Меню
Қашқадарё
ҚЎЛБОЛА ЖУВОЗ, СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТ
Ҳолатларни таҳлил қиладиган бўлсак, Чироқчи тумани Сувлиқ қишлоғида яшовчи фуқаро А.К. яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик хоналарида яширин равишда 2 дона қўлбола усулда тайёрланган чигит ва зиғир донини қайта ишлайдиган цех ташкил қилган. Умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, чигит ва зиғир донидан ёғ ҳамда кунжара маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.К.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликлари ўзи ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 2 дона қўлбола усулда тайёрланган жувоз, 70 килограмм чигит, 195 литр ёғ, ҳаммаси бўлиб, 17 турдаги жами 7 миллион 789 минг 190 сўмлик маҳсулот тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида процессуал расмийлаштириб олинган.
Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг хулосасига кўра, А.К.нинг яшаш уйидан олинган қўлбола усулда ишлаб чиқарилган чигит ва зиғир донидан олинган ўсимлик ёғининг органалептик хусусиятлари ва кимёвий кўрсаткичлари санитария-гигиенавий жиҳатдан хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, инсон саломатлигига, ошқозон-ичак, ошқозон ости бези, ўт пуфаги ва жигар тизимига салбий таъсир кўрсатиши, истъемолга яроқсиз эканлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, фуқаро А.К. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” талабларини қўпол равишда бузган. Яъни у яшаш хонадонининг ёрдамчи хўжалик хонасида ўрнатилган қўлбола усулда тайёрланган 2 дона электр мой жувоз ва кунжарани майдаловчи ускунани умумий фойдаланишдаги электр тармоғига яширин равишда ўзбошимчалик билан улаган. Натижада 2016 йил 1 апрелдан 2016 йил 30 октябрга қадар 103680 кВт/соат ва 2017 йил 1 апрелдан 2017 йил 21 октябрга қадар 98496 кВт/соат, жами 202176 кВт/соат электр энергиясидан фойдаланиб келиб, давлат ва жамоат манфаатларига 41 миллион 304 минг 556 сўм миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Чироқчи тумани бўлими томонидан фуқаро А.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1862-моддаси 1-қисми ва 1852-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилигига кўра, Чироқчи тумани ИИБ ТБга юборилди.
Шунингдек, Косон туманида ўтказилган назорат тадбири давомида ҳам юқоридаги каби ҳолатга дуч келдик. Аралиқ маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Д. яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида яширин равишда қўлбола цех ташкил қилгани маълум бўлди. У чигитдан ёғ ҳамда кунжара маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган.
Назорат тадбири давомида ундан бир дона 20 минг сўмлик темир бочка, бир дона 700 минг сўмлик двигатель, бир дона 50 минг сўмлик редуктор, бир дона 12 минг 300 сўмлик жувоз мосламаси, 305 килограмм (177 минг 592 сўмлик) чигит ҳамда 225 килограмм (292 минг 500 сўмлик) кунжара, жами 1 миллион 252 минг 392 сўмлик маҳсулот ва ускуна далилий ашё сифатида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Вилоят Давлат санитария ва эпидемиология назорати марказининг хулосасига кўра, Ж.Д.дан олинган 50 литр ўсимлик ёғи санитария-гигиенавий жиҳатдан хавфсизлик мезонларига умуман мос эмаслиги, давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Косон тумани бўлими томонидан фуқаро Ж.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1862-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилигига кўра, Косон тумани ИИБ ТБга юборилди.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳалоллик халқимизда ҳар доим қадрланади. Унутмайлик, электр энергияси, табиий газ бизга олдиндан бериб қўйилган қарз. Бу масъулиятни англаб, олган маҳсулоти ҳақини ўз вақтида тўлаб қўйган шахс ҳеч қачон ютқазмайди.
Анвар БЕККУЛОВ,
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бош тафтишчиси