли тараққиёти, равнақига нечоғлик юксак эътибор қаратилаётганини яна бир бор тасдиқлаб турибди.

Маърузада маҳаллани халқчил ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи таъсирчан институтга айлантириш ҳақида билдирилган фикрлар барча маҳалла оқсоқоллари, фаолларни жуда тўлқинлантирди.

Дарҳақиқат, барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, устимизда ишласак, ҳар бир вазифани мукаммал ва унумли бажарсак, бугунги замонавий билимларни пухта ўзлаштирсак, энг асосийси, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз тубдан ўзгаради.

Янги тамойил - жамият ислоҳотларнинг ташаббускори бўлиши керак, деган устувор ғоя бош мақсадимиз бўлади.

Вилоятимиздаги 768 та маҳаллада жиноятчиликнинг, оилавий ажримларнинг олдини олишга эришиб, кишиларни даромад топадиган тадбиркорлик руҳига монанд тарзда яшашга ундасак, халқнинг розилигига эришсак, муқаддас бурчимизни бажарган бўламиз.

Уйма-уй юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларни ўз вақтида мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини самарали қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишдаги фаол иштирок маҳалла институтининг халқимиз орасидаги обрўсини оширади.

Мурожаатда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда маҳалла ободлигини рўёбга чиқариш мақсадида "Обод маҳалла - хавфсиз маҳалла" янги концепцияси илгари сурилди, мутлақо янгича тизим яратиш талаби қўйилди.

Шунга мувофиқ,  корхона ва ташкилотлар, шунингдек, бўш турган биноларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларга имконият яратиб берамиз. Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади, хатлов асосида хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир маҳалла, қишлоқдаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар  аниқланади.

Улар аввало мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилади, шунингдек, уларнинг хоҳиш-истакларига кўра қайси йўналишда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлса, талаб этиладиган маблағ банклар томонидан берилади.

Йил номига мос равишда илм, маърифат,  технологияларни энг қуйи тузилма - маҳаллаларда изчил йўлга қўйиш устувор вазифамиздир.

Омон ХУШМУРОДОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!