Меню

Қашқадарё

29.08.2017 2212

МЎЪЖИЗАЛАРГА БОЙ ЯНГИ ИСТИРОҲАТ БОҒИ

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда аҳолининг муносиб турмуш тарзини таъминлаш, маданий ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий типдаги сайргоҳлар, истироҳат боғлари қурилиб, фойдаланишга топширилаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида барпо этиладиган янги истироҳат боғи лойиҳаси билан танишиб, бу ерга ташриф буюрувчилар учун барча шароитларни яратиш, яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.

Ўтган қисқа даврда мазкур лойиҳани самарали рўёбга чиқариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Янги истироҳат боғини барпо этиш учун ташаббускор - "Асинза-БЗ" масъулияти чекланган жамиятига ҳудуддан 5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу ерда кенг қамровдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилиб, Хитойнинг "Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd." компаниясида ишлаб чиқарилган 29 дона замонавий аттракцион олиб келиб ўрнатилди. Шунингдек, яна бир неча мураккаб конструкцияга эга, замонавий аттракционлар олиб келиниши мўлжалланган.

- Албатта, боғга ташриф буюрган кишининг барча чарчоқларни унутиб, том маънода маданий ҳордиқ чиқариши, кайфияти кўтарилиши учун фақатгина аттракционларнинг ўзи етарли бўлмайди, - дейди янги истироҳат боғи директори Алишер Анваров. - Боғ аввало кишига эстетик завқ бағишлаши, тасаввурларини янада бойитиши, орзулар оғушига чорлаши лозим. Биз лойиҳани амалга оширишда ана шу жиҳатга ҳам асосий эътиборни қаратдик. Бунинг учун боғнинг умумий кўринишини яхлит композиция ҳолига келтиришга ҳаракат қилдик. Аттракционлар билан биргаликда 12 хил кўринишдаги майдончалар, зиналар, кичик бинолар қурилди. Ҳайкалларда эртак ва афсоналар қаҳрамонларининг сиймолари акс эттирилди. Ён-атрофга манзарали гуллар, дарахтлар экилмоқда.

Дарҳақиқат, боғнинг барпо этилишига ижодкорона ёндашилганлигини унга кириб келишданоқ ҳис этасиз. Халқ амалий санъати намуналарига таяниб яратилган дарвозахона ва унинг икки устуни тепасига ўрнатилган фаришта тимсоли бўлган оқ либосли қиз ҳамда орзу-умидлар тимсоли - қанотини ёйганча парвозга шайланаётган оппоқ учқур от кишини ҳақиқий мўъжизалар маконига чорлаётгандек туюлади. Дарвозадан киришингиз билан ҳақиқатан ҳам шундайлигига ўзингиз амин бўласиз. Дастлаб сизни буюк аждодимиз - бобурий шаҳзода Шоҳ Жаҳон томонидан Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида барпо этилган ва дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналадиган "Тожмаҳал" меъморий ёдгорлигининг кичик нусхаси қарши олади. Унинг ёнида эса шахт билан қадам ташлаётган фил ҳайкали. "Кичик Тожмаҳал"нинг деворига ёзилган битик ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортиши тайин. Бу битикда Ҳиндистондаги ушбу обиданинг қурилиши, унинг ўзига хос жиҳатлари, шу билан бир қаторда, қурилишда иштирок этган бухоролик усталар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.

"Тожмаҳал"ни томоша қилиб, боғ ҳудудини айланар экансиз, турли даврлар ва давлатларга тегишли тарихий ёдгорликларнинг кичрайтирилган макетларига бирма-бир дуч келасиз. Масалан, Қадимги Рим меъморчилигининг буюк намунаси бўлмиш "Колизей" амфитеатрига саёҳат қилишингиз, бир томонга оғиб турган Пиза минорасини ёнидан кўришингиз, Париждаги машҳур Эйфель минораси олдида суратга тушишингиз ёхуд Москвадаги Кремль саройи гўзалликларидан баҳра олишингиз мумкин. Аҳамиятли томони, бу бинолар машҳур тарихий обидаларнинг кичик кўринишларини айнан акс эттиргани билан ҳам кишига ўзгача завқ бағишлайди. Текис ва чиройли йўлаклар, атрофдаги яшил манзара, ранго-ранг гуллар кайфиятни кўтаради.

- Боғ ҳудудидаги кўкаламзорлаштириш ишлари хўжалигимиз томонидан амалга оширилди, - дейди Косон туманидаги "Саидов Арал" деҳқон хўжалиги раҳбари Арал  Саидов. - Истироҳат боғи ўз номи билан кишилар сайр қиладиган, тоза ҳавода айланиб, мароқли ҳордиқ чиқарадиган гўша бўлиши лозим. Боғни кўкаламзорлаштиришда ана шу жиҳатларга эътибор қаратганмиз. Боғнинг ички ҳудудларига яшил майсалар экилган бўлса, йўлаклар атрофига турли мавсумий ва кўп йиллик манзарали гуллар, дарахтлар экилди. Бу ҳудуднинг гўзаллиги билан биргаликда, салқин ва баҳаво бўлишини ҳам таъминлаб беради.

Албатта, бу ишларнинг барчаси энг аввало боғга келувчиларнинг мароқли дам олишини таъминлаш учун қилинган. Ташриф буюрувчилар текис ва чиройли йўлаклар бўйлаб боғ ҳудудини айланиши, замонавий мусиқали фавворалар атрофида ўтириб ҳордиқ чиқариши, атрофдаги гўзалликдан баҳра олиши учун  барча шароитлар яратилган.

- Боғга келган киши ўзини худди мўъжизалар маконига тушиб қолгандек ҳис этар экан, - дейди Қарши шаҳрилик Меҳрангиз Ёқубова. - Айниқса, кечки вақтларда боғ худди эртаклардагидек қиёфа касб этади. Турли рангдаги чироқлар шуъласи кишига ўзгача завқ бағишлайди. Ҳатто ўтирадиган ўриндиқлар ҳам қизил, сариқ ёки яшил рангларда товланиб турибди. Бу худди эртаклардаги жойга ўхшайди. Жудаям ажойиб манзара яратилган. Бугун бу ерга фарзандларимни олиб келган эдим, улар ҳам роса яйрашди. Аттракционларнинг барчаси замонавий, чиройли. Албатта, булар юртимиздаги тинчлик ва осудалик, ҳукуматимиз томонидан халқимиз манфаатларини, фарзандларимизнинг бахту камолини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, деб биламан. Бугун болаларимиз учун яратилаётган бундай имкониятлар она сифатида менинг қалбимни фахрга тўлдирди. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин.

Яна бир муҳим жиҳати, аттракционларни ўрнатишда боғга келувчиларнинг турли ёшларда бўлиши инобатга олинган. Масалан, 40 метрдан ошиқ баландликка кўтарилиб, ҳавода айланадиган арғимчоқ асосан 14 ёшдан ошганлар учун мўлжалланган бўлса, 30 метр баландликка кўтариладиган чархпалакка барча ёшдаги кишилар чиқиб, шаҳар манзараларини баландликдан томоша қилиши мумкин. Ўзи ҳаракатланадиган ўриндиқлар, турли кўринишдаги кичик машиналар эса болажонларнинг боғ бўйлаб айланиб, саёҳат қилишлари учун мўлжалланган.   

- Менга йирик шохли буқа кўринишидаги аттракцион жуда ёқди, - дейди Қарши шаҳридаги 15-мактаб ўқувчиси Баҳриддин Бурхонов. - Чунки бунақасини аввал сира кўрмаган эдим. Унга минсангиз, ўзингизни худди корридо иштирокчисидек ҳис этасиз. Буқа турли томонларга ирғишлаб сизни йиқитишга ҳаракат қилади, сиз эса устида маҳкам туриб, мувозанатни сақлай билишингиз керак. Фақат битта фарқли томони, бу ерда йиқилсангиз ҳам юмшоқ тўшак устига тушасиз.

Бир сўз билан айтганда, янги истироҳат боғида шаҳар аҳолиси, вилоятимиз туманларидан келувчилар, айниқса, болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва мириқиб дам олиши учун барча қулайликлар муҳайё қилинган.

Албатта, яхши ҳордиқ кишининг кайфияти аъло, саломатлиги мустаҳкам, иш унумдорлиги юқори бўлишини кафолатлайди. Бу каби боғларнинг кўпайиши эса ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан устувор аҳамиятга эга.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: янги истироҳат боғидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!