Меню

Қашқадарё

01.09.2022 5425

"МАҲАЛЛА ИФТИХОРИ" КЎКРАК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Тақдирлаш маросими

Вилоят ҳокимлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги байрами арафасида қашқадарёлик маҳалла фаолларидан 44 нафарига "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони топширилди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирокчиларни қутлуғ айём билан муборакбод этиб, кўкрак нишонларини ўз эгаларига топшираркан, ушбу эътироф юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигининг ўзига хос намунаси эканлигини алоҳида таъкидлади.

"Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони соҳибларига "Маҳалла" хайрия жамоат фонди томонидан бир йўла тўланадиган пул мукофоти ва мамлакатимиздаги санаторийларда даволаниш учун бир марталик бепул йўлланма ҳам берилди.

- 21 йилдан буён маҳалла тизимида фаолият олиб бораман, - дейди Ғузор туманидаги Обиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамидулла Мейлиқулов. - 2021-2022 йиллар давомида кучли бешлик - раис, ҳокимнинг маҳалламиздаги ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори биргаликда иш олиб бордик ва юқори натижага эришдик. Шу йиллар давомида маҳаллада бирорта ҳам жиноят, оилавий ажрим қайд этилмади. 2021 йилда маҳалламизда "Обод қишлоқ" дастури доирасида жуда катта  бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Маҳалламиз биноси ҳам қайтадан реконструкция қилинди. Кўксимга "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони тақиларкан, жудаям руҳланиб кетдим, юрагим ғурур ва ифтихорга тўлди. Бу нишонни барча маҳалладошларим ютуғи, ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларимиз самараси деб биламан. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!