Меню
Қашқадарё
ЎЛГАННИНГ УСТИГА ТЕПИШДИМИ?
Ёхуд аввалдан хароб ҚВП энди томсиз ҳам қолди...
Фотонигоҳ
Суратдаги манзараларни кўриб, эҳтимол бу жой аллақайси замонлардан қолиб кетган хароба бир жойдир, тез орада бузиб ташланса керак, бузилишидан аввал фототасвирга муҳрланибди-да, деб ўйлаётган бўлсангиз керак. Шундай ўйлашингизга асос ҳам етарли аслида: бинонинг томи йўқ, ички деворлар нураб ётибди, деворлар ўпирилган, ойналар синган, хуллас абгор бир ҳолат...
Агар сизга бу ерда қишлоқ врачлик пункти жойлашган ва ўн минглаб аҳолига хизмат кўрсатилади, десак ҳайратдан ёқа ушлашингиз ва ўша машҳур фильмдаги ибораларни такрорлашингиз табиий: "Бўлиши мумкинмас, бўлиши мумкинмас..."
Афсуски, шундай. Ҳар қанча абгор бўлишига қарамай, буёқда қиш эшик қоқиб турганда томсиз бир алфозда турган иморат - Ғузор туманидаги Қовчин қишлоқ врачлик пункти биноси. Айтишларича, мазкур врачлик пунктида шу яқин-атрофдаги 5 та қишлоқ - Араб, Паст Қовчин, Дўнг Қовчин, Қоратикан ва Кескак аҳолисига хизмат кўрсатилар экан.
Энди бир ўйлаб кўринг: ҳаво совиб, турли касалликлар авжига чиқадиган бир шароитда, бунинг устига коронавирус деган балойи бад ҳали қадамини узмаган бир вазиятда, одамлар саломатлигига дахлдор муассаса нега бундай қаровсиз бўлиб ётибди?
- Ўтган йили ёзда таъмирлаш ишлари бошланган эди, - дейди ҚВП мудираси Дилбар Ўжарова. - Томни очиб, река, "страпила" олиб келишди, ўрнатишди, озроқ вақтдан кейин эса қўпориб олишди. Кейин ҳаммаси шу ҳолича қолиб кетди. Бу бўйича туман ҳокимига мурожаат қилгандик, яқин-орада таъмирланишини маълум қилишди.
Айтишларича, 2 қаватли мазкур бино ўтган аср 90-йиллари бошида қурилган, 1998 йилда Ғузор тумани саломатликни қайта тиклаш шифохонасига айлантирилган, 2008 йилда эса ёпилиб, шу ердаги амбулатория ихтиёрига берилган. Айни пайтда 50 қувватга мўлжалланган ҚВП "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бироқ томдан чакка томиб, электр симлари сабаб хавф туғилаётгани боис бинонинг бир қисмида деярли иш бўлаётгани йўқ.
- 2017 йилдан бери тез ёрдам шохобчасида навбатчи диспетчер бўлиб ишлайман, - дейди Миразим Эргашев. - Шохобчамизнинг ўзида 50 киши, ҚВПдагилар билан қўшиб ҳисобласа, 150 дан ортиқ ходим фаолият кўрсатади. Лекин бунча ходимнинг аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиши учун деярли шароит йўқ. Ёғингарчилик бўлса, тепадан сув томиб туради, ҳаво қуруқ вақтлари нураган оҳак қордай уваланиб ётади. "Тез ёрдам"дагилар 2 та хонада жойлашганмиз, ҳаво совуқ вақтлари ток печка қўшиб жон сақлаймиз.
Диспетчернинг айтишича, тез ёрдам шохобчасини таъмирлашга дастлаб 22 миллион сўм маблағ ажратилган, бироқ қурувчилар келиб, оҳак устидан шпаклёвка, эмульсия суртиб кетган, холос. Кейин яна бино ичкарисидаги полни, иситишга мўлжалланган трубаларни қўпориб, тез ёрдам шохобчасига айвон тиклаб беришган... Вақт ўтиб эса ҚВПнинг "томи кетиб қолган..."
Албатта, бу каби ҳолатлар тиббий хизмат сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Одамлар бу ердаги хизматдан мамнун эмас.
- Онам қандли диабет билан оғриган, доимий қаровга муҳтож, ўзимиз ҳам грипп бўлиб бу ерга келсак, дўхтир бўлмайди, - дейди Муҳаббат Суярова. - Шароитларни тузуклашса, яхши бўларди. Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади, шундай вақтларда ҚВПдагилардан ёрдам кутамиз.
Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, ҚВПда бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари нега бошланмай туриб поёнига етди? Бунга ким ёки қандай омил халал берди?
- Ўтган йили бу ерда 293 миллион сўмлик ишлар бажарилиши кўзда тутилган эди, - дейди "Улкан давр сифат" МЧЖ иш юритувчиси Илёс Худойқулов. - Бундан фақат том қисмини очишга улгурдик, лекин шу қилинган иш учун ҳам 1 сўм тўлаб берилмади. Бажарилган ишни текшириб, "26 миллион сўмлик иш қилгансизлар" деб кетишди, лекин шуям берилгани йўқ. Шу сабаб "ремонт" ҳам тўхтаб қолди.
Бино таъмирга муҳтож, қурувчиси аниқ экан, нега ишлар бевақт тўхтаб қолди? Ҳар ҳолда "Қиш ғамини ёзда е" деган нақл бежиз айтилмаган...
- Юқумли касалликлар шифохонаси, 150 ўринли Ковид-19 маркази учун кўп маблағимиз кетиб қолди, - дейди Ғузор тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Зоҳиджон Зокиров. - Шунинг учун Қовчиндаги ҚВП биносининг бу йил фақат том қисмини ёпамиз, тўлиқ таъмир келаси йилга қолади. Ҳали ҳужжатларини тўлиқ тайёрламай туриб, тўғридан-тўғри шартнома қиламан, деб қурувчилар бино устини очиб ташлаган. Улар бу билан бизга "100 сўмлик ишни 300 сўмга" туширди. Ҳали олдинда 19 та мактабни қишки мавсумга тайёрлаш вазифаси ҳам турибди.
Демак, икки оёқ бир этикка тиқилган бир шароитда ҳокимият бу йил ҚВП учун катта харажат қилолмайди, шундай экан, қурувчиям тайинли иш бажаролмайди, улар бир ёқадан бош чиқаргунча эса ҳаминқадар шароитдаги дўхтирлару касалига даво истаган аҳоли вакиллари жабр чекиб туради. Айни вазият шунга далолат қилмоқда...
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.