Меню

Қашқадарё

21.01.2020 2026

МЎЪЖИЗА КУТИБ ЯШАМАНГ

Мутолаа учун тавсия

Шундай шахслар борки, уларнинг фаолияти ва асарларини ўрганиш барча тоифадаги давлат хизматчиларига доим асқатади.

Жумладан, 2008-2013 йилларда Корея республикаси президенти бўлиб ишлаган Ли Мён Бак (1941 йилда туғилган)нинг "Мўъжиза содир бўлмайди" асарида ҳаёт йўли, болаликда кўрган қийинчиликлари, тинимсиз ва самарали меҳнати ҳамда ёшларга насиҳатлари ўз ифодасини топган. У президент бўлгунига қадар Жанубий Корея ривожига катта ҳисса қўшган компанияларда, 2002-2007 йилларда Сеул шаҳри мэри лавозимида ишлаган.

Муаллиф ёзади: "Ҳаётим - изтироб ва сабр-тоқатга тўла, машаққатли узун йўлдир. Мен бу йўлдан ҳар куни, ўзимга бўлган ишончни йўқотмай ҳамда орзу-умидларимни бой бермай, қатъият ва жасорат билан одимладим. Менинг ҳаётим - муваффақиятга қатъий ишонган ҳолда мунтазам олға интилиш, бу ҳар қандай ва барча тўсиқларни енгиб ўтиш, муваффақиятсизликлар ҳамда муваққат мағлубиятлар рўй берганда тушкунлик ва умидсизликни ўзимдан нари ҳайдай билишдир. Бу менинг қатъий маслагимдир: ҳаётда мўъжизалар бўлмайди!".

Ли Мён Бак ўз асарида 27 йил "Хедэ" компаниясида тинимсиз меҳнат қилгани сабабли 40 ёшида директор, 50 ёшга етмай компания президенти бўлгани, бу вақтда аҳоли жон бошига даромад 100 доллардан 8 минг долларга етганини эслаган. Ёшлиги, ўсмирлиги оғир меҳнат ва қашшоқликда ўтганини кўрсатиб ўтган. Инсон ўз кучига ишониб, илтимосларсиз яшаши кераклигини уқтирган. У "Қашшоқлик ва онам - менинг устозларим" деб таъкидлаган. Корея университетида таҳсил олган бўлса-да, қийинчилик ва танлов асосида "Хедэ" компаниясига ишга киради. Ишбилармонлик, тадбиркорлик ва бошқарув борасида катта тажриба орттирган. Жаҳонга танилган "Хедэ" компанияси соҳиби Чанг Джу Енг ходимларни фақат иқтидорига қараб ишга олгани, ходимлар билан самимий муносабатда бўлиши, спорт ўйинлари ва ҳатто вақти-вақти билан улфатчиликда иштирок этишини айтиб ўтган.

Адиб китобда 1992 йилнинг мартида Демократик либерал партиядан миллий ассамблеяга депутат этиб сайланганини келтиради. Кореянинг Жанубий ва Шимолийга бўлиниб кетиши, мафкуравий тўқнашувларнинг фожиалари, ҳокимиятнинг марказлашувдан воз кечиши шартлиги ва сиёсатчи келажакдан олдин юрувчи менежмент бўлиши кераклиги каби масалаларда фикр юритган.

Унинг фикрича, давлат ўзи яратиб олган қонун-қоидалари билан ўз меҳнати ила кун кечириш ва даромад олишни истаганларга тўғаноқ бўлмаслиги, тадбиркорликка интилган ҳар қандай инсонни қўллаши керак. Зеро, ўз ишини яхши биладиган ходимлар раҳбарларга ёқишга ҳаракат қилмайди, қоғозбозлик ва мажлисбозлик бюрократияни келтириб чиқаради.

Ли Мён Бак давлат раҳбарига ёзиб берилган нарсаларни ўқиб беришни қоралаб, давлат хизматчилари ҳамиша илми ва ҳақлигига ишониб ҳаракат қилиши кераклигини қайд этиб, "Ўзига ишонган - тап тортмайди" деб таъкидлайди.  Сиёсий тафаккур юқори бўлган жойдагина қонунлар ишлайди, иқтисодиёт ривожланади ва халқ давлатдан рози бўлади. Унинг ёзишича, давлат идоралари ва хусусий компаниялар кераксиз идоралар, лавозимлардан воз кечиб туриши шарт. Инсон ўз феълини ишига қараб ўзгартиришга қодир бўлиши лозим. Ўз камбағаллиги учун камбағал ота-онаси ва камбағал мамлакатини айбламасдан, камбағалликдан чиқиш учун тинимсиз ва самарали меҳнат қилиши лозим. Демак, ҳаётдан мўъжизалар кутиб яшамаслик керак.

Маълумки, Хитой Халқ Республикаси тараққий этишида Дэн Сяопин (1904-1997) роли, унинг "Замонавий Хитойнинг асосий масалалари" номли китобига киритилган маърузалари, сиёсий қарашлари ва фикр-хулосалари муҳим ўрин тутади. У юксак қобилияти, халқ истаги ва давр талаби билан мамлакатни 1977-1990 йилларда реал равишда бошқарган, бу даврда "Социалистик бозор иқтисодиёти"ни мамлакатда жорий қилишни бош йўналиш қилиб олган буюк ислоҳотчидир. Назаримда, Хитой коммунистик партияси КПСС ва СССР хатоларини ўз вақтида англаб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилган ҳамда бугунги натижаларга эришган.

Шу ўринда Дэн Сяопин Мао Цзедуннинг "Буюк сакраш" дастури, "маънавий инқилоб"лари борасида ўз қарашларига эга бўлганини таъкидлаш керак. Дэн Сяопин Хитой коммунистик партияси ва давлат бошқарувида Мао Цзедун қарашларига зид фикрларга ҳам эга бўлган. Бу қарашлари учун у вазифаларидан олиб ташланган вақтлар ҳам бўлган. Унинг буюк шахс ва олижаноб инсон эканлиги Хитой раҳбари бўлган вақтларда Мао Цзедунни ёмонламагани, давлат раҳбарлигидан кетгандан кейин сиёсат ва давлат ишларига аралашмаганида ҳам кўзга ташланади.

Дэн Сяопин мамлакатда мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, фан ва саноат ишлаб чиқариши секторларини иқтисодий сиёсатининг бош йўналиши ҳисоблайди. У "Социализм ёки капитализм деб бундай мафкуравий ва амалий абстракт баҳслар билан биз ўз қўлимизни боғлаб қўйишимиз ярамайди" деган эди.

Унинг "Мушукнинг қора ёки оқ рангда бўлишига қараманг, муҳими, у сичқон тута билиши керак, бундай мушук - яхши мушукдир" ибораси ҳамон машҳур. У "ўзига ўртача тўқ бўлган Саокан жамияти"ни қуриш, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулидан воз кечиш, иқтисодиётга ҳукумат аралашувини камайтириш ва хусусий сектор ролини ошириш ғоясини илгари сурди. Дэн  Сяопин фақат битта, яъни "одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин", деган шиорга амал қилган.

Дэн Сяопин бир-бирига қарама-қарши, бири иккинчисини инкор этувчи, икки ижтимоий-сиёсий тузум, яъни социализм ва капитализмни бир-бири билан келиштириб, уларни бирлаштира олган буюк тарихий шахсдир. Бу вақтда Хитой иқтисодиёти режали бошқарувдан бозор муносабатлари орқали бошқарувга ўтди. У Хитой халқига янгича фикрлашни, янгича ишлашни таклиф қилди, ишлаб чиқаришга хорижий капиталларни жалб қилди, кичик бизнесни ривожлантирди ва эркин иқтисодий зоналар ташкил этди. Жаҳон бозорини ўз товарлари билан тўлдирди. Иқтисодий ислоҳотларга оид ташаббуслари ва уларни амалиётга қўллаши билан қисқа вақт ичида Хитойнинг тараққий этган давлатлар сафига қўшилишига эришди.

1959-1990 йилларда Сингапур давлати бош вазири лавозимида ишлаган Ли Куан Ю (1923-2015)нинг Сингапур "иқтисодий мўъжизаси"ни ўрганиш учун унинг "Учинчи дунё мамлакатларидан - биринчига. Сингапур тарихи (1965-2000)" асари ва ўгитларини ўқиш муҳим аҳамиятга эга. Сиёсатчи ҳозирги Сингапур миллий университети ва сўнгра Кембриж университетида иқтисодиёт ҳамда ҳуқуқдан таҳсил олиб, икки йўналишни ҳам "қизил" диплом билан тамомлаган. Унинг бошқаруви даврида Сингапур давлати жуда катта ривожланишга эришиб бутун дунё мамлакатлари орасида мавқега эришган.

Ли Куан Ю Сингапур давлатини муваффақиятга эриштириш учун қуйидагиларга эътибор қаратган. Биринчидан, қашшоқ давлатга хорижий инвесторларни жалб қилишга эришган. Иккинчидан, мамлакатда зарар кўриб ишлаётган соҳаларга  шафқат қилинмасдан, инвесторлар учун кўплаб божлар бекор қилинган. Учинчидан, инвесторлар учун солиқ миқдори жуда кам белгиланган. Тўртинчидан, адолатли қонунлар ишлаб чиқилиб, қонун олдида барчанинг тенглиги таъминланган. Бешинчидан, давлат хизматчиларининг ойлиги хусусий компаниялар менежерлари иш ҳақидан кам бўлмаган. Олтинчидан, коррупцияга қарши жуда қаттиқ кураш олиб борилган. Еттинчидан, молия, транспорт хизматлари, логистика, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ва илғор ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ли Куан Юнинг қуйидаги ўгитлари диққатга сазовор: "Бизнинг бирорта табиий бойлигимиз йўқ, заминнинг стратегик аҳамиятли кичик бўлагида яшовчи одамларимиз бор, холос", "Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Иккинчи омил - бозор даражасига мос келувчи маош", "Коррупцияни енгаман десанг, дўстларинг ва қариндошларингни панжара ортига жўнатишга тайёр бўл!", "Мен ҳеч қачон қоғозда ёзилгани бўйича ўқимайман, ҳамиша тингловчининг кўзига разм соламан. Агар бирорта фикрни идрок этмаганини пайқасам, бошқача усулда такрорлайман", "Кичик мамлакатлар орасидаги уруш уларнинг ўзини вайрон қилади. Катта мамлакатлар тўқнашса, бутун дунё бир неча марталаб вайрон бўлади".

Унинг "Қачонки ҳокимият халқ ишончини оқлаш учун эмас, шахсий бойлик орттириш мақсадида фаолият юрита бошласа, бу ахлоқ муаммоси ҳисобланади. Узоқ вақт мавжуд бўлишини истаган жамият ҳалоллик принципига амал қилиши лозим, акс ҳолда жамият яшай олмайди", деган фикрлари доим муҳимлигича қолаверади.

Абдишукур ОМОНОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!