Меню
Қашқадарё
ЛИБОСИНГИЗДА НИМА ЁЗИЛГАН?!
Кийимлар-чи...
Қизиқ буларнинг диди.
Ола-чипор кўйлак...
Нимаси кўркам?
Рост айтсам, унчалик ёқмаган эди
Оталарга бизнинг чарм камзул ҳам...
Ўзбекнинг қадрияти шундай, инсоннинг кийинишига эмас, балки унинг қалбига назар ташлаб, маънавий дунёсига баҳо беради. “Яхшини жанданинг ичида тани”, деган халқ мақоли ҳам шундан келиб чиққандир эҳтимол. Аммо XXI асрга келиб бу қарашлар батамом ўзгарди. Фаровонликнинг ошиб бориши билан инсонларда яратувчанлик иштиёқи ривожланиб боради, бироқ бу ҳиссиёт учун аниқ мақсад бўлмаганда хатога йўл қўйиш ҳеч гапмас. Масалан, бугунги кун замондошларимизга назар солсак, чиройли, бежирим, қулай, қимматбаҳо брендлар, чет элда ишлаб чиқарилган кийимларни кийишга бўлган ҳаракатнинг кучайганлигини кўрамиз. Мутахассисларнинг фикрича, турли ёзувли кийимларни кийиш бетакрор кўринишга эга бўлиш ёки қимматбаҳо брендни кўрсатиш, оммадан ажралиб туриш, севимли фильмларидаги каҳрамонлар билан ўз характери ўртасидаги ўхшашликни намойиш этишга уриниш каби мақсадларни ўзида жамлайди. Оммадан ажралиб туриш хусусиятига эътибор қаратсак, бу кийиниш маданиятида сирлиликка интилишдан келиб чиқишини англаймиз. Сирли бўлишнинг асосини эса кўпинча тушунарсиз урфларга берилиш, ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам тушунмайдиган ёзувлар билан бежалган кийимларни кийиш ташкил этмоқда. Кўпинча, ёзувли кийимни харид қилаётганлар ундаги ёзувнинг маъносини тўлиқ тушуниб етмайди.
Ёзувли кийимлар ҳақида сўз юритар эканмиз, бу тариқа кийимларнинг пайдо бўлиш тарихига ҳам назар солишимиз лозим. Илк ёзувли кийимлар бундан бир неча асрлар олдин Юнонистонда пайдо бўлган. Дастлабки безакли ёзувлар бадавлат хонадон ёки тарихий наслни билдирувчи нақшлар – исм-шарифлар сифатида кийимлар, аксессуар, суратлар, уй жиҳозларига битилган. Бадавлат хонадон эгаларидагина ўз исмини кашта билан кийим ва бошқа жиҳозларга ёзиш урф-одати бўлган. Бу ёзув унинг қайси наслдан эканлигини билдириб турган. Ёзувларни моҳирона ёзиш, безатиш ҳунари эса каллиграфия санъати деб аталган.
Кейинроқ ишчилар кийимларида корхона ёзувлари, хусусий фирмалар брендлари ва харидорни жалб этишга қаратилган, шунингдек, маънавий тарғибот сифатидаги ёзувлар пайдо бўлган.
Бугунги кунда бозорларимизда турли услубларда безак ёки геометрик шаклларга мослаб, шунингдек, оддий сатрда ёзилган кийимларни кўплаб учратиш мумкин. Чет элларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ичида ҳам футболка ва бош кийимларидаги кўплаб ёзувларга кўзимиз тушади. Улардан айримлари шу кийимни ишлаб чиқарган фирма номини англатса, яна баъзилари узундан-узоқ жумлалардан ташкил топади ёки ёрқин рангда битилган бир, икки сўздан иборат бўлади ва албатта, ўз маъноси ҳамда мақсадига эга. Ҳозирги кунда маънавиятимиз кушандасига айланаётган “оломонча маданият” унсурларининг кўпчилигини айни шу кийимлардаги ёзувларда кўришимиз мумкинлиги эса ташвишланарли ҳолдир.
Тўғри, ҳамма ўзига ёққан кийимни харид қилади, қандай кийим кийиш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Бироқ билиб-билмай, миллий маънавиятимизга мос келмайдиган ёзувли либосларни эгнимизга кияр эканмиз, бу либослар миллий менталитетимизга, анъана ва қадриятларимизга тўғри келадими, йўқми, бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрганимиз маъқулроқ. Бир танишим бу ҳақида қизиқ воқеани сўзлаб берди:
- Қиш фасли эди. 8-синфда ўқийдиган қизимга бош кийими харид қилиш учун бозорга бордик. Бир четида чиройли ёзуви бор, кўк рангдаги шарфли шапкани олмоқчи бўлдик. Сотувчи қиздан “Шапкада нима деб ёзилган?” деб сўрасам, у “Мен гўзалман”, деб ёзилган”, деди. Қизим инглиз тилидан қўшимча дарсларга қатнаётган эди. Шарфни олиб, яхшилаб ўқиб кўрди ва унда “мен ёлғизман”, деган жумла ёзилганини айтди. Сотувчи қизга савол назари билан қарасам, “билмасам, бир ўртоғим шунақа деган эди-да”, деди узр сўрагандай бўлиб. Хуллас, ўша бош кийимини олмадик. Излаб-излаб, ёзуви бўлмаганини харид қилдик...
Бу воқеани эшитганимдан кейин менда қизиқиш уйғонди ва қаерда ёзувли кийимларни кўрсам, уларнинг маъносини сўрайдиган бўлдим, баъзан луғатлардан қидириб топиб, таржимасини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрдим. Кичкинагина “тадқиқот”им натижасида шунга амин бўлдимки, бу ёзувларнинг асосий қисми ғарб маданиятини тарғиб қилувчи сўзлар бўлиб, инсонни енгил яшаш, фақат ўзини севишга ундар экан, баъзан эса бу ёзувлар кишига зўравонлик кайфиятини ҳам беради. Бир кийимда, масалан, “Сен биз билан ўтиролмайсан” деб ёзилган, яна бирида эса “Бошлиқ ҳамиша ҳақ” деган гап зарб қилинган. Ҳатто “Иккинчи исмим шоколад” ва “қидирилмоқда” деган маънони билдирувчи ёзувларни ҳам кўришга муваффақ бўлдим. Яна шундай ёзувли кийимлар ҳам борки, улар англатадиган маъно бизнинг ўзбекона анъаналаримизга умуман тўғри келмайди.
Албатта, либос инсонни гўзал қилади, бироқ агар биз чиройли, ҳурматга лойиқ кўриниш истагида бўлсак, албатта, кийинишимиз миллий маънавиятимиз, миллий эътиқодимизга мос бўлсагина ярашиқли бўлади. Нима бўлганда ҳам турли ёзувли кийимларни кийиш, либос билан нимагадир эришишга ҳаракат қилиш ўзбекнинг ҳаёт тарзига мос эмас. Қолаверса, Мавлоно Румийнинг “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл” деган нақли бугунга келиб ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган.
Гулчеҳра АЛИҚУЛОВА,
журналист