Меню

Қашқадарё

30.07.2016 2019

ЛОЧИН - ДЎСТЛАР МАКОНИ

Ушбу сўлим гўша Шаҳрисабз туманида жойлашган. Бу ерда дунё мўъжизаларини томоша қилиш учун турли давлатлар бўйлаб саёҳатга отланиш шарт эмас. Оромгоҳдаги кема, пирамида шаклида бунёд этилган ҳашаматли бинолар, Шаҳрисабздаги Оқсарой, Самарқанднинг Регистон майдонидаги тарихий ёдгорлик мажмуалари, шунингдек, Италиядаги Колизей, Артемида ёдгорликларининг кичрайтирилган кўринишлари, “Донишмандлар хиёбони”, “Эртаклар шаҳарчаси”даги табиат ғаройиботлари, ноёб ўрмон ҳайвонларининг ҳайкаллари бу ерда дам олувчиларнинг мазмунли дам олиши учун хизмат қилади.

Ҳар гал болажонларни қабул қилиб олгач, оромгоҳ бўйлаб “Дўст бўлайлик” тадбири ташкил этилади. Юртимизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган болажонлар дўстлашадилар ва мавсум давомида мароқли ҳордиқ чиқарадилар.

 “Баркамол авлод ёзи” деб номланган 2016 йилги мавсум қизғин ва шукуҳли тарзда ўтиб бормоқда. Оромгоҳда ташкил этилган “Шарқ карвони”, “Шип-шипшоу”, “Сув байрами”, “Марафон”, Менинг кашфиётим”, “Менга қўнғироқ қил”, ”Бешбармоқ” каби бир-бирини такрорламайдиган тадбирлар болажонлар иқтидорини сайқаллаб борса, маънавият соати, давра суҳбатлари, “Заковат” каби интеллектуал ўйинлар уларнинг ақлий қобилиятларини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ўтиб бораётган 4-оқим оромгоҳда “Табиат ва жамият” деб номланди ва болажонларимизга бу ҳақдаги билимлар қизиқарли тарзда ўргатиб  борилмоқда. “Табиатда ўрганамиз - табиат учун ўрганамиз” ўқув дастури доирасида ўтказилаётган тадбирлар ёш эколог-ташаббускорлар ҳамда малакали ўқитувчиларнинг экологик таълим соҳасидаги билимлари, тажриба ва шижоатларини уйғунлаштирмоқда.

Биохилма-хилликни асраш – бу нафақат экотизимни, балки, энг аввало,  инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган табиий муҳитни сақлашдир. Мамлакатимиз ноёб табиий бойликларини асраб қолишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Машғулотлар давомида болалар жонзотлар ҳимоясига бағишланган плакатлар тайёрладилар ҳамда Ўзбекистоннинг ноёб флора ва фаунаси тасвирларини қўллаган ҳолда қисқа театрлаштирилган томошалар кўрсатдилар.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ ёш авлод тарбиясига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани натижасидир. Бизга унутилмас онларни, ширин хотираларни, қувноқ дўстларни ҳадя этган “Лочин” эзгу мақсадларимиз сайқал топаётган маскан сифатида ҳам қадрлидир.

Дилноза ҲАСАН қизи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!