Меню
Қашқадарё
"ЛОЛАЗОР"
Афсус… Бугун кўпчилигимиз имло хатоларимиздан уялмайдиган даражага етиб қолдик. Таҳририятга шеър келтирган "шоираи даврон"га "бунча хато ёзгансиз?", десангиз, айбни ношуд компьютерчига ағдаради-қўяди. Маърузасини мақола деб келтирган олимга "Ҳарфнинг "дум" билан "шапка"си қани?", десангиз, "Шуям хатоми, ўзингиз қўйиб олаверинг", дейишдан тортинмайди. Унисини қўятуринг, агар бундайроқ она тили ўқитувчиси қўлида қизил қалам билан ижтимоий тармоқларни ораласа борми, ҳатто машҳур-машҳур "аллома"ларимизнинг ҳам "пост"лари "лолазор"га айланиб кетиши турган гап...
- Бугун минг-минглаб сабоқхоналарда ёшларимиз тилларини бураб, минг бир машаққат билан инглиз, рус, немис, корейс, хитой, япон... тилларини ўрганиб ётишибди, - дейди ўзбек тили ва адабиёт ўқитувчиси Пирим Нуралиев. - Уларга ҳавасим келади. Аммо... Афсуски, уларнинг аксарияти ўзбек тилини (тўғрироғи, тилимизнинг оддийгина имло қоидаларини) билишмагани ёмон. Яна ҳам ёмони, бунинг учун аксарият ҳолларда уларни ҳеч ким айбситмаяпти.
Яқинда интернетда тарқалган хабар мени ўйлантириб қўйди. Қайд этилишича, Қозоғистонда маданият ва спорт вазирлиги ташаббуси билан лотин ёзувига асосланган қозоқ тилида илк умумреспублика диктанти ўтказилибди. "Маънавий модернизация" деган мавзудаги диктант Қозоғистоннинг барча шаҳарларида ўтказилган ва унда 1,5 миллион киши иштирок этган.
Диктант бир вақтда кутубхоналар ва таълим муассасаларининг махсус ажратилган аудиторияларида ўтказилган. Диктант матни 80 та сўздан иборат бўлган, унинг давомийлиги эса 30 дақиқани ташкил қилган. Диктант матни радио орқали узатиб турилган, шу сабабли махсус аудиторияларга кела олмаганлар ҳам диктант ёзиш имконига эга бўлганлар.
Шунингдек, диктантни Қозоғистондаги таниқли ёзувчилар, спортчилар ва арбоблар билан бир қаторда маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамадиўғли ҳам ёзган. Унинг айтишича, вазирлик аҳоли янги алифбога тезроқ кўникиши учун бундай тадбирларни ташкил этишни давом эттиради.
Бир тасаввур қилинг-а. Бизда ҳам шундай тартибда умуммамлакат диктанти тадбири ташкил этилса…
Қанчамиз "беш" оларканмиз?
Аввало клавиатура "шиқир-шиқир"ига ўрганган бармоқларимиз қўлёзмага қовушармикан-а?!
Қанчамизда "ҳуснихат" деган "осори атиқа" қолган бўлса?!
Қанчамиз мактабдаги ўғил-қизимиз (укамиз ё синглимиздан) кўчирар эканмиз?!
Қанчамиз "телефонда ёзиб, SMS қилиб ташласак бўлмайдими?", деб сўрар эканмиз?
Қанчамиз "кирилл-лотин" деган "янги", "инновацион" "алифбо"да ёзар эканмиз?
- Уялиб қолишимиз аниқ, - дейди филология фанлари доктори Хўжамурод Жабборов. - Нафақат ёшлар, ҳатто катта ёшдаги кўплаб давлат хизматчиларининг ўзлари ҳам ҳуснихату имловий саводхонликдан йироқлашиб бораётгани жуда ташвишланарли ҳол. Кўчаларимиздаги одам бўйи ҳарфларда ёзилган шиорлару ялтироқ пешлавҳалардан тортиб, мобиль телефонда ёзаётган SMSларимизгача - хатолардан истиҳола қилмай қўйдик. Устига-устак "икки алифбочилик" ҳам бу қусуримиз тегирмонига сув қуяяпти...
Сўнгсўз ўрнида бир таклиф. Жорий йилда ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган "Мақом-челленж" акциясининг етти ёшдан етмиш ёшгача ўзига тортганига барчамиз гувоҳмиз. Балки худди шу тарзда "Диктант-челленж" флешмоби ёхуд "#diktant yozamiz" хэштегини оммалаштириш керакдир?
Шунда имломиздаги "лолазор"лар салгина камаярмиди? Шунда "тош ва калтак", "дум" ва "шапка" ташвишларидан халос бўлармидик?!
Қанийди бу ташаббусни дастлаб Ёшлар иттифоқидагилар бошлаб беришса...
Нуриддин ЭГАМОВ