Меню
Қашқадарё
ЛОГИСТИКА МАРКАЗИ ТОМОНИДАН ҲЎЛ ВА ҚАЙТА ИШЛАНГАН МЕВА-САБЗАВОТ ЭКСПОРТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ
Шаҳрисабз шаҳрида “Олчазор импекс” Ўзбекистон-Латвия қўшма корхонаси таъсисчилигида “Шаҳрисабз” логистика марказини ташкил этиш бўйича қилинаётган амалий ҳаракатларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Марказ фаолияти ҳудуддаги анча вақт бўш турган собиқ пиллачилик фабрикаси ўрнида йўлга қўйилмоқда. Тез орада бу ерда мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш ва қабул қилишдан тортиб саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текширишгача бўлган жараёнлар бажарилади. Маҳсулотлар қадоқланиб, ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспортга йўналтирилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда фабрикада мавжуд бино ва иншоотларни таъмирлаш, уларни ишлаб чиқариш объектларига мослаштириш, янгиларини қуриш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Марказ фаолиятини самарали ташкил этишда Президентимизнинг тавсия ва кўрсатмаларига амал қилинаяпти.
- Ушбу ҳудудда бир қанча замонавий қувватларни жойлаштиришни мақсад қилганмиз, - дейди марказнинг ташкилий масалалар бўйича директори Дилшод Ёров. – Жумладан, жорий йилнинг учинчи чорагида 5 минг 350 тонна сиғимга эга совутиш омбори, йилига 1000 тонна мева-сабзавотни қуритиш имконини берувчи ва бир йилда 2000 тонна дуккакли экинларни саралашга мўжалланган цехларни ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур қувватлар энг сўнгги русумдаги, энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланади. Шунингдек, бу даврда марказимизда брокерлик идораси, логистика бўлими ва экспорт мактаби иш бошлайди. Бундан ташқари, 2017 йил охирига қадар интенсив боғ барпо қилиш, иссиқхона қуриш белгиланган. Ушбу йўналишда жаҳон тажрибаси ютуқларидан фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимларини ташкил этиш орқали юқори маҳсулдорликка эришиш ниятидамиз. Бунинг учун бизга туманимиз ҳудудидан 88 гектар ер майдони ажратилди.
Д.Ёровнинг билдиришича, мазкур муддатда яна бир қанча лойиҳаларни ҳам ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Хусусан, марказда мева-сабзавот маҳсулотларини шок музлатиш йўлга қўйилади. Чет элдан келтириладиган махсус линия йилига 6 минг тонна маҳсулотни шу ҳолда музлатиб, узоқ вақт яхши сақланишига кенг шароит яратади. Ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга ошиши учун халқаро молия муассасалари кредитларини ҳам жалб қилиш белгиланган.
Марказ тўла қувват билан ишлай бошлагач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Марказда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш учун зарур маҳсулот вилоятдаги фермер, деҳқон, шахсий томорқа хўжаликлари соҳибларидан сотиб олинади. Бу деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланувчи аҳоли вакиллари учун яхши даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда:марказ қурилиши жараёнидан лавҳалар.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.