Меню

Қашқадарё

08.11.2018 1837

ЛУҚМОНИ ҲАКИМ ДЕЙДИКИ...

- Ҳали кўплаб овулларга боришим керак, вақтим жуда зиқ, - деди у овулдагиларни уйғотгач. – Тезроқ катта бир дошқозон осинг. Унга ҳамма ўз уйидан бир косадан сут олиб чиқиб қуйсин. Қозон сутга тўлганда, сизларга Бахт шарбати қандай тайёрланишини ўргатиб қўяман.

Дошқозонга ҳамма бир косадан сут келтириб қуя бошлади. Қозон тўлай деб қолганида тонг отди. Луқмони ҳаким қараса... қозон тўла сув эмиш!

Ҳаммаси равшан: овул одамлари муғомбирлик қилмоқчи бўлиб, сут ўрнига сув олиб чиққан, косамдаги сув қозондаги сутга аралашиб кетса, ҳеч ким билмай қолади, деган хаёл эса ҳар битталарининг кўнглидан ўтган экан.

Шундай бўлишини олдиндан сезган Луқмони ҳаким жилмайиб қўйди ва индамай ўз йўлига отланмоқчи бўлди.

- Илтимос, тўхта! – унинг йўлини тўсди овул одамлари. –Тан оламиз, биз катта хато қилдик. Аммо наҳотки бизга Бахт шарбатининг сирини очмасдан кетмоқчи бўлсанг?

- Бахт шарбатининг сирини мен сизларга аллақачон очдим, - деб айтди Луқмони ҳаким. – Ҳамма гап тўғри хулоса чиқаришларингизда қолди.

Ношукурликнинг давоси

Ҳар дарднинг давосини топган Луқмони ҳаким аҳволи кўп оғир бемор ҳақида эшитиб қолди. Уни даволаш учун қидириб борган эди, ҳакимни кўрган бемор шикоят қилишга тушди:

- Кўп есам, ошқозоним оғрийди, кўп ётсам, белим оғрийди. Кўп гапирсам, энсамда толиқиш сезаман. Қолаверса, шовқинга ҳам тоби-тоқатим йўқ. Айниқса, болаларнинг шовқини жонимни ўлардай азобга қўяди... Айтинг-чи, менинг бу оғир дардимни даволаш мумкинмикин-а, э ҳаким?

Ҳафсаласи пир бўлган Луқмони ҳаким айтди:

- Афтидан бу ярамас дардингнинг биргина давоси бор.

- Хўш-хўш, не экан ўша даво?

- Гўр!

Нафси бузуқнинг тавбаси

Луқмони ҳаким бозор оралаб юриб, бир-бирига тўғри келмайдиган бир неча хил таомни аралаштириб еяётган хўрандани кўрди. Индамай ўтолмади.

- Бадбахт, жонингда қасдинг борми?! – деди уни койиб. Бироқ хўранда гапига парво қилмагач, бошини чайқаб нари кетди.

Луқмони ҳаким айнан шу жойдан иккинчи бор ўтганида эса ҳалиги хўранда лоҳас тортиб, оёғи осмондан бўлиб ётарди.

- Қалайсан энди? – деди ҳаким киноя билан. – Баднафс ошқозонингга тушган таомлар бир-бири билан келишмай қолганга ўхшайди-ку?!

Хўранда зорланди:

- Йўқ, тақсир! Менимча, улар келишиб, каминани ҳалок қилишмоқчи.

Илон айтган ҳақиқат

 Луқмони ҳаким дунё кезиб юриб, йўлида учраган овулдаги бир кишининг оғир бетоб эканини эшитди. Бориб, уни текшириб кўрди ва хасталигига асабий толиқиш сабаб бўлганини англади. Бу шундай касаллик тури эдики, унга фақат кўлвор илоннинг заҳригина шифо бўлиши мумкин эди.

Ҳаким илон қидириб, тўқайга борди. Қидирган илонини топиб, қопига жойламоқчи эди, жонзот унга нола қилди:

- Менда нима қасдинг бор, э Луқмон?

- Сенда қасдим йўқ, Аллоҳнинг махлуқоти, - жавоб берди ҳаким. – Фалон қишлоқда, фалон киши оғир хаста ётибди, заҳрингдан унга дори тайёрламоқчиман.

Илон айтди:

- Унда мени тинч қўйганинг яхши. Ахир у инсоннинг хасталигига хотинининг ўжар феъли ва заққум сўзлари сабаб бўлган. Сендай улуғ зот наҳотки инсон тилидаги оғуни кесишга илоннинг заҳри ожиз эканини тушунмаса?

Байрам АЛИ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!