Меню

Қашқадарё

24.05.2019 1718

Ўлжас СУЛАЙМОНОВ: МАДАНИЯТ - БУ ЖАМИЯТНИНГ КАЙФИЯТИ ВА УНИНГ СОҒЛИГИ КЎРСАТКИЧИ

- Менинг таклифимга кўра, бир жилд остида жиллақурса, айрим ҳамкасбларингиз, дўстларингизнинг сиз ҳақингизда кичик фикр-мулоҳазаларини тўплашни айтганимда, ғоят вазминлик билан буни кечиктирдингиз. Ионесконинг "Бугун адабиёт бутун дунёда ҳаётдан кучли орқада қолиб кетаяпти; биз адабий эмас, сиёсий даврда яшаяпмиз" деган сўзларини мисол келтиргандингиз.

- Шу гапингизга қўшимча қиламанки, бугунги кунда шоирлар на достонлар, на қиссалар яратишаяпти, аксинча, публицистика жанрини эгаллашаяпти. Менда икки-уч жўшқин ўтган ўн йилликларда йиғилган томлаб газета мақолалари бор. Шу тариқа давом этаётган дунёни қайта қуришда энг бошидан биз ижодкорлар фаол актёрлар ("иштирокчи персонаж") бўлиб қатнашаяпмиз. Шунинг учун ҳамкасабаларимни замоннинг муҳим ишларидан қолдиришни хоҳламайман.

- Бироқ, гувоҳи бўлганингиздек, қўнғироқлашиб ёхуд манзилларини топа олганим боис кўпчилик мурожаатимга хайрихоҳлик кўрсатишди. Агар кўпроқ вақт бўлганида, аминманки, бу китобда Россия республикаларидан, яқин ва узоқ хориждан бўлган ҳамкасбларингизнинг фикр-мулоҳазалари жойланган бўларди. Тўпламга дўстларингиз - Андрей Вознесенский, Римма Казакова, Константин Симоновнинг сизга 1975 йилнинг сентябрида жўнатган фикр-мулоҳазаларини қўшдим, уларни ёзувчининг фарзандлари ёрдамида архивдан ахтариб топдим.

- Ташаккур. "Аз и Я"га қарши кампания бошланиши олдидан айни паллада олинган ажойиб мактуб. Бахтга қарши, менга жўнатилган бошқа кўпгина мактублар сақланиб қолмаган. Кўчманчилар ўзининг тарихига керакли аҳамият беришмаган, ҳатто шундай нодир артефактларга ҳам. Мен бу нуқтаи назардан ҳақиқий қозоқман. Дўстларда, инчунун. Бу бизнинг ҳозирги тарихимиз.

- Сизга муносабатини билдирган муаллифлар билан боғлиқ унутилмас эпизодларни эслай оласизми? Улар шубҳасиз кўп. Балки ҳаммасидан кўп хотирада сақлангани бордир?

- Бундай ҳодисаларни алоҳида китобга тўплаган бўлардим. Анчадан бери буларни эсга олишни орзу қиламан. Ҳечқурса, адабиёт ва бутун маданият учун роҳатбахш бўлган 70-йилларни, таърифлаб бўлмас 80-йиллар ва 90-йилларни хотирлашни истайман. Бизнинг кунларимиз ва тунларимиз мана шу ўн йилликларда. Умид қиламанки, жорий йил жиллақурса, хотираномаларнинг биринчи томини бошлайман. Унда, турган гапки, берилган саволга батафсил жавоб бераман.

- Ёшлик йилларингиз ўтган 60-йиллардаги муҳит шак-шубҳасиз, ҳозирги даврдан фарқ қилган. Ўшанда ўзингизни қандай ҳис этгансиз?

- Ўзимни авжига чиққан ва кўпчилик сингари ёрқин келажак сари лиммо-лим умидлар билан интилгандек ҳис этдим. Худди бутун мамлакатимиз сингари. 60-йилларнинг баҳори! Сталинсиз ўтган дастлабки ўн йиллик. "Илиқлик даври". Шоирлар, киночилар биринчи бўлиб ўзида озодликни сезишганди. Шеърлар! Энг зўр ҳикоялар! Энг яхши фильмлар ва спектакллар!.. Маданиятнинг бунақанги юксак парвози ҳали бўлмаган ва такрорланиши даргумон. Маданият - бу жамиятнинг кайфияти ва унинг соғлиги кўрсаткичи. Кўз ўнгимизда ва бизнинг иштирокимиз билан улуғ адабиёт, улуғ ғоялар ҳамда ишлар ила тарбияланган Буюк китобхон мамлакати вужудга келганди. Ношуд инқилоблар эса маданиятга зарба бераяпти - буни биз кўрганмиз, кўраяпмиз.

- Бугунги жамиятда сизни биринчи навбатда қандай муаммолар ташвишга солаяпти?

- Бугунги кундаги муаммолар мажмуасидан жавоб учун бир мавзуни танлайман. Адабиёт, шубҳасиз. Мени "Замонавий жамиятга қандай қилиб китобни қайтариш мумкин", деган савол ташвишлантиради. Янги авлод телевизор ва интернетдаги ижтимоий тармоқлар билан вояга етаяпти. Кам даражада - кинематография билан ҳам. Бизнинг давлатлар - Буюк китобхон мамлакатининг бир бўлаги - бугунги кунда томошабинлар ва тингловчилар авлодини етиштираяпти, ота-боболаримиз ўрта асрларда ва тарихдан илгариги даврларда қанақа бўлишган эди-я? Вақт ўтган сари болалар ва ёшларнинг китобдан воз кечиши иқтисод, техника ва технология каби барча фанлар ривожига таъсир этаяпти. Муқаррар равишда. Фундаментал фанларнинг бугунги ютуқлари кўп минг йиллик китобдек бўлгани каби янада қудратли пойдеворда тикланаяпти. "Комсомольская правда" газетасидан бир мисолни такрорлашдан сира чарчамайман. Унда бир атоқли физикдан интервью олишади: "Мактаб ўқувчилари физика ва математикани аъло даражада ўзлаштиришлари учун нима қилиш зарур?" Олим эса "Адабиёт дарслари миқдорини ошириш зарур", дея жавоб беради. Жаҳон  миқёсидаги тажриба аллақачон бу жавоб тўғрилигини тасдиқлаяпти.

Китоб кино тасмасига сингдирилганида эди. Ўз ишининг усталаридан баъзилари бунинг уддасидан чиққан. Мен анча олдин Станислав Говорухиннинг фильмларини севиб қолганман. Юзма-юз кўришганимизда эса, биз қариндош эканимизни тушундим. Сиёсий луғатда "ака" сўзи шу қадар эскирганки, у аста-секин илк маъно-мазмунига тикланиши учун вақт керак. Говорухиннинг кино тили дунёдаги энг виждонли адабиёт - классик рус адабиёти асосида қурилган. У шедеврни ёки ўткинчи нарсаларни тасвирга олишни мақсад қилмаган, унинг экрани классикадан нафас олади.

- Ўз ижодий ишларингиздан қай бирини яхши кўрасиз?

- "Тупроқли китоб".

- Кўплаб ўқувчилар сизнинг энг яхши китобингиз дея "Аз и Я"ни аташса, бошқаларга "Замин, инсонга таъзим қил!" номли энг биринчи достонингиз ёқади. Баъзиларга, ҳақиқатан, барчамиз космик жисмни тасаввур қилишга кўниккан Замин қандай қилиб таъзим қилиши мумкинлиги тушунарсиз.

- Бу ерда замин жисмоний жисмдек эмас, Ер шари назарда тутилаяпти, кўчма маънода эса - "инсонлар дунёси", "банибашар". 1961 йилнинг апрелида самога биринчи космонавт парвоз қилганида бу воқеага бағишланган достон ёзилганди. Завққа тўлган газеталарнинг хабарлари "Бутун замин Юрий Гагаринни олқишлаяпти"га ўхшаш бўлганини барча тушуниб етди. Агар замин олқишлаётган экан, демак, қаҳрамонга таъзим ҳам қила олган.

- Ҳамкасблардан, дўстлардан олинган энг муҳим сабоқлар?

- Ҳар кимнинг биринчи устози - бу она, онаизор. Ҳозир, босиб ўтилган йўлларга назар ташлай туриб, бутун ҳаётим давомида болаликдан ёд бўлиб кетган онамнинг панд-насиҳатларига амал қилганимни англайман. 40 ёшимда шеърларимда илк бора улардан баъзиларини овоза қилгандим. Онам олдида ҳисобот бериб, маълум қилиб, ҳеч кимга ҳасад ва  нафрат қилмадим, ҳеч кимга хиёнат қилмадим; ҳеч кимга қуллуқ қилмасдан барчасига интилдим, мақсадга эришгач эса, кибр-ҳавога берилмадим. Ҳар бир она дин ва миллий анъаналарни англаб, панд-насиҳатни ўзича таърифлайди. "Мағрур билан мағрур бўл: у Пайғамбарнинг ўғли эмас, хушмуомала билан хушмуомала бўл: у отангнинг қули эмас". Унинг ҳикоясидаги бу қадимий донишмандлик менинг шахсий конституциямнинг асосига айланди. Онам менга "Сен билан саломлашган ҳар кимнинг қўлини ол: Худонинг чопари уларнинг қирқдан бирида рўпара келади" деб ўргатган. Шу боисдан, ҳеч бир қўлни қайтармадим, минглаб кишиларнинг қўлини олдим, кўп маротаба Худонинг чопарлари билан саломлашганимга ишонаман.

Оналар бизни адолатли бўлишга, доимо ҳақиқатни гапиришга ўргатади. Кейин ёрқин ва қайғули йиллар бизни энг чин ҳақиқат доим ҳам ҳақиқат бўлиб чиқмаслиги тўғрисидаги тушунчани ўргатди. Эҳтимол, шунинг учун биз ҳақ буюргани каби иш тутмагандирмиз?

Бу каби фикрларга биз - ижод аҳли бир-биримизни ўргатдик. Совет даврида ва ҳозир ҳам.

- Китобда сиз ҳақингизда турли хил мулоҳазалар мавжуд. Уларнинг бир қисми юбилей пафосидаги воқеалардек тушунарсиз эмас. Баъзилари қисқа, бошқалари узундан-узоқ, мулоҳазали, ҳаттоки, ғоят даражада илмий. Барчаси биргаликда бир-бирини тўлдириб, қай даражададир сизга таниш, қай даражададир нотаниш қиёфа яратган. Ахир рассомлар турли хил бўлади, шунинг учун бўёқлар, қаламлар ҳам турли рангларда. Муаллифларнинг     фамилияларни алифбо тартибида, айтганларидек,  Аз дан Я гача жойлаштирдик. Ўқишни бошлаймиз!

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!