Меню
Қашқадарё
МАҲАЛЛА ФАОЛЛАРИ ЎҚУВИДА 92 НАФАР ТИНГЛОВЧИ
- 36 соатлик машғулотларга вилоятдаги олий ўқув юртларининг тажрибали ўқитувчилари ҳамда амалиётчи мутахассислар жалб этилган, - дейди муассаса раҳбари Фарҳод Омонов. - Машғулотларда ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, миллий қадриятларни тарғиб этиш, оилавий тадбиркорлик, ёшларни касбга йўналтириш, аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя сингари мавзуларда мутахассисларнинг маърузалари тингланмоқда. Ўқув жараёни замонавий шакл ва методлардан, илғор педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борилаяпти.
Дарҳақиқат, тингловчилар соҳага оид 200 дан ортиқ турли адабиётлар билан бойитилган ахборот-ресурс марказидан фойдаланиш имконига эга. Марказ қошида махсус компьютер хонаси ташкил этилган. Яна бир хонада туманлардан келган фуқаролар йиғинлари раислари машғулот билан банд.
“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари эса амалиётчи мутахассис, истеъфодаги подполковник Хасан Ходжаевнинг жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга бағишланган маърузасини тинглашмоқда. Кузатамиз: барча фаол, ўз фикрини баён қилишга, билмаганини ўрганишга ошиқади. “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” мавзусида сўз юритилар экан, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмаслиги, асосий масала оқибатлар билан курашиш эмас, балки жиноятнинг барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборат экани алоҳида таъкидланади.
- Маҳалламизда 2017 йилда бирорта ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмади, - дейди Шаҳрисабз туманидаги Янгибоғ маҳалла фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари Фахриддин Алланазаров. - Бунга эришиш учун маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори билан аввало майда безориликларга қарши курашдик. Масалан, майда безорилик асосан бекорчилардан чиқади. Йиғилиб карта ўйнайди, ўтган-қайтганча гап отади. Оқибатда жанжал бўлади, жиноят содир этилади. Агар ўша бекорчилар бирор ишга жалб этилса, бунга вақти бўлмасди. Шунинг учун маҳалладаги ҳар бир хонадонда шахсий томорқадан самарали фойдаланиш катта наф келтиришини тарғиб, тавсия этаяпмиз. Ўқиш давомида англадимки, маҳаллада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги бу ишларимиз ҳали етарли эмас.
- Кўп йиллардан буён маҳалла тизимида фаолият юритаётган бўлсам-да, соҳага оид билимларимни амалий ва назарий жиҳатдан мустаҳкамлашга эҳтиёж сезардим, - дейди Қамаши туманидаги Элобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайфиддин Худоёров. - Бир ҳафталик машғулотлар давомида кўп нарсани ўргандим. Хусусан, фуқаролар йиғинида комиссиялар ҳисоботини эшитиш ва фаолиятини баҳолаш, ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан озод этиш, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш тартиблари амалиёт билан уйғун ҳолда олиб борилди.
Маълумотларга кўра, мазкур ўқув курси ташкил этилган 2014 йилдан буён 3655 нафар маҳалла фаоли малака оширган бўлса, шундан 92 нафар (2017 йилда 44 нафар) тингловчи якуний синов имтиҳонидан ўта олишмаган.
- Намунали сертификатга эга бўлолмаган тингловчилар билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари иш олиб бориши керак, - дейди Фарҳод Омонов. – Жойларда бунга жиддий эътибор қаратилса, маҳаллалар иши янада жонланишига ҳисса қўшилган бўлади.
Умуман олганда, мазкур ўқувлар йиғин фаоллари билим ва малакаси масъулиятини ошириб, тизимдаги ишларни такомиллаштириш имконини бермоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА