Меню

Қашқадарё

02.06.2020 1926

ЛОЛА – РЕСПУБЛИКАДА ИККИНЧИ

Иқтидорлилар – юрт таянчи

Ўқиш, билим ва ҳаракат – бу шиорни қалбига жо қилган киши албатта ўз ниятига етади. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти нефть ва газ факультети 1-босқич талабаси Лола Ҳамдамова “Олий таълим ислоҳотлари: ютуқлар, муаммолар ва ечимлар” мавзусида ўтган республика онлайн танловида инновацион ихтиролар бўйича 2-ўринни қўлга киритди. Лоланинг моторлар тезлигини частотали ростлаш қурилмаси танлов ташкилотчилари ва кузатувчилари эътирофига сазовор бўлди. Мукофот сифатида сертификат ва планшет топширилди.

Лола 1997 йилда Қамаши тумани Чим қишлоғида туғилган, қурилиш коллежининг автомобилларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича техник-механик йўналишини тамомлаган, санъат ва спорт соҳасида ҳам ютуқларга эришган. Моторлар тезлигини ростлагич, масофадан бошқариладиган қурилма, ҳароратни ростлагич каби ихтиролари институт миқёсида эътироф этилган.

Танлов ғолиблари сирасида эътироф этилишига сабаб бўлган қурилма эса маиший техникада (масалан, уйлардаги иситиш, электр печларни совитиш, вентиляция тизимида, чанг юткичларда, тикиш машиналарида, кир ювиш машиналарида, деталларга ишлов бериш станокларида) қўлланилган бир фазали асинхрон моторларнинг айланишлар тезлигини бир маромда ростлаш заруриятидан келиб чиқиб яратилгани билан эътиборлидир. Тезликни бир маромда ростлаш орқали тармоқдаги кучланиш ва ток кучи сакраб ўзгаришининг олди олинади ва моторнинг хизмат қилиш муддати узаяди. Бунинг учун асинхрон моторлар тезлигини ростлашга мўлжалланган махсус регуляторлардан фойдаланилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!