Меню
Қашқадарё
ЛАНГАР ОТА ЗИЁРАТГОҲИ ЯНАДА ОБОД ГЎШАГА АЙЛАНМОҚДА
Эзгу ташаббус асосида
Қамаши туманидаги Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисликда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғидаги ўзига хос водийда жойлашган Лангар ота зиёратгоҳи мозийшуносларнинг гувоҳлик беришича, милодий 1520 йилларда бунёд этилган. Ўрта асрлар Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб намунаси бўлган ушбу хонақоҳ-мақбарада тасаввуф таълимотининг йирик вакиллари абадий қўним топган.
Яна бир эътиборга молик жиҳати, бу ерда арабий ёзувнинг кўфий усулида жайрон терисига битилган қадимий Қуръон нусхаси сақланади.
Зиёратгоҳ ҳақида биринчи марта рус ҳарбий муҳандиси Кастальский илмийликка яқин баҳо берган бўлиб, унинг Лангарда олган фотосуратлари 1888 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи Туркистон фотокўргазмасида намойиш этилган. Шундан сўнг қишлоққа келган рассом Б.Литвинов таассуротларини жамлаб, мақола ёзади ва 1910 йили "Туркестанские ведомости" газетасида чоп эттиради. Бундан ташқари, XX аср 30-йилларида археолог С.Кабанов, 60-йилларида М.Массон зиёратгоҳ ва Лангар шайхлари ҳаётига оид кўплаб маълумотлар тўплайди.
Кўриниб турибдики, Лангар ота зиёратгоҳи маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эътиборини ўзига жалб этиши тайин. Бироқ мақбарада охирги таъмирлаш ишлари бажарилганига анча бўлиб қолган. Қолаверса, зиёратгоҳга бориш йўли ва кўприклар ҳам таъмирталаб аҳволга келган. Агар бу ишлар ўнгланса, сайёҳлар келиб-кетишга қийналмайди, уларнинг ташрифи қишлоқ аҳолиси учун ҳам анча манфаатли бўлади. Чунки хизмат кўрсатиш, савдо фаолияти кенгайиши янги иш ўринларига замин ҳозирлаши шубҳасиз.
Бир муддат аввал вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Лангар ота зиёратгоҳида бўлиб, ушбу муқаддас қадамжони янада обод қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди.
Шундан сўнг ишлар жадаллашиб, масжидни таъмирлаш учун хайрия акцияси эълон қилинди. Тарихий обиданинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшишни истаган савобталаб инсонлар ва саховатли тадбиркорлар бирин-кетин маблағ ўтказиш ишларини бошлаб юборишди ва бугун зиёратгоҳда ишлар айни авжида.
- Мақбара жойлашган тепаликкача бўлган 380 метрлик йўл аввал тор ва таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди, - дейди зиёратгоҳ раҳбари Оқилхон Аҳмедов. - Ҳозир шу йўл кенгайтирилаяпти, чеккасида ёғин сувлари зарар етказмаслиги учун тоғ тошлари ётқизиб чиқилаяпти. Мақбара атрофи кўкаламзорлаштирилди, дам олиш, Қуръон тиловат қилиш учун айвон, қурбонликлар учун қассобхона қуришга киришилди. Насиб этса, бу ер обод, зиёратчилар қадами аримайдиган манзилга айланади.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.