Меню

Қашқадарё

29.10.2019 1735

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГАН ТАШАББУС НАТИЖА БЕРДИ

 

Кичик бизнес

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимизда мустақиллик йилларида шаклланиб, ўтган давр мобайнида  иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларига айланди. Бугун аҳолини иш билан таъминлаш, истеъмол товарлари, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш каби кўплаб йўналишларда айнан улар етакчи.

Мисол учун, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоятимизда ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 61,4 фоизи ана шу шаклдаги субъектлар ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, хизмат кўрсатиш (69,4 фоиз), қурилиш (83,8 фоиз), савдо (88,9 фоиз), қишлоқ хўжалиги (99,7 фоиз)  соҳаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мутлақо етакчилик қилишмоқда. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам уларнинг улуши йилдан-йилга ошиб бораяпти.

Бу албатта, тадбиркорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ. Яъни, давлатимиз томонидан  улар фаолияти ривожи учун яратилаётган шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар ишбилармонларни янги-янги ташаббуслар қилишга ундаётгани сир эмас.

Чироқчилик Аҳрор Усаров ҳам тадбиркорликка қўл уриш,  ички бозорда талабгир бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида эди. Мавжуд қулай бизнес муҳити, бир қатор имтиёзлар унинг ташаббусини амалга оширишида қўл келди.

Жумладан, тадбиркорга туманда янги ташкил этилган кичик саноат зонасидан жой ажратиб берилди. Шунингдек, хориждан зарур технологияни сотиб олиши учун банк томонидан 250 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит тақдим этилди. Натижада ташаббус қисқа муддатда амалга ошиб, қувват ишга туширилди. Айни пайтда у раҳбарлик қилаётган "Paxtakor ko'ktosh" хусусий корхонасида қоғоз чиқиндиларидан салфетка, картон қоғоз ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

- Ишлаб чиқариш йўлга қўйилганига икки ой бўлди, - дейди корхона иш юритувчиси Сардор Бекмирзаев. - Бозорга ўз таклифимиз билан энди-энди кириб бормоқдамиз, аммо маҳсулотларимизга талаб юқорилигига ишончимиз комил. Шу боис, айни пайтда 10 нафар киши билан иш бошлаган бўлсак, тез орада қувватни бир неча баробарга ошириш, ишчилар сонини эса 30 нафарга етказишни мақсад қилганмиз.

Сардор Бекмирзаевнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда корхонада хом ашё сифатида "макулатура"дан фойдаланилмоқда. Жорий йил сўнгига қадар сомон ва ғўзапоядан қоғоз ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсад қилинган. Бу лойиҳа маҳсулот таннархини арзонлаштириш, ишлаб чиқариш қувватини сезиларли равишда ошириш имконини беради.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!