Меню

Қашқадарё

14.02.2020 1455

МАҲАЛЛА ЕТАКЧИЛАРИ УЧУН ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА МАШҒУЛОТЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Бугунги кунда юртимиздаги деярли барча маҳаллаларда одам савдосидан жабр кўрган ёки норасмий миграциядан азият чеккан кишиларни учратса бўлади. Бундай инсонларга ҳуқуқий, психологик ва амалий ёрдам бериш, қолаверса, уларнинг нормал ҳаётга қайтишини таъминлаш учун маҳалла фуқаролар йиғинларининг мутахассислари, албатта, бу борада етарли билим ва кўникмага эга бўлишлари, шунингдек, ички ишлар идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари лозимдир.

Қарши шаҳрида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларида республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий-ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлими билан биргаликда ўтказилган махсус машғулотларда одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш йўллари ҳақида батафсил сўз юритилди.

Қашқадарёнинг турли шаҳар ва туманларидан келган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари иштирок бу машғулотларда ҳаётий мисоллар ёрдамида одам савдосидан жабрланганлар ва заиф мигрантларни идентификация қилиш, яъни аниқлаш усуллари, уларнинг соғлиғини тиклаш, иш билан бандлигини таъминлаш, юридик, психологик ва бошқа муаммоларини ҳал қилиш учун ваколатли органларга қайта йўналтириш тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий-ахборот маркази Қашқадарё вилояти бўлимида одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа турларидан жабр кўрган кишиларга ёрдам бериш учун ташкил этилган “Долзарб алоқа тармоғи”нинг мақсади ва вазифалари ҳақида кенг маълумотлар тақдим этилди.

Ўқув курслари тингловчиларининг эътироф этишича, ушбу машғулотларда олинган билимлар уларга жойларда олиб бориладиган фаолият самарадорлигини ошириш имконини беради.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!