Меню

Қашқадарё

09.07.2021 1750

ЛОЙИҲА ЖОЗИБАДОР БЎЛГАНИ БИЛАН АМАЛГА ОШИРИЛМАСА БЕКОР

Туризм

Эътибор берсак, сўнгги 8 йил ичида Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятини ошириш бўйича Президентнинг кўплаб фармон ва қарорлари, ҳукумат даражасидаги давлат дастурлари қабул қилинибди.

Албатта, ушбу ҳужжатларда белгиланган чора-тадбирлар доирасида вилоятнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Бунга уй меҳмонхонлари очиш, тарихий обидаларни реконструкция қилиш, темир йўл ва автомобиль йўллари   инфратузилмасини яхшилаш, турли халқаро фестиваль ва танловлар ўтказиш ва тегишли ёндош соҳаларда амалга оширилган ишларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Аммо вилоятнинг туризм салоҳиятида мутлақо янгилик бўлиши, нафақат хорижлик сайёҳлар оқими кўпайиши, балки ички туризмнинг ҳам жадал ривожланишига умид уйғотган бир қатор лойиҳаларнинг амалга ошмасдан қолиб кетгани ҳам бор гап.

Қуйида ўз вақтида ОАВда анча шов-шув бўлган, кейинчалик эса рўёбга чиқарилмаган ана шундай лойиҳаларнинг  айримларини ёдга олдик.

Китобда тоғ-чанғи курорти очилмади

2013 йилнинг 1 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг "2013 - 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди (Ҳозир ушбу қарор ўз кучини йўқотган).

Қарор билан тасдиқланган дастурда 80 дан ошиқ лойиҳалар қаторида  Китоб туманининг Мингчинор қишлоғида янги тоғ-чанғи курорти ва канат йўли очилиши ҳақида ҳам сўз борган бўлиб, бу аҳоли орасида ҳам катта қизиқишларга сабаб бўлди. Боиси, тоғ-чанғи курорти вилоятимиз учун янгилик эди ва бундай масканнинг ўзимизда барпо этилиши маҳаллий аҳоли учун ҳам катта қулайлик берарди: иш ўринлари, ҳордиқ дегандай.

Бироқ якунда тоғ-чанғи курорти ҳақидаги гаплар сароб бўлиб чиқди. Лойиҳа қоғоздалигича қолиб кетди. Ўша пайтда масъуллар ушбу  лойиҳа амалга ошмай қолаётгани сабабини ташаббускор чиқмагани, қолаверса, у иқтисодий томондан самара бермаслиги мумкинлиги билан изоҳлашганди.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратайлик, бугун ҳудуднинг ўзидан қанча-қанча одам Тошкент вилоятидаги тоғ-чанғи курортларига бориб, ҳордиқ чиқариб келишмоқда. Нега, улар худди шундай мажмуа анча яқинида бўлса, унга боришмасмиди? Атрофдаги вилоятлар аҳолиси-чи?

Саҳро бўйлаб сайр шунчаки хом-хаёлмиди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28-30 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида 2018-2019 йилларда Қашқадарёда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси билан ҳам танишган эди.

Давлат раҳбарига тақдим этилган лойиҳалардан бири "Саҳродан тоғ музликларига қадар" деб номланган бўлиб, у сайёҳларнинг Муборак туманидаги чўлларда квадроциклда, от ва туяларда саёҳат қилиши, Миришкор туманидаги Сечанкўл атрофида дам олиб, балиқ овлаши учун шарт-шароитлар яратиш каби анча жозибадор чора-тадбирларни ўз ичига олганди.

Ўша пайтда бизга туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё минтақавий бўлими бошлиғи Отабек Олимжонов бу борада аниқ ишлар бошлангани, тез кунларда вилоятимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар ана шундай имкониятларга эга бўлиши ҳақида гапириб берди.

Бироқ орадан уч йил ўтди ҳамки, айтилган ишлардан дарак бўлгани йўқ. Бу орада лойиҳани тақдим этган ташкилот ҳам, шу ишга масъуллар ҳам ўзгариб кетишди...

Амир Темур туғилган қишлоқда фақат фестивал ўтказилди, холос

"2018-2019 йилларда Қашқадарёда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси"даги лойиҳалардан яна бири Соҳибқирон Амир Темур туғилган манзилни туризм масканига айлантириш эди. Унда Амир Темур дунёга келган Яккабоғ туманидаги Хўжа илғор қишлоғида Соҳибқироннинг ёшлик йилларига бағишланган музей экспозициясини ташкил этиш, ёдгорлик ўрнатиш, атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш ва туристик масканга айлантириш кўзда тутилган.

Ўша пайтда расмийлар Хўжа илғор қишлоғидаги Амир Темур музейи уч залдан иборат бўлиши, биринчи хона ўрта асрлардаги анъанавий ўзбек уйи кўринишида бўлса, иккинчи ва учинчи хоналар Темурбеклар оиласи меҳмонхонаси ҳамда саркарданинг оилавий ётоқхонаси тасаввурини берадиган экспонатлар билан безатилиши,  ҳовлисида турли хил мевали ва манзарали дарахтлар экилиб,  уй ҳақиқий ўзбек хонадонини акс эттириши ҳақида маълумот тақдим этишган эди.

Лойиҳада белгиланган вазифалардан яна бири "9  апрель, яъни Амир Темур туғилган куни Халқаро Пресс-клуб билан биргаликда Хўжа илғор қишлоғидан тўғридан-тўғри эфир олиб бориш ва кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказиш" режаси  эди. Амалда ҳам фақатгина шу қисм бажарилди. Амир Темур туғилган маскан эса ҳамон ҳужжатларда жимжимадор қилиб келтирилган, масъуллар ОАВ орқали бот-бот такрорлаган ишларнинг қачон амалга оширилишини кутмоқда.

Кўринадики, жозибадор лойиҳа тузиш, ундай қиламиз-бундай қиламиз, деган баландпарвоз ваъдалар билан ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириб бўлмайди. Бунинг учун аниқ ишлар, узоқни ўйлаб, мукаммал тузилган лойиҳалар ҳамда уларни амалга ошириш учун ҳаракат, масъулият зарур.

Биз бир пайтлар анчагина шов-шув қилинган ва кейинчалик амалга ошмай қолган учта лойиҳа ҳақида гапирдик, холос. Аслида эса бундай лойиҳалар сони жуда кўп топилади вилоятда.

* * *

Дарвоқе, жорий йил 1 мартда Вазирлар Маҳкамасининг "Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди.

Ҳужжатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Қашқадарё ҳудудида туризмни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 200 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни ажратиш белгиланган. Ушбу маблағлар вилоятининг туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, вилоятдаги муҳандислик-коммуникация тармоқларидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашга йўналтирилиши кўзда тутилган.

Энди умид ана шу жамғарма ва унинг ҳисобига келиб тушадиган салмоқлигина пулдан. Зора шу билан депсиниб ётган Қашқадарё туризмини ривожлантириш ишлари жонланиб кетса...

ЖАҲОНГИР тайёрлади

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!