Меню
Қашқадарё
ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБ ҚИЛИНАДИГАН ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ КЎП, БИРОҚ
- Аввало, маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, юридик ёки жисмоний шахсга тегишли талаблар ва шартларга риоя этилган ҳолда муайян фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома лицензия ҳисобланади.
Истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда бозор муносабатларига ўтишга киришилар экан, даставвал ушбу жараённинг ҳуқуқий асослари яратила бошланди. Бу эса ўз навбатида юртимизда тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб берди. Шунингдек, тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган фаолият турлари ҳам кўпайди.
Айни шу ҳолатда фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни қонун билан тартибга солиш зарурати туғилди. 2000 йил 25 майда “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлса, кейинроқ “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги қарор кучга кирди.
Дарҳақиқат, ушбу қарорда 73 та фаолият тури учун лицензия олиш шартлиги белгиланган бўлса-да, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фақатгина тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартибини бузганлик ва автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, кодекснинг 1763-моддасида автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Республика Олий суди томонидан кейинги беш йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ҳуқуқбузарликларига нисбатан қонунни қўллаш амалиёти ўрганилганда, шунга оид 329 та иш судлар томонидан кўриб чиқилгани, бу эса жами тугалланган ишларнинг 0,1 фоизини ташкил этиши аниқланган.
Шу мақсадда Республика Олий суди қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритган эди. Мазкур қонун лойиҳаси шу йил 21 май куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, 16 июнда Сенатга юборилди.
Таъкидлаш жоизки, бунга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун маъмурий жавобгарликнинг умумий нормаси мавжуд эмасди. Бунинг натижасида, кодекснинг 176 ва 1763-моддалари билан қамраб олинмаган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда уларга нисбатан маъмурий жазо белгиланмай қолишига сабаб бўлаётган эди. Кодексда назарда тутилмаган мазкур ҳуқуқбузарликлар такроран содир этилган тақдирда эса Жиноят кодексининг 190-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортиш ҳам мумкин эмасди.
Мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий жавобгарликнинг умумий нормасини белгилаш заруратини амалиётда юзага келган вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу сабабли фақат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартибини бузганлик ва автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учунгина эмас, балки тадбиркорликка алоқаси бўлмаган фаолият турлари билан лицензиясиз шуғулланганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Аниқроқ айтганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи 165-модда тўлдирилиб, шундай ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар ва мансабдор шахсларга жавобгарлик қатъийлаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Яна шуни айтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига маъмурий ишлар бўйича судьялар савдо ёки воситачилик фаолиятини рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаган ҳолда амалга оширганлик учун мазкур кодекснинг 176-моддаси 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши қайд этилган. Аммо 1763-моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқувчи орган ёки мансабдор шахс белгиланмаган. Шу боис мазкур қисм ушбу модда иккинчи қисми талабларидан келиб чиқишини эътиборга олиб, қонун билан кодекснинг 245-моддасига ҳам ўзгартиш киритилмоқда.
Умуман, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши кўзда тутилаётган мазкур қўшимча ва ўзгартишлар моҳият-эътибори билан фуқароларнинг лицензияланадиган фаолият турлари билан қонуний иш юритишини таъминлашга хизмат қилади.
Жавобларни Б.САЙФИЕВ ёзиб олди.