Меню

Қашқадарё

10.05.2018 1798

ЛУГАНЛИК ЛУҒАТЧИ

Кўпчилик Дални машҳур рассом Репин қаламига мансуб портрети орқали билади. Суратда у узун бармоқли ориқ қўлларини тиззасига қўйиб турган оппоқ сочли қария, донишманд сифатида гавдалантирилган. Даль умрининг охирги йилларида айнан шундай қиёфада бўлган. Унинг кўрган узоқ умри турли ажабтовур саргузаштларга бой кечган. У бекорга ўзини луганлик казак деб атамаган.

Далнинг онаси Мария Христофоровнанинг асли келиб чиқиши французларга бориб тақалади. Отаси Иван Матвеевичнинг исм-фамилияси ўғли Владимир туғилгунга қадар Йохан Кристиан бўлган. Келиб чиқиши даниялик бўлган бу киши рус, немис, француз, инглиз, идиш, қадимги яҳудий тилларида ўз она тилидагидек равон гаплашган. Россия фуқаролигини олгач, исм-фамилиясини ҳам алмаштирди. Илоҳиёт мутахассиси, шифокор ва олим сифатида унинг шуҳрати Санкт-Петербурггача етиб борди. Император Екатерина II нинг шахсан ўзи уни саройга таклиф этади. Чекка бир ҳудуддан чиққан олимни император шунчаки кўриш, истеъдодидан ҳайратланиш учун эмас, балки сарой кутубхоначиси вазифасини бажариши учун чақиртирганди.

Ота-бола Далларнинг иккаласи ҳам борига қаноат қилмайдиган, кўпроқ билишга интилувчан кишилар хилидан эди. Кўп ўтмай Владимирнинг отаси Екатерина II дан Йенага бориб шифокорлик факультетида таҳсил олиб келишга рухсат сўрайди ва Россияга тиббиётнинг дипломли доктори сифатида қайтади.

Владимир Даль ҳам худди оиласидагилар каби китобни жон-дилдан севарди, тил ўрганишда отасидан ортда қолмади. Лекин у ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган касбни танлади - акаси билан Петербургдаги денгиз кадет корпусида хизмат қилишга отланади. Бу ерда беш йил ўқиб, 1819 йилдан Қора денгиз флотида мичман лавозимида хизматни бошлайди. Орадан йигирма йил ўтиб, тарихий ватани - Данияга қилган саёҳати ва бошқа кўрган-кечирганлари тўғрисида қисса ёзади.

- Дания қирғоқларига яқинлашганимда, мен бу ерда аждодларим ватанини, ўз ватанимни кўраман деб ўйлагандим, - деб ёзади Даль. -  Қирғоққа оёқ қўйганимдан билдимки, менинг ватаним - Россия, аждодларим ватани билан мени боғлаб турадиган ҳеч нарса йўқ.

Ҳеч кутилмаганда Дални бошқа флотга ўтказишади. Бунга унинг киши иззат-нафсига қаттиқ ботадиган бир шеъри сабаб бўлади. Гап шундаки, шеърида у Юлия Кульчинская деган бир яҳудий аёлнинг устидан кулиб, мазах қилади ва оқибатда 7 ой қамоқда ўтиради. Ўша вақтларда дворянлар орасида яҳудийларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ҳоллари тез-тез учраб турарди. Бахтга қарши, қаламга олинган хоним Қора денгиз флоти бош қўмондонининг таниши чиқиб қолади. 23 яшар Даль бош қўмондон олдида зиғирча ҳам қийматга эга бўлмаган оддий бир офицер эди, холос. Уни тезда хизматдан четлаштиришади, аммо дўстлари жонига ора киришади -  бошқа флотга ўтказишади.

Бир йил ўтиб, Даль денгиз билан хайрлашиб, Россиянинг қадимий университетларидан бирида тиббиёт факультетига ўқишга киради ва моҳир шифокор бўлиб етишади: буйрак, кўз операцияларини моҳирлик билан ўтказади, ҳаттоки бош суякни пармалаб, касал жойни аниқлаб даволашни ҳам жойига қўярди. Ҳайратланарлиси, у иккала қўлида қаламдан ҳам, жарроҳ пичоғидан ҳам бир хилда бемалол фойдаланарди. Турли урушларда шифокор бўлиб хизмат қилди. Поляклар билан бўлган бир жангда кўрсатган қаҳрамонлиги учун Николай I уни "Владимир" ордени билан тақдирлайди.

Даль Петербургда шифокорлигини давом эттиради, катта обрў-эътиборга эришади. Кейинроқ у гомеопатия, яъни катта дозаси кишини касал қиладиган дорилардан оз-оз бериб даволаш усули билан шуғуллана бошлайди ва Россияда биринчилардан бўлиб уни ҳимоялаб мақола ёзади.

Тиббиёт соҳасидаги ютуқларига қарамасдан, Даль ўзини адабиётда яна бир бор синаб кўришга қарор қилади ва тағин қамоққа тушишига бир баҳя қолади. 1832 йилда "Рус эртаклари" китобини чоп эттиради. Петербургда уни ҳамма ўқийди. Шаҳардаги Дерп университети ректори ўзининг собиқ талабасини филология кафедрасига ишга таклиф қилади. Китобни эса филология фанлари доктори даражасини олиш учун ёзилган диссертация сифатида қабул қилишга ваъда беради. Аммо кимдир Учинчи бўлинмага (хавфсизлик хизмати) Далнинг устидан туҳматдан иборат шикоят аризаси уюштиради ва шу заҳотиёқ уни қамоққа олишади. Тахт вориси, бўлғуси Александр II га мураббийлик қилаётган Жуковский Далнинг жонига ора киради: бўлган воқеани ворисга бир латифа сифатида айтиб беради ва у Далдан барча айбларни олиб ташлашга буйруқ беради. Аммо "Рус эртаклари"нинг барча нусхаларини ёқиб юборишади. Китобнинг ёнғиндан омон қолган биргина нусхаси Далнинг Пушкин билан дўстлашишига сабаб бўлади. Даль Пушкиннинг ҳузурига боради. Александр Сергеевич китобни кўриб, ниҳоятда хурсанд бўлади ва муаллифга ўзининг "Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақидаги эртак" китобини қуйидагича дастхат билан совға қилади: "Луганлик эртакчи казакка эртакчи Александр Пушкиндан".  

Бу икки дўст тўрт йил давомида Пугачёв қўзғолони тафсилотларини ўрганиш учун рус адабиётида муҳим ўрин тутган Оренбург губерниясига экспедиция уюштиришади. Пушкин "Капитан қизи"га материал йиғади, Даль эса халқ оғзаки ижодини ўрганади, мақол, матал, шевадаги ибораларни тўплайди. Айнан Оренбургда уларнинг авлиёлар Косьма ва Дамиан кўринишидаги иконаси пайдо бўлади.

1837 йилнинг январида Пушкин ўлим тўшагида ётганда унинг ёнида бўлган шифокорлар орасида Даль ҳам бор эди. Александр Сергеевич бор ҳақиқатни айтишни айнан ундан илтимос қилади. Пушкин ўзининг зумрад кўзли олтин узуги - туморини ҳам айнан Далга беради. Бу қимматбаҳо буюмни Даль Пушкиннинг бевасига қайтармоқчи бўлади, аммо у олмайди, аксинча, унга эрининг Дантеснинг ўқидан тешилган камзулини ҳам қўшиб беради.

Даль 1859 йилда Москвага кўчиб келади. Агар у ҳарбий соҳадан кетмаганда, 4-даражали мартабаси билан ё генерал-майор ёки контр-адмирал  бўлиши тайин эди. Истеъфога чиқиб, "Большая Грузинская" кўчасида жойлашган бир ёғоч уйда ижодини давом эттиради, айнан мана шу ерда у бутун умри давомида тўплаган материаллар - амалдаги рус тилининг изоҳли луғати ва рус халқ мақолларини чоп эттира бошлайди.

Ҳамон Россияда биронта олий таълим муассасаси йўқки, рус тили фани ўқитилаётганда машғулотлар жараёнида Далнинг Изоҳли луғатидан фойдаланишмаса. Чунки тилшуносликда ушбу луғатнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳали ҳеч ким Далдан ўтиб бундай луғат тузмаган.

Хориж матбуотидан Мусо МУРОДОВ таржимаси.  

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!